Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Кавракка мораторий Бунга қандай эҳтиёж бор эди?

Сурхон воҳасининг қиру адирларида ўтган болалик чоғларимдан бери кавракни яхши биламан. Унинг шифобахшлиги борасида ҳам катталардан кўп марталаб эшитганим бор.

Кавракка  мораторий  Бунга қандай  эҳтиёж бор эди?

Балки шу доривор ўсимликдан мунтазам истеъмол қилишгани учунми тоғ одамлари анчайин бақувват, хасталикларга кам чалинади. Ҳозирда ҳам болалигимни ёдга олсам, димоғимга кавракнинг ачқимтил ҳиди аралаш тоғ гулларининг ифори келаётгандек бўлади.

Каврак бир қарашда кераксиз, ёввойи ўсимлик сифатида таассурот қолдириши мумкин. Уни барчамиз йўлда, чўлда кўп учратганмиз. Аммо унинг шифобахш хусусиятлари ҳақида ҳамма ҳам хабардор эмас. Шу сабабдир балки узоқ йиллар давомида уни асраш, кўпайтириш ҳақида ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган.

Қимматбаҳо ўсимлик сири

Кавракнинг фойдали хусусиятлари ота-боболаримизга аввалдан маълум бўлиб, Абу Али ибн Сино, Беруний каби алломаларимиз адабиётларида турли касалликларни даволашда ундан тайёрланган дори воситалари ва парҳез таомларни қўллаш тавсия қилинган.

Ўрта Осиёда кавракнинг 110 га яқин тури учрайди. Шулардан каврак смоласи-елими олиш учун асосан 10 тури ишлатилади. Булар F.foetida, F.tadshikorum, F.Tenuisecta ва бошқалар.

Каврак туркумига мансуб турлар республикамизнинг қумли чўллар, адирлар, тоғлар ва тоғолди ялангликларда, соф тупроқли ерларда ўсади. Айниқса унинг Сурхондарё ва Қашқадарёнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларидаги калийга бой бўлган қумли тупроқли ерларида ўсадиган тожик (кўҳис­тон) кавраги (Ferula tadshikorum) дориворлиги юқори саналади. Каврак Қозоғистон, Тожикистон, Эрон, Афғонистон, Покистон ҳамда Ҳиндистонда ҳам кенг тарқалган.

Одатда доривор маҳсулотлар сифатида илдизи, барги, пўстлоғи, гули, меваси ва бошқа қисмларидан тайёрланадиган шираси, кукуни, настойкаси, эмулсияси ва таблетка шаклидан кенг фойдаланилади. Асосан елими-илдизидан олинадиган смоласи-шираси тиббиётда ишлатилади.

Шифобахш хусусиятлари бисёрлиги сабаб тиббиётда кўп хасталикларни даволашда қўлланилади. Ошқозон-ичак йўлини кераксиз моддалар ва гижжалардан тозалашдан ташқари, бошқа хасталикларни даволашда ҳам жуда фойдали ҳисобланади. Ангина, бронхит ва нафас аъзолари шамоллаши билан кечувчи бошқа касалликларни бунга мисол қилиб санаб ўтиш мумкин.

Смола эритмаси билан оғиз чайилганда антисептик ва оғриқ қолдирувчи хусусияти борлиги учун нафас йўлларини микроб­лардан тозалаш ҳамда оғиздан ёқимсиз ҳид келишини йўқотса, оз миқдорда ичиш овоз бўғилишига даво бўлади.

Қисқача қилиб айтганда кавракни шифобахш доривор ўсимлик сифатидаги хусусиятларини халқимизга кенг етказишимиз бугунги кунда жуда ҳам муҳимдир. Бундан ташқари, халқ табобати соҳасида мутахассислар билан бир қаторда шифохоналарда фаолият кўрсатиб келаётган врачларимиз даволаш амалиётида ушбу ўсимликдан фойдаланишлари муҳим аҳамият касб этади.

Нима учун кавракни асраш лозим?

Каврак ўсимлигининг шифобахшлигини қадимдан кўпгина халқлар яхши билишган. Айниқса юртимиз фармацевтика саноатида унга талаб ортиб бормоқда, дунё бозорида ҳам бу маҳсулот харидоргирлиги юқорилигича қолмоқда.

Шу сабабли ҳам бир неча йиллар олдин Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифларидан бирида каврак етиштирувчилар ассоциациясини тузиш таклифини ўртага ташлаган эди. Дарҳақиқат, юртимизда каврак доривор ўсимлигини табиий равишда кенг тарқалганлиги ва қўшимча сунъий экиб кўпайтириш имкониятларининг мавжудлиги инобатга олиниб, кенг истиқболли режалар назарда тутилган эди. Шундан сўнг бу борада маълум бир ишлар ҳам бошлаб юборилди.

Бугунги кунда юртимизда каврак етиштириш учун кулай иқлим шароити мавжудлиги, кам сарфли экинлиги боис плантациялар ташкил қилиб, мавжудларини янада кенгайтириш ростдан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Табиий ҳудудларда ўсувчи кавракни эса асраб-авайлаш, йўқ бўлиб кетишига олиб келувчи ҳар қандай ҳаракатларга йўл қўймаслик долзарбдир. Энг муҳими, каврак етиштириш, қайта ишлаш сердаромад бўлиб, унинг ривожлантирилиши, янги иш ўринлари яратилиши орқали иқтисодиётимизга ижобий таъсир кўрсатади.

Мораторий – шунчаки таъқиқ эмас

Каврак смоласини йиғишда ҳозиргача ҳеч бир киши белгиланган йўриқномадан фойдаланмаяпти. Бундан ташқари, айнан йиғилиши лозим бўлган сассиқ каврак ҳаё­тий шаклига кўра бир маротаба гуллайди ва мева бериб, кейин нобуд бўлиб кетадиган-монокарп ўсимлик ҳисобланади. Яъни, ундан хўжасизларча фойдаланиш оқибатида ушбу ўсимлик турининг майдонлари йил сайин қисқариб бормоқда. Бу ташвишли ҳолат. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 55-моддасида белгиланганидек, «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлигимиз, улардан оқилона фойдаланишимиз зарур ва улар давлат муҳофазасидадир».

Ҳозирги кунда кавракзорлар фақатгина тоғолди майдонларда, асосан ўрмон фонди ерларида сақланиб қолган, холос. Айниқса, Кўҳистон кавраги кескин камайиб, ҳатто йўқолиб кетиш хавфи туғилмоқда.

Биргина Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги мисолида кўрадиган бўлсак, ушбу тур 2010 йилда 11600 гектар бўлган бўлса, 2018 йилга келиб бу кўрсаткич 4700 гектарга тушиб қолган ёки 7-8 йилда қарийб 60 фоизга камайиб кетган. Шунингдек, табиий кавракзорлар кейинги 10-13 йилда Бойсун ва Боботоғ ҳудудудларида ҳам 50-60 фоизга камайиб кетган.

Шунинг учун ҳам Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги «Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган тожик (Кўҳистон) кавраги ўсимлигининг табиий популяцияси, табиий кўпайиши ва қайта тикланишини таъминлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб уч йил муддатга тожик каврагидан фойдаланишга мораторий жорий этилгани айни муддао бўлди.

Каврак ўсимлигининг «Қизил китоб»га киритилган ҳамда киритилмаган барча турларидан тегишли рухсатномасиз фойдаланганлик ва сотганлик учун жавобгарлик чоралари кўрилиши фармонда қатъий белгилаб қўйилган. Қолаверса, каврак ўсимлигининг маданий плантацияларини ташкил этиш ҳамда табиий ширасини йиғиб олишда тадбиркорларнинг талаб­ларига биноан хорижлик мутахассислар жалб этилиши фармонда белгилаб қўйилгани ҳам ушбу ўсимликка эҳтиёткор муносабатда бўлиш ва унинг асосига зиён еткизмаган ҳолда ширасини ажратиб олиш учун замин яратади.

Юртимиз азалдан доривор гиёҳларнинг кони бўлиб келган. Ушбу доривор ўсимлик­ларни келгуси авлодга етказиш эса ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Шунинг учун халқимизнинг ҳар бир вакилидан ҳар бир доривор гиёҳу ўсимликка онгли муносабатда бўлиш, уларнинг йўқ бўлиб кетишига асло йўл қўймасликларини сўраб қолган бўлар эдик.

 

Абдушукур ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши раиси




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔7

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔35

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔40

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар