Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Бу ишга Экопартия ҳам аралашди ва минглаб дарахт сақлаб қолинадиган бўлди

Олдимизга қўйган улкан истиқболли мақсадларга эришишда ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик позицияси барқарор бўлиши ва шу юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссида ижобий ўзгаришлар кузатилиши муҳим аҳамият касб этади. Тобора кескинлашиб бораётган экологик муаммоларга аниқ ва манзилли ечим топишда бу масала жуда зарур омилдир.

Бу ишга Экопартия  ҳам аралашди ва  минглаб дарахт    сақлаб қолинадиган бўлди

Юртимизда яшил ҳудудларни асраб-авайлаш ва кўпайтириш борасида қилинаётган ишлар кутилган самарани бермаётгани бот-бот таъкидланяпти. Сабаблар таҳлил қилинганда, асосан, кўчатлар учун жойни тўғри танлаш, суғориш ва парваришлаш билан боғлиқ муаммолар тилга олинади. Аммо энг катта омил бўлган – кенг жамоатчиликнинг эътибори, назорати, фикр, тавсия ва амалий ечимлар бериб бориши, давлат ва нодавлат ташкилотларига ўз муносабатини билдира олишига нисбатан камроқ аҳамият қаратилади. Ваҳоланки, жамоатчилик назорати синовлардан ўтган ва кутилган самарани бера оладиган жуда катта тизимдир.

Мамлакатимиз инфратузилмасида янгича талабларга мос автомобиль йўлларни барпо этиш мақсадида Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов, Дарбанд – Бойсун – Элбаён, Марғузор – Жарқўрғон – Бандихон – Олтинсой – Денов автомобиль йўлларининг дастлабки босқич реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳанинг кейинги босқичида қурилишни давом эттириш учун пудратчи ташкилот йўл ёқасидаги дарахтларни кўчириш ёки конпенсация тўловларисиз кесишга рухсат бериш масаласида мурожаат қилган. Унга кўра, Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов автомобиль йўлининг 150 – 228 километри қисмида йўлни кенгайтириш учун 28 минг 900 туп дарахтни кўчириш, Сурхондарё вилоятининг Дарбанд – Бойсун – Элбаён автомобиль йўлининг 5 – 70 километри ва Марғузор – Жарқўрғон – Бандихон – Олтинсой – Денов автомобиль йўлининг 128 – 174 километр қисмларини реконструкция қилиш учун 21 минг 800 туп дарахтни кўчириш ёки конпенсация тўловларисиз кесиш лойиҳа бўйича кўзда тутилган эди.

Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари ҳудудида жами 51 мингдан зиёд дарахтнинг кесилиши эвазига амалга ошириладиган лойиҳа ҳақидаги хабарларга биринчи бўлиб экологияга бефарқ бўлмаган жамоатчилик вакиллари, экофаоллар муносабат билдиришди. Улар ижтимоий тармоқларда «Биз дарахтлар кесилишига қаршимиз!» мазмунидаги чорлов билан чиқишди. Мамлакатимиз экотизимида ҳар бир ниҳол, ҳар бир гиёҳнинг ўзига хос ўрни борлиги эътироф этилди. Дарахтлар кесилиши нафақат ўша ҳудудлардаги яшил борлиққа, балки барча тирик жонзотлар – ҳайвонлар ва қушлар, қолаверса, инсонлар учун ҳам бир қанча муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлиги ўринли мулоҳаза қилинди. Шунингдек, биргина кўчатни экиб, парваришлаб, баркамол дарахт ҳолига келтириш учун қанчадан-қанча ресурс, маблағ, меҳнат ва саъй-ҳаракат зарурлигига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Катта машаққатлар билан барпо этилган яшил ҳудудларни асраб қолиш бугунги кунимизнинг энг муҳим ва долзарб масалаларидан эканига жамоатчилик, давлат ва нодавлат ташкилотлар масъуллари эътиборини қаратишди.

Жойлардаги муаммоларнинг ҳаммаси ҳам тегишли масъулларга етиб бораётгани, тўғрироғи таъсир қилаётгани йўқ. Фақат ўз ишига виждонан ёндашадиган, фидойи раҳбарларгина халқнинг дардига қулоқ соляпти. Дарахтларни асраб қолиш масаласида ҳам худди шундай бўлди. Сўнгги йилларда мамлакат яшил ҳудудларини асраб-авайлаш ва кенгайтириш борасида тизимли фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон Экологик партиясининг махсус гуруҳи жамоатчилик муносабатидан сўнг муаммони ўрганиш учун белгиланган ҳудудга етиб борди. Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев раҳбарлигидаги мазкур гуруҳга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, олим ва мутахассислар жалб қилинди. Улар вазиятни ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, имкон қадар дарахтларни сақлаб қолиш, атроф муҳитга хавф соладиган барча ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўришни мақсад қилишган эди.

Вазиятни таҳлилий ўрганиш жараёнида ҳудудда амалга ошириладиган лойиҳа – замон талабларига мос халқаро автомобиль йўли ҳақиқатан зарур инфратузилма экани қайд этилди. Йўл қурилишини амалга ошираётган пудратчи ташкилот мутахассислари билан бирга халқаро автомобиль йўли лойиҳаси қайта муҳокама қилинди. Бундай катта лойиҳани амалга оширишда барча жиҳатларни тўлиқ инобатга олиш, лойиҳани ҳар томонлама пухта тайёрлаш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, эколог мутахассислар белгиланган ҳудудларда ҳозирда кўп минг сонли дарахтлар мавжудлиги, уларни кесиш ёки кўчириш ҳудудлар экотизимига катта талафот етказиши мумкинлиги ҳақидаги ўринли эътирозларини асослаб беришди. Айниқса, 30-40 йиллардан бери ўсиб-ривожланиб турган катта дарахтларни кесиш ёки кўчириш ҳар жиҳатдан хатарли экани таъкидланди.

— Хабарингиз бор, Ўзбекистондаги яшил ҳудудларни ҳозирда мавжуд 8 фоиздан 30 фоизга олиб чиқиш учун бугунги кунда катта ҳаракатлар қилиняпти, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экологик партия фракцияси аъзоси Наврўзбек ЮСУПОВ. – Қурилиш ва бошқа сабаблар билан мавжуд яшил ҳудудлардан воз кечиш эса, олдимизга қўйган мақсадимизга зид ҳаракат бўлади. Шу маънода биз масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, тегишли ташкилотларга дарахтларни сақлаб қолишга қаратилган таклифларимизни билдирдик.

Ўзбекистон Экологик партияси ишчи гуруҳи аъзолари билан биргаликда жойлардаги экофаоллар ҳам мазкур масала бўйича ўз мулоҳазаларини билдиришди.

— Реконструкция олиб борилаётган ҳудуддаги чўлларда камида 10-15 йилдан бери гуркираб ўсиб турган саксовулларни кўришимиз мумкин, – дейди жамоатчилик вакили, экофаол Шомиддин ПАРДАЕВ. – Аҳоли пунктларида 30-40 йиллик дарахт­лар кўкартирилган. Уларни бошқа жойга кўчириш деярли имконсиз. Дарахтларни сақлаб қолиш учун олимлар, қурувчилар, жамоатчилик биргаликда муҳокама қилиб, йўл қурилиши лойиҳасига тегишли ўзгартиришлар киритилиши энг мақбул ечим, деб ўйлайман.

Дарҳақиқат, бугун иқлим ўзгаришлари, қурғоқчилик ҳамда қум бўронларининг кўчиши кабиларда дарахтлар қанчалик муҳим экани ҳаммага яхши маълум. Шу сабабли жамоатчилик ҳар қандай ҳолатда ҳам дарахтларни сақлаб қолиш фикрини қўллаб-қувватлаяпти. Давлатнинг шу соҳа бўйича фаолиятини бевосита амалга ошириш ва мувофиқлаштириш билан шуғулланадиган Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳам дарахтларнинг ноқонуний кесилиши оғир жиноят эканини таъкидлайди.

— Лойиҳа бўйича халқаро автомобиль йўли Қашқадарёнинг Ғузор туманидан бош­ланиб Қозоғистоннинг Бейнов шаҳригача етиши кўзда тутилган, – дейди Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қўмита раиси Абдурашид СОДИҚОВ. – Ҳудуддаги дарахт­ларни кесиш бўйича қурувчи ташкилотнинг мурожаатга вазирлигимиз рад жавобини берган. Жойлардаги назоратчиларимиз дарахтларни хатлов қилиб, қаттиқ назоратга олган. Президент қарори билан дарахтларни ноқонуний кесиш оғир жиноятлар турига ўтказилди. Бундан барча ташкилотлар мутасаддилари хабардор ва оқибати қандай бўлишини билишади. Ҳозирда пудратчи ташкилотга лойиҳани дарахтларни сақлаб қоладиган тарзда қайта кўриб чиқиш таклиф этилган.

Гарчи табиатдаги қайта тикланмайдиган русурслар турига кирмаса-да, экотизим барқарорлигини таъминлашда ҳар бир дарахтнинг ўз ҳиссаси борлиги инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Айниқса, гап узоқ йиллардан бери ўстирилаётган ўн минглаб дарахтлар устида кетса, масаланинг ўта муҳим ва долзарб экани янада ойдинлашади.

— Ўзбекистон Экологик партияси табиий ресурсларни асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишга доимий тарғиб қилиб келяпти, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур ҲАМЗАЕВ. – Ҳозирги мураккаб вазиятда биз имкон қадар яшил ҳудудларни асраб қолиш ва кўпайтириш йўлидан боришимиз керак. Мамлакатимиздаги экологик вазиятни барқарорлаштириш учун бу масала жуда муҳим. Шунинг учун биз Бухоро ва Сурхондарёдаги халқаро йўл қурилиши жараёни билан тўлиқ танишиб чиқиб, лойиҳани дарахтларга зарар етмайдиган тарзда давом эттириш учун етарлича имкон бор эканига гувоҳ бўлдик. Буни мутахассислар билан бирга пудратчи ташкилот вакилларига билдирдик ва тегишли таклифларимизни бердик. Ишнинг ижобий ҳал этилишида катта ҳисса қўшган жамоатчилик вакилларига миннатдорлик билдириб, бундан кейин ҳам бу каби ишларга бефарқ бўлмасликка чақирамиз. Табиатни фақат биргаликда асраш мумкинлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Бир қатор мутасадди ташкилотлар жонбозлиги туфайли юртимиз табиатини бойитиб турган 51 минг тупдан ортиқ дарахт сақлаб қолинадиган бўлди. Лойиҳага ўзгартириш киритилиши айтилди.

— Жамоатчилик ва тегишли мутахассисларнинг мулоҳазаларидан сўнг лойиҳа яна қайта кўриб чиқилди, – дейди халқаро қурилиш ташкилоти мутахассиси Муҳаммадали ХОЛМУРОДОВ. – Йўл қурилиши режалаштирилаётган ҳудудлардаги дарахт­лар ҳисоблаб чиқилди. Қурувчи ва эколог мутахассислар ҳамкорлигида масалага ижобий ечимлар қидирилди. Натижада, қурилиш лойиҳасига тегишли ўзгартириш­лар киритиш орқали дарахтлар сақлаб қолинадиган бўлди.

Шу зайлда кўпчилик юртдошларимизни ташвишлантирган Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида режалаштираётган халқаро автомобиль йўли қурилиши сабабли кесилиши белгиланган 51 минг тупдан ортиқ дарахт масаласи жонкуяр мутасаддилар, мутахассислар ва жамоатчиликнинг ҳамкорликдаги самарали фаолияти натижасида сақлаб қолинадиган бўлди. Юртимизда келажакда амалга ошириладиган фаолиятимиз учун бу воқеа яхши бир сабоқ бўлишини ва бундай ҳолатлар такрорланмаслигини умид қиламиз.

 

Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔10

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔38

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔41

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар