Куни кеча Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилди. Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 11 ноябрь кунги 193-сон фармонига асосан, рўйхатга қуйидаги 19 та фаолият тури қўшилди:
қайта ишланган жундан кийимлар ва бошқа буюмлар тўқиш;
уй шароитида лойдан тандир тайёрлаш;
атлас ва адрас тўқиш;
майда мунчоқ (бисер) тикиш;
дўппидўзлик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш;
темирчилик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш;
асаларичилик, шунингдек, асалари уяси ва рамкаларини ясаш;
қуроқчилик усулида кўйлак, кўрпа ва ёпинчиқлар тикиш;
қўзиқоринларни териш, уй шароитларида етиштириш ва сотиш;
пичоқ тайёрлаш, чархлаш ва сотиш;
қоғоздан қутилар, бандероллар тайёрлаш;
уй шароитида иссиқхона маҳсулотларини етиштириш;
тайёр маҳсулотга этикетка бириктириш;
уй шароитида болалар ўйинчоғи ишлаб чиқариш;
уй шароитида супурги етиштириш ва тайёрлаш;
ясси оёқли болалар оёқ кийимларини тайёрлаш;
миллий тақинчоқлар ясаш;
кандакорлик, мискарлик буюмларини уй шароитида тайёрлаш;
дағал жундан гилам, кўрпа ва ёстиқ тайёрлаш.
Шу тариқа, ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият турлари рўйхати 101 та бандга етди.
Шу ўринда савол туғилиши табиий: ўзини ўзи банд қилиш мақоми нимани англатади? Ўзини ўзи банд қилишнинг қанақа фойдалари бор? Қандай солиқ ва мажбурий тўловларни тўлаш керак? Ойлик даромад бўйича чекловлар мавжудми?
Буни билишингиз шарт!
Ўзини ўзи банд қилган шахслар – ўз ишини ўзи топиб, уни ўзи бажариш орқали даромад кўрадиган жисмоний шахслардир. Репетиторлар, энагалар, сантехниклар, электрчилар, сартарошлар, курьерлар, автомобиль ювувчилари, ҳунармандлар, фаррошлар, тикувчилар, дастурчилар ва яна кўплаб касб эгалари ўзини ўзи банд қилувчилар бўлишлари мумкин.
Уларнинг фаолияти «Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом» билан тартибга солинади. Ҳозирги кунда 101 турдаги фаолият билан ўзини ўзи банд қилиш мумкин. Хоҳишга кўра, уларнинг бир нечтасини бирваракайига танласа бўлади.
Асосий иш жойи бўла туриб ҳам ўзини ўзи банд қилиш мумкинми?
Асосий иш жойида меҳнат шартномаси бўйича ишлаб, бир вақтнинг ўзида ўзини ўзи банд қилиш ҳам мумкин. Асосийси, асосий ишдаги фаолият тури ўзини ўзи банд қилиш учун рухсат берилган фаолият турлари рўйхатига кирмаган бўлиши керак. Масалан, кун бўйи меҳнат шартномаси асосида котибалик билан шуғулланиш, кечаси ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида матн ёзиш бўйича хизматларни кўрсатиш мумкин.
Ўзини ўзи банд қилиш мақомини олиш қанчага тушади?
Ўзини ўзи банд қилиш учун тўлов йўқ. Бунинг учун икки йўл билан рўйхатдан ўтиш мумкин. Биринчиси, туман солиқ инспекциясига мурожаат қилинса, ходим анкета тўлдиради. Ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети ёки ДСҚнинг «Soliq» мобиль иловаси орқали мустақил равишда рўйхатдан ўтиш мумкин. Жараён 30 дақиқадан кўп вақт олмайди. Чекланмаган муддатга рўйхатдан ўтилади. Анкеталар тўлдирилганидан кейин ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисида маълумотнома берилади.
Ўзини ўзи банд қилиш сизга нима беради?
Ўзини ўзи банд қилишнинг фойдали эканига бир қанча сабаблар бор. Аввало, уйдан ишлашнинг қонуний имконияти. Ўзини ўзи банд қилганлар солиқ текширувлари, жарималар ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти бўйича айбловлардан қўрқмасликлари мумкин. Пенсия ҳақида қайғурмаса ҳам бўлаверади. Негаки, ўзини ўзи банд қилганларнинг иш стажи ҳисобланаверади, шунинг учун кексаликда кафолатланган пенсия нақд деб ҳисоблаш мумкин.
Шунингдек, бундай шахслар истеъмол кредитлари, имтиёзли қарзлар олиш, шунингдек, солиқ имтиёзларини қўллаш мумкин.
Даромад солиғи ёки бошқа йиғимлар йўқ. Бир йилда БҲМнинг 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш кифоя.
Ўзини ўзи банд қилувчилар учун меҳнат шартномаси, раҳбар ва қатъий иш жадвали йўқ. Севимли иш билан хоҳлаган вақтда шуғулланиш ва бундан қонуний даромад олиш мумкин.
Бундан ташқари, мижозлар базасини кенгайтиришда ҳам бир қанча қулайликлар мавжуд. Ўзини ўзи банд қилган шахслар юридик шахслардан пул ўтказиш йўли билан тўловларни қабул қилиш учун банкда осонгина ҳисоб очишлари мумкин. Бундан ташқари, давлат рўйхатидан ўтказилганлик шериклар орасида ишончни уйғотади. Энг асосийси, ўзини ўзи банд қилганлар якка тартибдаги тадбиркорлар сингари бухгалтерия ҳисобини юритиш, ҳисобот юбориш ёки солиқ декларациясини топширишлари шарт эмас. Даромад ва харажатларни ихтиёрий равишда Солиқ иловасида тўғридан-тўғри кузатиб боришлари мумкин.
Қандай солиқ ва мажбурий тўловларни тўлаш керак?
Ўзини ўзи банд қилиш фаолиятидан олинган барча даромадлар жисмоний шахслар даромад солиғига (ЖШДС) тортилмайди: қанча топса ҳам ўзида қолади. Бир йилда бир марта БҲМнинг 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлашнинг ўзи кифоя қилади. Тўловни ҳар қандай тўлов тизими орқали амалга ошириш мумкин. Ўзини ўзи банд қилувчилар ҳеч қандай суғурта ва бошқа йиғимларни тўламайдилар. Ўзини ўзи банд қилганларнинг рухсат берилган фаолият турлари рўйхатидаги фаолиятдан олинган даромадларигина жисмоний шахслар учун даромад солиғи тўлашдан озод қилинади. Агарда даромад бошқа фаолият туридан олинган бўлса, улардан ЖШДС тўлаш керак бўлади.
Касал бўлганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда ўзини ўзи банд қилганлар учун даволаниш ва меҳнат таътиллари йўқ. Касал бўлиб қолса ва маълум бир муддат ишлай олмаса, ҳеч ким йўқотилган пулларни тўлаб бермайди. Меҳнат фаолиятини узоқ муддатга тўхтатиш керак бўлиб қолса, бу ҳақда солиқ органини огоҳлантириш керак бўлади. Шундан кейин ишламаган вақтлари учун ижтимоий солиқни тўламаса ҳам бўлади. Бу вақт давомида иш стажи ҳам ҳисобга олинмайди.
Ойлик даромад бўйича чекловлар, иш стажи…
Ўзини ўзи банд қилганларда ойлик ёки йиллик даромад бўйича ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Ўзини ўзи банд қилувчи сифатида ойига 10 млн сўм ишлаб топсангиз ҳам, ҳеч ким фаолиятингизни тўхтатиб, ЯТТ ёки МЧЖ очишга мажбурламайди.
Иш стажи жараёнида эса солиқ органлари ходими ўзини ўзи банд қилган шахсни рўйхатга олаётганда у ҳақдаги маълумотларни ДСҚнинг ўзини ўзи банд қилган шахслар маълумотлар базасига киритади. Кейинроқ уни Ягона миллий меҳнат тизимига (ЯММТ) интеграция қилади, шунинг учун иш стажи расман ҳисобланади. Бироқ иш стажи ҳисобга олиниши учун ижтимоий солиқ тўланиши лозим. Тизим оддий: йил учун солиқ тўланса, бир йиллик иш стажи ҳисобга олинади.
Агар сиз ушбу мақомдан воз кечмоқчи бўлсангиз, исталган вақтда фаолиятни тўхтатиш мумкин. Бунинг учун «Soliq» мобиль иловаси орқали солиқ органини хабардор қилиш керак бўлади. Буни фаолиятни тўхтатгунга қадар амалга ошириш лозим. Кейинроқ солиқ органлари ходимлари ўзини ўзи банд қилиш мақомини ДСҚ базасидан ўчиришади.
Шаҳруза САТТОРОВА
тайёрлади.