Юртимизда бу йил ҳам аномал совуқ кузатиладими?
Ўтган йили ҳаво ҳарорати кескин совиб, кўплаб соҳалардаги муаммолар бўй кўрсатиб қолди. Айниқса, электр энергияси, иситиш тизимидаги муаммолар бутун қиш давомида кўпчиликни ҳолдан тойдирди.
Энергетика тизимига юкламалар тобора ошса ошмоқдаки, асло камаяётгани йўқ. Соҳада кескин, яхши томонга ўзгаришларни ҳам кўрмаяпмиз. Кўпчиликнинг умиди – ўтган йилги каби қора совуқ (замонавийчасига айтганда «аномал») яна такрорланмасин, қишнинг оғир синови халқимизни синамасин. Аммо қиш – қиш-да, қаҳратоннинг бир кунидан ҳам қўрқ, деган ибора бор халқимизда.
Эътибор берган бўлсангиз, куз фасли охирламасдан ҳавонинг авзойи бузила бошлади. Буни куни кеча бўлган ёғингарчиликлардан ҳам сезиш мумкин. Хўш, юртимизда бу йил ҳам ўтган йилгидек аномал совуқ кузатиладими? Ҳаво ҳарорати кескин тушиб одамлар бу йил ҳам совуқ ортидан келадиган муаммолардан азият чекадими?
– Бу йилги қиш ойлари учун кутилаётган об-ҳаво прогнозлари ҳақида айтиш мумкинки, 2023-2024 йил қиш мавсумида 2023 йил январдаги каби жуда паст даражадаги аномал совуқ ҳарорат кутилмалари ҳозирча мавжуд эмас, – дейди Гидрометеорологик таъминот бошқармаси бошлиғи Азимжон НАРЗУЛЛАЕВ. – Аммо шимолдан тўйинган совуқ антициклонлари минтақага кириб келиши жараёнида мамлакатимиз ҳудудининг катта қисмида ҳарорат -7 дан -12 даражагача, шимолда -17...-22 даражагача пасайиш тўлқинлари вужудга келиш эҳтимоли бор.
Гидрометеорология бошқармаси мутахассисларининг маълумотларига кўра, жорий йил қиш ўтган йилдагидек одамларни қаҳратон совуғи билан қўрқитмайди. Аммо ўтган қиш фаслида об-ҳавонинг кескин равишда совиб кетиши боис энергетика тизимига юкламалар кескин ортди. Ортиқча босим оқибатида соҳа инфратузилмасига жиддий путур етди, трансформаторлар ва ўтказиш линиялари ёниб кетди, подстанциялар ишдан чиқди. Бунинг эвазига қиш фасли келар-келмас яна энергитика тизимимизда муаммолар учрамоқда.
Бир ёқдан одамларнинг уйларида электр энергияси билан боғлиқ узилишлар кузатилаётган бўлса, бир ёқдан катта катта ташкилоту савдо мажмуаларида ҳам электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бўй кўрсатмоқда.
Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида республика миқёсида 748 та трансформатор алмаштирилган, 7 548 та трансформатор таъмирдан чиқарилган, 2 940 км ўтказиш линиялари янгиланган, 22 112 км электр узатиш тармоқлари таъмирланган, 1 257 та подстанция эса юқори технологик усулда қайта жиҳозланган. Масъулларнинг таъкидлашича, бу йилги қиш ўтган йилгидек қаҳратонли бўлган тақдирда ҳам кўрилаётган чоралар натижасида чуқур энергетик инқироз юз бермаслигини таъкидлашмоқда.
Аҳоли, ташкилот ва корхоналарнинг сони йилдан-йилга кўпайиб бориши натижасида нафақат қиш мавсумида, балки ёзда ҳам энергетика тизимига юкламалар кескин ортиши кузатиляпти.
Иситиш тизимимизнинг озгина юкламага бардош беролмасдан ишдан чиқиб қолганини ўтган йилги аномал совуқда гувоҳи бўлдик.
Тизимдаги эски технологиялар, қолаверса алмисоқдан қолиб кетган эски қувурлар совуқда музлаб ёрилиб кетиши оқибатида қанча одамлар ўтган мавсумда иссиқлик таъминотисиз қолишди.
Бу йилги мавсумда ҳам ўтган йилгидаги каби муаммолар кузатилмаслиги учун носоз ҳолга келиб қолган техникаларни янгилаш ва тизимда шаффофликни таъминлаш зарур. Йўқса, яна оддий халқ совуқда электр энергиясиз, иссиқлик таъминотисиз, кундалик ёқилғисиз қолади. Энергетика тизими бутунлай ислоҳ қилиниши зарур.
Мансурбек ЖАББОРОВ,
«Oila va TABIAT» мухбири
Обод маскан мусаффо муҳитдан бошланади
🕔11:43, 20.08.2026
✔78
Мустақиллик – халқимизнинг энг улуғ ва бебаҳо қадрияти. У бизга ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш, миллий тараққиёт йўлидан дадил бориш, юртимизни бунёдкорлик ва фаровонлик масканига айлантириш имконини берди.
Батафсил
Меҳрга интилган беозор жонзотлар
🕔16:33, 06.08.2026
✔257
Мушуклар қулоқларини 180 даражагача айлантира олади, уларнинг эшитиш қобилияти эса инсонникидан камида беш баравар юқори.
Батафсил
«Табиий» деган ёрлиқ остидаги катта хавф
🕔13:25, 20.07.2026
✔442
Ўзбекистон Экологик партияси органик маҳсулотлар етиштириш, халқимиз эҳтиёжини экологик тоза маҳсулотлар ҳисобига қоплаш масаласи учун доимий курашиб келмоқда.
Батафсил