Давр нафаси      Бош саҳифа

Табиат олдида ожиз одамзот

Табиатга ёмон муносабатда бўлсанг, билгинки, табиат ҳам сенга муносиб жавоб қайтаради. Бу иборани айниқса физик олимлар кўп ишлатади. Зотан, физика табиат қонунлари тўғрисидаги фандир.

Табиат олдида  ожиз  одамзот

Инсоният кейинги икки аср давомида мисли кўрилмаган илмий ютуқларга эришди. Айниқса, сўнгги ўн йилликларда бу юксалиш шиддати ҳар қачонгидан юқори бўлди. Ҳозир ҳар қандай инсон ўтирган жойида самолётга чипта харид қилиш, уйга егулик келтириш, яқинларига маблағ жўнатиш ва ҳоказо ишларни бажаришга қодир. Бу энг оддий, кундалик содда юмушлар. У ёғини гапирадиган бўлсак, Ерни ўз ўқидан чиқариб юборадиган вайронкор қудратга эга қуроллар, Ойга саёҳат, Венераю Марсга ракета учириш, генетика ва микробиология соҳаларидаги оламшумул янгиликлар каби юқори чўққиларнинг саноғи йўқ.

Лекин ҳар доим танганинг иккинчи томони бўлади. Инсоният иқтисодий ва технологик тараққиёт ортидан қувиб, табиатга меҳрни унутиб қўйди. Йилига миллиардлаб тонна руда, қурилиш материаллари, нефть, газ ва бошқа табиий бойликлар қазиб олинади, триллионлаб тонна юк жойдан жойга кўчади. Ваҳоланки, табиат мувозанатни яхши кўради. У бузилган жойда табиат ҳаётни ҳам издан чиқаради.

Туркиянинг жануби-ғарбий ҳудудларида содир бўлган ер силкинишлари минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди, ундан ҳам кўп инсонлар жароҳатланди, майиб-­мажруҳ бўлди, бошпанасидан айрилди. Қурбонлар сони тўғрисида янгиланаётган маълумотларда машъум кўрсаткич ошгандан ошиб боряпти. Кейинги хабарларда зилзилалар силсиласи узайиб, жўғрофияси кенгайгани, бошқа мамлакатларда ҳам одамлар жабр чекиб, бинолар вайрон бўлгани эълон қилинди.

Ҳа, инсон Марсга ракета жўнатиши мумкин, лекин қачон қаерда зилзила бўлишини аниқ айта олмайди. Аниқ айта олмайди, лекин тахминан башорат қилиши мумкин. Тектоник плиталар аллақачон ўрганиб бўлинган, сейсмик фаол минтақалар аниқланган, лекин барибир зилзилалар инсоният бошига катта кулфатлар келтирмоқда.

Камчилигимиз нимада?

Аввало, узоқни кўриб иш юритмасликда. Сейсмик фаол ҳудудда қурилиш қилганда зилзилага бардошлиликни қатъийян ҳисобга олиш керак. Афсуски, бунга ҳамма давлатда ҳам амал қилинмайди. Японияда зилзила кундалик ҳодиса ҳисобланади, шу боис бу мамлакатда биноларнинг зилзилабардошлигига алоҳида эътибор берилади, силкиниш кучини ёйиб юбориш ё нейтраллаштириш технологиялари кенг миқёсда қўлланади, фуқаролар болалик чоғидан зилзила вақти ўзни қандай тутиш ва нималар қилиш кераклиги тўғрисидаги йўриқномаларни ўрганади.

Зилзила шундай бир офатки, қуруқликда юз берганда бир бало бўлса, денгиз ё океанда содир бўлганда бошқа бир бало. Бунга 2011 йилдаги Фукусима фожеасини мисол келтириш мумкин. Уммон қаъридаги силкиниш туфайли юзага келган баҳайбат тўлқинлар атом электр станциясига катта зарар етказиб, бутун Японияни ядровий ҳалокат ёқасига келтириб қўйди.

Туркиянинг ўзидан сўз юритадиган бўлсак, 1999 йилги Измит зилзиласи 17 мингдан зиёд одамнинг умрига зомин бўлди, қарийб 500 минг одамни бошпанасиз қолдирди.

Яна тарихга назар соламиз. 1988 йилги Спитак зилзиласи Арманистон саноат салоҳиятининг 40 фоизини ишдан чиқарди. Спитак шаҳри ва 58 қишлоқни бутунлай вайрон қилди. Ленинакан, Степанаван, Кировакан – жами 21 шаҳар ва 300 дан зиёд аҳоли пунктига катта зарар етказди. Камида 25 минг инсонни ҳаётдан олиб кетди, 145 минг одамни ногиронга айлантирди.

Ўзимизнинг Бухоро вилояти Газли туманида 1976 ва 1984 йилларда рўй берган ер силкинишлари ва уларнинг аянчли оқибатлари ҳали ёдимиздан кўтарилгани йўқ.

Газли зилзилалари иккинчи камчилик тўғрисидаги фикрларни келтириб чиқаради. Бир жойнинг ўзида 8 йиллик фарқ билан кетма-кет кучли зилзилалар содир бўлиши жаҳон сейсмологияси амалиётида кузатилмаган воқеа эди. Олимлар бунинг сабаби Газлидаги газ кони ҳеч бир илмий назоратсиз, жиддий ўрганиш ва ҳисоб-китобларсиз ўзлаштирилишида, деган фаразни илгари сурди. Бошқа тахминнинг ўзи йўқ эди. Чунки 1976 йилгача Газли тумани 4 балли зилзилалар зонасига киради, деб ҳисобланарди. Тупроқ қаъридаги газнинг катта миқдорда ва шиддат билан тортиб олиниши ер қобиғидаги мувозанатни бузиб юборган бўлиб чиқди.

Бизни нима кутмоқда?

Бошқа бир камчилик қурувчиликка номуносиб ёндашувдан келиб чиқади. Одатда муҳандислар, лойиҳачилар қурилиш тархини шакллантиришдан олдин геодезия, геология ва бошқа соҳалар вакиллари билан маслаҳатлашади. Тупроқ, иқлим ва бошқа табиий омилларни ўрганади. Қурилишга тегишли касбий таълимга эга одамларни жалб қилади. Лекин ҳамма жойда ҳам бундай эмас.

«Мендан кетгунча...» қабилида иш тутадиганлар, қурилишни фақат бизнесдан иборат деб биладиганлар одамлар ҳаётини хавф остига қўймоқда. Бундай кимсалар харажатни камайтириш учун «хашаки» муҳандис, лойиҳачи ва прораб­ларни ишга ёллайди.

Кейин навбат қурилишдан умуман бехабар ё уни кам биладиган одамларга келади. Улар фақат апил-тапил ишни бажариб, тезроқ ҳаққини олиш пайида бўлади. Боз устига, катта миқдорда қурилиш материаллари ўғирланади. Оқибатда мўрт, маж­руҳ иншоотлар тикланади. Пировардида бармоқ билан саноқли одамнинг ноҳалол даромади бесаноқ одамларнинг ҳаётини хавф остига қўяди. Шу ўринда ўзимизнинг ижтимоий тармоқларда айрим қурилиш­лардан олинган видеотасвирлар бугун ё кеча пайдо бўлмаганини айтиб ўтиш керак. Арматураси ҳам кам (ё ингичкароғига алмаштирилган), қоришмасида цементнинг миқдори етарли эмас.

Қурилишлардан олинган видеолавҳаларда терилган ғиштлар бармоқ билан кўчириляпти. Тошдек қотиб туриши керак бўлган қоришма чўп билан ўпириляпти. Албатта, бу бутун мамлакат бўйлаб аҳвол шундай, дегани эмас. Лекин бундай видеоёзувлардан ўзи ё яқинлари янги уйга кўчиб ўтаётган одамлар ҳақли равишда хавотирга тушади, ҳар хил ўйларга боради. Сифатли қурилиш материалларини сотиб юбориб, ўрнига турли чиқиндилардан, пишмаган лойдан фойдаланаётган «қурувчилар» тўғрисидаги эпизодларни ҳатто ўзимизнинг миллий кинофильмларимизда ҳам учратиш мумкин.

Жиззахда янги қурилган кўп қаватли бино зилзила бўлмасидан ҳам қулаб тушганини ҳали кўпчилик унутгани йўқ. Шундай воқеа­лар ҳар қандай одамнинг юрагида ғулғула уйғотади, десак, тўғри бўладими, йўқми?!

Бошида айтилганидек, табиатга ёмон муносабатда бўлсанг, билгинки, табиатнинг ҳам сенга жавоби тайёр. Нима учун зилзила дарахтларни йиқитмайди? Чунки, дарахтда ҳамма нарса ўз ўрнида, ўз меъёрида бўлади. Туркия жануби-ғарбидаги зилзиладан сўнг маҳаллий аҳоли томонидан олинган видеолавҳалардан бирида ер силкинишидан анча кейин бир бино қулаб тушгани тасвирланган. Бу мисол ўша бинода ҳамма нарса ўз ўрнида, ўз меъёрида бўлмаганидан дарак беради.

Хулоса шуки, биз, инсоният фақат зилзиланинг ўзидан эмас, балки ишга ноҳалол ёндашувдан, табиий мувозанатни бузишдан ҳам қўрқишимиз ва сақланишимиз керак.

 

Мадина МАШРАБХОН




Ўхшаш мақолалар

Парламентда қабул қилинган янги қонунлар:  халқ манфаати – олий мезон

Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон

🕔15:56, 13.04.2026 ✔56

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ:  «Яхши ниятда экилган  ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво,  бу – соғлом муҳит, бу – келажак»

Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»

🕔16:03, 02.04.2026 ✔155

Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.

Батафсил
Ўзбекистоннинг  «яшил» тараққиёт сари  дадил қадамлари

Ўзбекистоннинг «яшил» тараққиёт сари дадил қадамлари

🕔15:48, 26.03.2026 ✔183

Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Парламентда қабул қилинган янги қонунлар:  халқ манфаати – олий мезон

    Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

    ✔ 56    🕔 15:56, 13.04.2026
  • Шавкат МИРЗИЁЕВ:  «Яхши ниятда экилган  ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво,  бу – соғлом муҳит, бу – келажак»

    Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»

    Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.

    ✔ 155    🕔 16:03, 02.04.2026
  • Ўзбекистоннинг  «яшил» тараққиёт сари  дадил қадамлари

    Ўзбекистоннинг «яшил» тараққиёт сари дадил қадамлари

    Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.

    ✔ 183    🕔 15:48, 26.03.2026
  • Хавфсиз саноат ва  истеъмолчилар ҳуқуқи –  депутатлар муҳокамасида

    Хавфсиз саноат ва истеъмолчилар ҳуқуқи –  депутатлар муҳокамасида

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш самарадорлигини кенгайтириш, суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш, аҳолининг молиявий хатарлар ҳақида хабардорлигини ошириш, саноат хавфсизлиги тизимини мустаҳкамлаш ҳамда креатив иқтисодиётни ривож­лантиришга доир қатор қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди.

    ✔ 214    🕔 11:04, 24.03.2026
  • Атроф-муҳит муҳофазаси:  ижро  масъулияти  ва самарадорлик

    Атроф-муҳит муҳофазаси: ижро масъулияти ва самарадорлик

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун ижро этилиши ҳолати Тошкент ва Навоий вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

    ✔ 201    🕔 10:58, 24.03.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар