Партия ташкилотларининг навбатдан ташқари конференциялари
Хабарингиз бор, жорий йилда мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён бўлиб ўтади. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Экологик партияси ҳам ўз номзоди билан иштирок этишини билдирган. Президентлик сайловида, партияларнинг иштироки, уларнинг илгари сураётган ғоялари ғоят муҳим аҳамият касб этади. Халқ ишончи, эътирофи намоён бўлади.
Сайловда партиянинг ўз номзоди илгари суриладиган съезд олдидан Ўзбекистон Экологик партияси ҳудудий кенгашларининг навбатдан ташқари конференциялари бўлиб ўтмоқда. Унда партиянинг ушбу сиёсий жараёнда иштироки, партия томонидан илгари суриладиган дастурий мақсадлар атрофлича муҳокама қилинмоқда. Халқ ишончини оқлаш йўлида ўтган даврда амалга оширилган ишларга таҳлилий-танқидий баҳо берилмоқда.
Янгича тизимда ишлашга келишиб олинди
ЎЭП Қашқадарё вилоят партия ташкилоти кенгашининг навбатдан ташқари конференциясида партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, олимлар, экологлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Конференция кун тартибида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашининг навбатдан ташқари съездига Қашқадарё вилояти Кенгашидан делегатларни сайлаш масаласи кўриб чиқилди.
Муҳокамалардан сўнг, экология соҳасида фаолият олиб бораётган, жойларда Ўзбекистон Экологик партиясининг мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб этишда фаоллик кўрсатаётган, жонкуяр, фидойи партия аъзолари ва фаолларидан 8 нафари делегат этиб сайланди.
– Масъулиятли жараён арафасида турибмиз. Унга пухта тайёрланиш, юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда партия фаоллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда партиянинг муносиб иштирокини таъминлашимиз зарур, – дейди Марказий кенгаш аъзоси, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти профессори Шуҳрат МУРОДОВ. – Бугунги конференциянинг алоҳида жиҳати шундаки, муҳим сиёсий жараён олдидан бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида гаплашилиб, янгича тизимда ишлашга келишиб олинди. Конференция якунида Марказий кенгашнинг IV съездида иштирок этиш учун Қашқадарё вилоятидан 8 нафар делегатга ишонч билдирилди.
Пойтахтда экология масаласи доим долзарб
Пойтахтимизда ҳам Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилотининг навбатдан ташқари конференцияси ўтказилди. Унда Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар ва туман кенгаши вакиллари, партиядан маҳаллий Кенгашга сайланган депутатлар, туман партия ташкилоти конференцияларидан сайланган делегатлар ва бошланғич партия ташкилотлари раислари ҳамда фаоллар иштирок этди.
– Конференциямизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда Марказий кенгаш съездига делегатлар сайлаш масалалари кўриб чиқилди. Унга кўра, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгашидан мазкур съездда иштирок этиш учун 8 нафар делегат номзоди тавсия этилди. Якунда эса Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар кенгашининг қарор лойиҳаси овозга қўйилди ва иштирокчилар томонидан бир овоздан маъқулланди, – дейди Тошкент шаҳар партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Севара ФАЙЗИЕВА.
Шунингдек, сўзга чиққанлар мамлакатимизда тобора долзарб бўлиб бораётган экологик муаммоларни ҳал этиш, жамиятда аҳолининг эътиборини экологик муаммолар ва уларнинг ечимига қаратиш, аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш ва соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасида жамият олдида турган муҳим масалаларни ҳал этиш Ўзбекистон Экологик партиясининг дастурий вазифаларидан эканини таъкидлашди. Ушбу мақсадларни ҳаётга татбиқ этишда Ўзбекистон Экологик партияси вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари ходимлари, депутатлар ҳамда партия фаолларини янада масъулият билан ишлашга чақирилди.
Партия дастурий мақсадларини илгари суришда катта имконият
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент вилоят кенгашининг навбатдан ташқари конференциясида кўрилган асосий масалалардан бири Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашининг навбатдан ташқари IV Сездига Тошкент вилояти Кенгашидан борадиган делегатларни сайлаш муҳокамаси бўлди.
– Бугунги конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўладиган сайловларга жиддий тайёргарлик кўриш ва унда фаол иштирок этиш масалаласи ҳам муҳокама қилинди, – дейди Тошкент вилояти партия ташкилоти бош мутахассиси Нигора Ибрагимова. – Тошкент вилоятида ҳам бир қатор экологик муаммолар мавжуд. Ушбу муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш ва уларни бартараф этиш учун партиямиз сайловда фаол иштирок этиши ва ўз дастури ҳамда ғояларини илгари суриши катта имконият яратади.
Конференция якунида кенгашнинг қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди ва бир овоздан маъқулланди.
Сиёсий жараёнларда барча юртдошларимиз фаол
Экопартиянинг Сирдарё вилоят кенгаши Ижроия қўмитасининг ҳам навбатдан ташқари Конференцияси бўлиб ўтди.
Унда вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотлари раислари, экология, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар, жамоат ташкилотлари ходимлари, олий ҳамда ўрта таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Конференцияда Ўзбекистон Экологик партияси Сирдарё вилоят партия ташкилотининг сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ва фаол тарзда ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашининг навбатдан ташқари съездига Сирдарё вилоятидан делегатлар сайлаш масалалари кўриб чиқилди.
– Мамлакатимиз ҳаёти учун муҳим сиёсий жараён барча юртдошларимизни фаолликка чорлаб, сайлаш ҳуқуқидан фойдаланишлари учун замин яратади.
Сайловолди тадбирларида иштирок этиш ҳам ҳар биримизда дахлдорлик, фахр-ифтихор туйғуларини ошириб, бу жараёнларда янада фаолроқ бўлишга туртки беради. Партиянинг сайловолди ўтказадиган съезди ҳам бу борада жуда муҳим ўрин тутади. Бугунги конференцияда ўзининг ташаббускорлиги ва илғорлиги билан депутатлар ҳамда партия фаоллари сафида кўзга кўринган муносиблари танлаб олинди, – дейди ЎЭП Сирдарё вилояти партия ташкилоти раиси Олимжон БЕГИЕВ. – Бу жараён тобора долзарб бўлиб бораётган экологик муаммоларни ҳал этиш, жамиятда аҳолининг эътиборини экологик муаммолар ва уларнинг ечимига қаратиш, инсон саломатлигини асраш ва соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасида жамият олдида турган ўта муҳим масалалар ҳал этилишида муҳим аҳамиятга эга.
Конференцияда вилоят партия ташкилотидан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашининг съездида иштирок этувчи делегатларни сайлаб олиш масаласи кўриб чиқилиб, экология соҳасида фаолият олиб бораётган, жойларда Ўзбекистон Экологик партиясининг мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб этишда фаоллик кўрсатаётган, жонкуяр, фидойи бўлган партия аъзолари ва фаолларидан 5 нафари делегат этиб сайланди.
Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон Экологик партияси Сирдарё вилоят партия ташкилоти Кенгаши томонидан Кенгаш аъзоларининг янги таркиби тасдиқланди.