Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг сайловчилар билан навбатдаги сайловолди учрашуви мамлакатимизда муносиб ўрнига эга бўлган Тошкент вилоятида бўлиб ўтди.
Тошкент вилоятининг меҳнатсевар, тиришқоқ ва ишбилармон аҳолиси юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида доимо фаол. Қолаверса, ушбу ҳудуд мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани ҳам алоҳида эътирофга муносиб.
Шуни қайд этиш керакки, Тошкент вилояти ўзининг табиий ва қазилма бойликлари, саноат ва транспорт-логистика салоҳияти, барқарор энергия таъминоти, малакали меҳнат ресурслари билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз ҳаётида ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳамда табиий-географик жиҳатдан улкан салоҳиятга эга ҳисобланади.
Бугун бутун дунёда экологик муаммолар авж олиб, инсоният ҳаётига, саломатлигига катта зарар етказаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Дунё давлатлари экологик муаммоларни бартараф этиш борасида қатор саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу муаммолар мамлакатимизнинг ҳеч бир вилоятини четлаб ўтаётгани йўқ.
Тошкент вилоятида сўнгги йилларда кескин ўсиш кузатилмоқда. Ушбу вилоятда 150 та йирик саноат корхонаси жадал фаолият олиб бораяпти, маҳаллий бюджет тушумлари 1,2 трлн. сўмдан ошган. 27,8 трлн. сўмдан ортиқ инвестиция маблағлари ўзлаштирилган (шундан 616,1 млн. сўм тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари), экспорт режаси 138,5 млн. АҚШ долларига бажарилган.
— Албатта бу жуда яхши кўрсаткичлар. Лекин ҳали олдинда қилинажак ишлар бисёр. Халқимизга муносиб яшаш шароитларини яратиш, вилоят иқтисодий салоҳиятини янада кўтариш, маҳаллий бюджет талабларини қондириш каби масалалар турибди олдимизда, — деди
Абдушукур Ҳамзаев учрашувда. – Энг муҳими, иқтисодиётимизни яшил иқтисод орқали экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган яшил сиёсатни ҳаётга татбиқ этишни мақсад қилганмиз.
Сайловолди дастурида бу мақсадларни амалга ошириш бўйича аниқ йўналишлар, мамлакатни яшил иқтисодиёт тамойиллари асосида ривожлантириш йўллари белгилаб қўйилган. Бу эса табиий ресурлардан оқилона фойдаланиш, уларни тежаш ва биологик ресурсларнинг қайта тикланишини таъминлаш орқали амалга оширилади.
Дастурда белгилаб қўйилган мамлакатдаги асосий ишлаб чиқарувчилар, айниқса, йирик корхоналар яшил технологияларга йўналтирилиши, маҳсулотларни етиштиришда пестицидлардан фойдаланишдан тўлиқ воз кечишга йўналтирилган «Яшил Ўзбекистон – 2030» дастурини ишлаб чиқилишнинг белгилаб қўйилганлиги ҳам ҳудуд сайловчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Инсонлар яшаш ҳуқуқининг фундаментал асосларидан бири бу – уларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлашдир. Экологик ҳуқуқлар эса, мамлакатдаги экологик хавфсизликни таъминлаш орқали рўёбга чиқарилади. Шу сабабли ҳам номзод мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган сиёсатни амалга ошириш энг муҳим давлат сиёсати бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли учун қулай атроф муҳит яратиш йўналишидаги устувор вазифалар ҳам Тошкент вилояти сайловчиларининг айни кўнглидаги гаплар бўлди.
– Биламизки, Тошкент вилоятининг қатор ҳудудларида канализация ва сув тозалагич иншоотлари ва чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар мавжуд, — деди
Абдушукур Ҳамзаев. — Жумладан, айрим туманлардаги кўп қаватли уйларга ҳам канализация тизими кириб бормаган.
Ҳудуддаги сувоқова тозалаш тизимлари эскирган, айрим корхоналарга тегишли сув тозалаш иншооти таъмирталаб даражада. Кўп қаватли бинолардан, ишлаб чиқариш корхоналаридан ҳосил бўлган чиқинди сувларини ташлаш учун ҳам ушбу иншоот барқарор ишлашига эҳтиёж жуда юқори. Янгиобод ҳудудидаги экологик радиация нурланиш хафи бўлган участкаларда мутасадди ташкилот мутахассислари билан олиб борилган мониторинг натижасида ер ости сув манбалари ва қудуқ қазиш ишлари туфайли баъзи ер майдонлари радиактив чиқиндилар билан ифлослангани аниқланган.
Шу каби масалаларни ҳисобга олиб, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, оқова сув тармоқларини ривожлантириш, атмосферага ташланмаларни камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлашни рағбатлантиришга қаратилган давлат сиёсати изчил давом эттирилиши Сайловолди дастурида устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилган.
Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосферани муҳофаза қилиш, ҳавонинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсад бўлиб қолиши ҳам номзоднинг Сайловолди дастуридаги муҳим мақсадлардан биридир.
Оҳангарон тумани «Янги ҳаёт» ҳудудида жойлашган шаҳар чиқинди полигонидаги нохуш ҳид ва тутун аҳолининг ҳақли норозилига сабаб бўлмоқда. Янгийўл туманида баъзи завод ва корхоналар ҳам атмосферага зарар етказаётгани қайд этилган.
Шу ва шунга ўхшаш бошқа муаммоларни чуқур ўрганган ҳолда, энг аввало, Тошкент вилояти ҳавосини тоза сақлаш учун аниқ ишлайдиган механизмларни яратиш мақсад қилинган.
Учрашув қизғин муҳокама ва мунозараларга бой бўлди, десак хато бўлмайди. Зеро, Тошкент вилояти аҳолисининг оғриқли муаммоларига аниқ ечимлар Президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаев Сайловолди дастурининг устувор вазифалари қаторидан жой олган.
Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон
🕔15:56, 13.04.2026
✔53
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»
🕔16:03, 02.04.2026
✔154
Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.
Батафсил
Ўзбекистоннинг «яшил» тараққиёт сари дадил қадамлари
🕔15:48, 26.03.2026
✔182
Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Батафсил