Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ЎҚИТУВЧИНИНГ ФАРЗАНДИ

Бунинг масъулияти бежиз катта эмас

Одамлар «Фалончи муаллимнинг ўғли ёки қизи» дейди.

Ўқитувчининг боласига ҳар доим 

тенгдошларидан кўра кўпроқ масъулият юкланади.

ЎҚИТУВЧИНИНГ ФАРЗАНДИ

У ҳаммадан одобли, мактабда тартиб-қоидага доимо риоя қилиши, энг муҳими, яхши ўқиб, аълочи бўлиши шарт. Қолганлар бир айб қилса, кечирилиши, унутиб юборилиши осон. Аммо ўқитувчининг фарзанди қилган яхши ишни ҳам, ёмон ишни ҳам одамлар анча пайтгача эслаб юради.

Менинг онам ҳам ўқитувчи. Эсимни танибманки, зиммамда шу масъулият. Бунга илк бор олти ёшимда мактабга бориб, «Мен ҳам ўқийман», дея хархаша қилганимда дуч келганман. Рўйхатда йўқлигим сабаб дарсга киритишмаган. Табиийки, мактабни «бошимга» кўтариб, тўполон қилганман. Шунда ичкаридан ёши улуғроқ бир киши чиқиб, «Сен фалончи муаллимнинг қизисан-а?» дея сўради. Умид билан бошимни силкидим. «Ўқитувчининг қизи кўчада хархаша қилса, уят бўлади. Йиғлама, кейинги йил, албатта, ўқийсан», деди қатъий оҳангда...

Биринчи синфга чиққанимда эса худди шу киши менинг биринчи устозим бўлган. Раҳматли Жўравой Нишонов ҳар биримизга алоҳида эътибор бериши, оилавий аҳволимиздан, шарт-шароитимиздан хабардорлиги, керак пайтда беминнат қўллаб-қувватлаши туфайли ҳаммамизнинг жажжи кўнглимиздан жой эгаллаганди. Парталарга ўтқизар экан, айтган гаплари мен учун дастуриламал бўлиб қолди.

«Сен муаллимнинг фарзандисан, аъло баҳога ўқишинг шарт. Бошқаларга ўрнак бўлиш сенинг вазифанг», деган эди. Аввалдан онамни қўярда-қўймай, ўқиш-ёзишни ўрганиб олганим учун тенгдошларимдан анча олдинда эдим. Уларга ҳарфларни ёзишга ёрдам бериб, бўғинлаб ўқиса, хатоларини тўғрилаб турар эканман, қалбимда ўзгача ғурур уйғонар эди. Гўёки улкан бир вазифани амалга ошираётгандек ҳис қилардим ўзимни. «Ўқитувчининг қизи» деган номни оқлаётгандек бўлар эдим.

Бу орада бошланғич синфни тугатиб, 5-синфга ўтдик. Тақдирни қарангки, синф раҳбаримиз — онам. Ўшанда бу менга икки ҳисса масъулият юклашини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Энди мендан ўқишда биринчи бўлишдан ташқари, ҳам одоб-ахлоқда, ҳам синф ва жамоат ишларида фаоллик талаб этиларди. Кимдир навбатчилик қилмаса, гап эшитмаслиги мумкин, аммо мен гулларга сув қуймасам ёки доскани артмасам ҳам дарров танбеҳ эшитардим. Ўқитувчилар ҳам онамни танигани боис, ҳар бир мавзуни атай мендан сўраётгандек туюларди. 

Бир гал адабиётдан берилган шеърни ёд олмай келганим учун ўттиз нафар боланинг ўртасида роса пўстагимни қоққан устозим охирида шундай деди: «Агар сен шундай бўлсанг, қолганлардан нимани ҳам кутаман? Ўқитувчининг қизи бўла туриб...». Бу гап жон-жонимдан ўтиб кетди. Энди нафақат ўзим учун, балки онамнинг обрўйини сақлаш учун ҳам синфнинг олди бўлишга, ҳар бир фандан тенгдошларимдан кўра яхшироқ ўқишга интилар эдим.

Эсимда, бир куни иссиғим чиқиб, уйга вазифа қилиб берилган янги сўзларни ёдлай олмадим. Аҳволимдан хабардор бўлса ҳам эртасига чет тили дарсида онам мени ўрнимдан турғизиб, янги сўзларни ёддан айтиб беришни талаб қилган. Синфдошларим ўртасида изза бўлганим ёмон алам қилганди. Хуллас, шунга ўхшаган воқелар то мактабни битиргунимча давом этди.

Тақдирни қарангки, қайнонам ҳам ўқитувчи бўлиб чиқди. Шунда онам ярми ҳазил, ярми чин қилиб, «Пешонангга ёзилганидан қочиб қутула олмайсан, бир умр ўқитувчининг қизи бўлиш қийин эди, энди ўқитувчининг келинисан. Бу ҳам осон эмас», деган эди. Рост экан. Келинлигимнинг илк йилида қишлоқдаги бир тўйга бордик. Ур-сур, бола-чақа. Ким қаерга ўтиришини билмайди. Чидолмасдан «Бунақа тўйни биринчи кўришим, ҳамма жой-жойини билиб ўтирса, шунча тартибсизлик бўлмасди», деб юборибман. Шунда тўрда ўтирган ёши каттароқ онахон кулиб, «Адашмасам, Мукаррам муаллимнинг келини бўлсанг керак-а, қайнонангга ўхшаб, сен ҳам ҳамма жойда тартиб-интизомни текширасанми?» деганда юзим дувва қизарган...

Нима бўлган тақдирда ҳам онам — менинг ҳаётдаги илк ва энг азиз устозим. Ҳар гал ­1 октябрда касб байрами билан табриклар эканман, ҳам онам, ҳам устозим сифатида менга қилган яхшиликларини, оз бўлса-да, қайтаряпманми, уларга муносиб фарзанд ва шогирд бўла олдимми, муаллимнинг фарзанди деган номни оқлаяпманми, деган саволлар тинчлик бермайди. 

Ҳа, менинг онам — ўқитувчи. Мен онам билан фахрланаман...

Райҳона ХЎЖАЕВА,

журналист




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар