Дунё ҳамиша турли эврилишлар гирдобида туради. Бундай дамларда ҳар бир инсон гирдоб шиддатида пароканда бўлиб, йўлини йўқотмаслиги учун ҳар ким ўз-ўзича қандайдир чоралар кўриши баъзан етарли натижа бермаслиги мумкин. Шу аснода башарият ҳар доим буюк шахсиятларга катта эҳтиёж сезади.
Ажабланарлиси шундаки, мазкур шахсларнинг жаҳон тамаддунига кўрсатган улкан миқёс ва кенг кўламдаги таъсири сарҳад билмас хусусиятга эга бўлиб, бир неча минг-минглаб инсонларга баҳра улашади.
Ҳазрат амир Алишер Навоий XV асрнинг иккинчи ярмига мансуб ана шундай буюк шахсиятлардан бири ҳисобланади. У кўпинча адабиёт намояндаси, туркий тил жонкуяри, бир-биридан гўзал бадиий обидалар яратган ижодкор, мамлакат ҳаётида улкан мавқега эга сиёсий арбоб сифатида талқин этилади. Шунингдек, Навоий шахсиятини танишдаги биринчи хусусият – уни бир қарашда бошқалар каби оддий, аммо қўл етмас юксак ахлоқий фазилатлар билан зийнатланган чинакам инсон эканида кўриш мумкин. Ҳазрат ижоди ва бутун ҳаётидаги энг залварли жиҳатлар айни шу шахсий-ахлоқий фазилатлар билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас.
Султонга дарс берган оддий аскар
Ҳазрат асарларини ўқиш ҳамда у ҳақда замондошлари қолдирган маълумотлар билан танишиш шундай хулоса чиқаришга асос беради. Жумладан, Навоийнинг шогирдларидан бири – тарихчи Хондамир ҳазрат ҳаётида ўзи гувоҳ бўлган ва эътиборли кишилардан эшитган кўпгина қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Уларни ўқиб, Навоийнинг буюк шахсияти ҳақида билиб олиш мумкин.
Алишер Навоий кўпинча узоқ йиллар давлатнинг турли юқори лавозимларида хизмат қилган, аъёнлар даврасида яшаган сарой кишиси сифатида тасаввур қилинади. Мавжуд тарихий далилларни атрофлича ўрганиш бироз бошқача дарак беради.
Навоий XV асрнинг 60-йилларидаги сиёсий таҳликали вазиятларда анча ночор ва йўқсил аҳволда бўлган. Ҳатто қўшин сафида оддий аскар сифатида хизмат қилгани ҳақидаги маълумотларга дуч келиш мумкин. Сиёсий парокандалик ва ижтимоий ҳаётнинг ўта танглиги шароитида Навоийнинг нақадар юксак фазилатли шахсият экани янада яққолроқ намоён бўлади.
Хондамирнинг ёзишича, Навоий иштирок этган жанглардан бирида душман аскарлари асир олиниб, улуғ мартабали бекларга икки нафардан тортиқ қилинади. Аммо султон бу ҳукмини ўзгартириб, асирларни қатл қилишга буюради. Навоийнинг сафдоши – Ҳасан Арҳангийнинг ўғли Мирзобек отаси учун берилган асирлар устида султон ҳукмини бажариши керак эди...
Султоннинг ҳукми ҳамма учун сўзсиз бажарилиши зарур бўлган ҳукмдир. Унга бирон мулоҳаза билдириш аркони давлатга қарши чиқиш билан баробар саналиб, аёвсиз қатлга сабаб бўлиши муқаррар. Бундай қалтис вазиятда ягона чора буюрилган ҳукмни бажаришдан иборат, холос.
Ҳар қандай уруш-жанжаллар, тортишувлар, тожу тахт талашишлар, мол-мулк ва ҳукм учун қилинаётган муҳорабаларнинг барчаси инсоннинг асл мақсади ва йўлидан чалғитадиган, ўткинчи жараёнлар эканини ҳазрат Навоий теран англаган эди. Бундай ғавғо-тўполонларнинг биронтаси лоақал бирон жоннинг – гарчи у чумоли бўлса ҳам – ҳаётига тажовуз қилишга арзимас эканини ҳар доим назарда тутган. Навоийнинг ҳаёт таомилига кўра, қўшиндаги оддий аскар нафақат жанг сафларида ўзининг аскарлик вазифасини бажаришга масъул, балки ўрни келганда ҳукмдорни мулоҳазасизлик билан ҳукм чиқариб, ҳақ ва халқ олдида адолатсизлик жабрини чекишдан қутқаришга имкон қадар ёрдамлашиш учун ҳам масъулдир. Қолаверса, инсон ҳаётига тажовуз – ҳатто қарши тараф аскари учун ҳам – ҳеч қачон оқлаб бўлмайдиган иш. Боиси, бундай урушларда қон тўкиш учун Навоий арзирли сабаблар кўрмайди. Кимларнингдир ҳукмронлик ҳаваси бошқаларга жабру зулм етказишга асос бўлолмаслигини, афтидан, мулоҳаза қилади. Аммо бундай мулоҳазаларни овоз чиқариб бировга билдириш – ўлим билан тенг. Бутун умр ҳақиқат ва адолат йўлида ўз бошини бир мошча кўрмайдиган ҳазрат Навоий ҳамиша шундай мураккаб муаммоларга ижобий ечим қидиради ва топади.
Султон ҳукмига кўра, Мирзобек қўлидаги икки асирнинг боши танасидан жудо қилиниши ва султонга юбориш учун чопарга топширилиши керак. Аслида султон ҳукми зудлик билан бажарилиши лозим эди. Аммо Навоий бу адолатсиз ҳукм ижросини бироз пайсалга солади. Жанг майдонида бир жасад кўрганини айтиб, тирик асирнинг ўрнига султонга ўшанинг бошини жўнатишни таклиф қилади. Шу йўл билан асирларнинг лоақал бирини асраб қолиш мумкин эди. Мирзобек Навоийнинг маслаҳати билан худди шундай йўл тутиб, бир асирни сақлаб қолишга муваффат бўлишади. Бироқ адолатсиз уруш яна бир йигитнинг бошига зомин бўлмоқчи. У йигит эҳтимол йўқчилик важидан, оиласи, ота-онаси ё фарзандларини боқиш учун бундай бесамар урушлар аскарига айлангандир. Балки бошқа бир мажбурият уни жанг майдонига етаклаб келгандир. Лекин жаҳолат кураши ҳамиша раҳм-шафқат тугаган нуқтадан бошланади. Навоийнинг талқинича, жаҳолат курашининг алангасини сўндириш учун чумолиникичалик кучи бўлган ҳар қандай жон албатта масъулдир. Ушбу масъулиятни ҳис қила билган кишига ҳамиша ва ҳар жойда нусрат етади.
Бу вазиятда ҳам Навоийнинг тадбири катта самара берганини кўриш мумкин. Бир муддат пайсалга солинган топшириқ хабарчининг султон асирларни қатлдан афв этгани ҳақидаги хабари билан кушойиш топди. Навоийнинг ўйланмай чиқарилган ҳукм қаршисида мулоҳазакорлиги бир йўла икки инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинишига сабаб бўлди.
Инсонга эътибор дейилганда одатда биз ўзимиз, оиламиз, яқинларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилиш, уларга яхши муносабатда бўлишни тушунамиз. Навоийнинг бу борадаги ҳаётий қарашлари бизникидан анча фарқ қилади. У ўз нафси жаҳолатига енгилиб, бесамар курашлар майдонига чиққан ва ўзига қарши қурол ўқталган кишини, биринчи навбатда душман эмас, ўзи каби оддий инсон мақомида кўради. Ҳар қандай инсон ҳаёти эса, муқаддасдир.
Олам аҳлига хитоб
Тафаккуримиз сарҳадларига сиғмас даражадаги юксак қарашлари Навоий ҳаётининг ҳар бир лаҳзасидан ҳамда ижодининг ҳар бир саҳифасидан ўрин олган. Биз – бугунги кун кишилари ўз ботинимиздаги айрим бир мусаффо ҳислардан шу қадар узоқлашдикки, энди бизга энг сара инсоний фазилатлар ҳақидаги гаплар худди хаёлот, уйдирма ё эртакдай туюлиши мумкин.
«Лайли ва Мажнун» достонида чўлу биёбонда ёлғиз қолган Қайсга кийиклар ҳамроҳ бўлгани қаламга олинади. Биламизки, кийик энг ҳуркак ҳайвон. Гўё уларнинг одам атрофига йиғилиб, гала бўлиб, бошини инсон тиззасига қўйиб ором олиши тасаввурда анча ғариб ҳолат. Аммо имконсиз эмас. Навоий ҳатто чўл ваҳшийлари – бўрилар Қайсни қўриқлаб, ҳимоя қилиб туришини ёзган. Бу ҳам бугунги ақлимиз учун малолли тасвир.
Ахир бизнинг бугунги ақлимиздан нафақат беозор ва ҳуркак кийиклар, балки тўқайларга ваҳшат соладиган йўлбарслар, асрлонлар, бўрилар, шеру сиртлонлар фақат «Қизил китоб»ларга кириб қўним топадиган бўлди. Ҳатто тоғлар қаърию уммонлар туби ҳам ақлимиздан омонлик топа олмаяпти. Ҳавога улоқтирилаётган ўта кучли, шафқатсиз заҳарлар миқдоридан фақат ер аҳлигина эмас, етти қават осмон ҳам озор топа бошлади. Инсоннинг инсонга чексиз адовати ёққан оловлар ўсимлик ва ҳайвонот оламининг ҳам кулини кўкка совуриш йўлини тутди...
Буюк шахсиятлар инсон қалбидаги зарра миқдорича ёмонликни кетказиш учун бутун умр ўз нафсларига қарши аёвсиз кураш эълон қилишган. Бу қурашга бел боғлаган киши бошқалар билан уришишга вақт ва эътибор ажрата олмаган. Яъни ҳар ким ўз ботинини поклашдай улуғ ва машаққатли иш билан доимий машғул бўлган. Бу ҳолат ташқаридаги талотўплар ўз-ўзидан барҳам топишига асос берган.
Ўз нафсига қарши кураш инсоннинг дунёга нима мақсадда ва нима вазифа учун келганини англашга етаклайди. Бу – илоҳий маърифатдир. Ҳазрат Навоий ҳаётлари ва асарлари воситасида минг-минглаб инсонларни ана шу илоҳий маърифат нуридан баҳраманд бўлишга ундаган. Зотан, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш барча даврларнинг енгилмас қуролидир.
Ҳазрат Навоий ғазалларидан бирида:
Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш.
дея хитоб қилади. Бу бутун дунё аҳлига улуғ донишманднинг хитобидир. Ҳаёти давомида иғво, кину адоват, қўромаслик, талашишлар, парокандалик ва қирғинбарот урушларга кўп гувоҳ бўлган инсоннинг ҳаётий кузатишлари асосида келган хулосаси, десак хато бўлмайди.
...Бугун дунё аҳли бу хитобга риоя қилишга жуда муҳтож. Фақат буни англаб етолсак бас.
Абдукарим АВАЗБЕКОВ