Янги йил байрами яқинлашаётганини кўча-кўйларда безатилаётган арчалар, ранг-баранг чироқлару, дўкон пештахтасидаги қорбобонинг совғалари билан бир қаторда қулоғимизга чалинаётган пақилдоқларнинг овозидан ҳам ҳис қилиш мумкин. Ҳа, ушбу байрамнинг кутилган «меҳмони» ўзи билан биргаликда бир мунча талафотлару ёнғинларни ҳам олиб келади.
Айни пайтда «қорабозор»да шовқини ва ёнишига қараб 30 минг сўмдан 700 минг сўмгача нархланаётган мушакларнинг бозори чаққонлашиб бормоқда. Нафақат ўқувчи-ёшлар, балки бир оилага тиргак бўладиган даражада улғайганлар ҳам баъзан пиротехника воситалари билан ўйнашадики, инсон саломатлиги, хавфсизлиги кўзига кўринмаганидан ёқа ушлайди киши.
Нафақат чўнтакка, соғлиққа ҳам жиддий зарар
Қизалоқ мактабдан қайтаётганида болалар пақилдоқ отган ва пақилдоқ қизнинг палтоси ёқасига илашиб қолган. Натижада пиротехника воситаси чақнаганда қизнинг қулоқ соҳаси шикастланган. Аммо кийим қалин бўлгани сабаб пиротехника юз ва қулоқ қисмини шикастлаган бўлса-да, қулоқ пардаси ёрилмаган. Акс ҳолда қизча кар бўлиб қолиши ҳам ҳеч гапмас эди…
Ҳа, ҳар мавсумда бу каби воқеаларга кўп гувоҳ бўламиз. Пақилдоқлардан жароҳатланган, куйган беморларни асосан 11-12 ёшли болалар ташкил этади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, пиротехника воситалари ёнганида нафақат қўл ва кўз куйиши мумкин, балки қулоқ пардаси ёрилиши, юз соҳасида тиртиқ қолиши каби хавфи ҳам бор.
Одатда пиротехника воситаларидан фойдалангандан сўнг ҳавода қоладиган нохуш ҳид, яъни порох ёки шунга ўхшаш кимёвий бирикмалар ҳиди марказий нерв системасига жиддий таъсир кўрсатиб, ақлий фаолият бузилишига олиб келиши кузатилган.
Шунингдек, пиротехника ҳиди астмани қўзитади.
Қонун нима дейди?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддаси билан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кирганлик ёки ўтказганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 2501-моддасида (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Аммо, лекин, бироқ...
Айни кунларда юртимизда ёнғинга қарши курашиш ойлиги бормоқда. «Тилсиз ёв»га баъзан ис гази, баъзан ўзбошимчалик билан фойдаланилган иситиш печлари, айрим ҳолларда кичкинагина пақилдоқ ҳам сабаб бўлиши мумкин. Янги йил яқинлашиши биланоқ бутун Ўзбекистон «портлайди». Кўриб турганингиздек, пиротехника воситаларини юртимизга олиб кириш қонунчилик билан тақиқланган. Олиб кираётган, пуллаётганларнинг қанчаси жазоланди, моллари мусодара қилинди (бутун ОАВ шу ҳақда ёзди). Лекин ҳар бир хонадонда байрам пақилдоқлари пайдо бўлади. Айтингчи, улар қаердан келиб қолади?
Шахруза САТТОРОВА
Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам
🕔09:18, 23.10.2025
✔8
Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.
Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
🕔15:28, 16.10.2025
✔37
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
Батафсил
Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар
🕔14:59, 09.10.2025
✔70
Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.
Батафсил