Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатида иқлим ўзгаришлари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркия Республикасида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитидаги иштироки давомида ҳам қатор экологик муаммоларга эътибор қаратган эди.
Ҳозирги пайтда дунёда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва экологик муаммоларни ечиш ҳамда «яшил иқтисодиёт»га ўтиш тобора ўткир заруратга айланмоқда. Қолаверса, Орол денгизининг қуриши каби глобал экологик фожианинг салбий оқибатларини юмшатиш ва экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш ташаббуси илгари сурилгани ҳам бежиз эмас.
Айни пайтда Ўзбекистон томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини ташкил этишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, ушбу тузилманинг Концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг муҳокамаси Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан биргаликда амалга оширилмоқда.
Марказий Осиёда экология, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва табиатни муҳофаза қилиш борасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда ҳам қўшни давлатлар билан тенг манфаатли ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Сирдарё сув ҳавзаси сифати ва атроф муҳит муҳофазаси бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ҳамкорлик доирасида мунтазам равишда Сирдарё дарёсининг тегишли қисмларида икки томонлама қўшма мониторинг тадбирлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, минтақа мамлакатларида баланд тоғ экотизимларини сақлаб қолиш, шунингдек, йўқолиб кетиш хавфи остида турган қор қоплони ва экотизимни сақлаш бўйича глобал дастур GSLEP амалга ошириляпти. Мазкур дастур баланд тоғ тизмалари экотизимлари ҳамда ноёб турдаги қор қоплони тарқалиши ареали бўйича бой табиий муҳитга эга бўлган мамлакатлар қаторида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни қамраб олади.
Шунингдек, Қозоғистон билан ҳамкорликда сайғоқ антилопасини муҳофаза қилиш бўйича грант лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2023 – 2027 йилларда «Fauna and Flora International» халқаро ташкилоти кўмагида амалга оширилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг ўзида Давлат экология қўмитаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўртасида умумий қиймати 10 млн. еврога тенг бўлган «Марказий Осиёда иқлим хатарларини бошқариш» грант лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди.
Ушбу лойиҳа минтақавий характерга эга бўлиб, 2022 – 2026 йиллар давомида Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонда амалга оширилиши режалаштирилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади иқлим ўзгариши, хусусан, Орол денгизи қуриши оқибатида иқлим билан боғлиқ хавф-хатарларни бошқаришда минтақавий ҳамкорликни янада кучайтиришдан иборат. Бундан ташқари, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси томонидан «Мўътадил минтақадаги Турон чўллари» минтақавий табиат объектини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистонда экологик муаммоларни юмшатиш, атроф муҳитни асраш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Жумладан, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқлангани ҳамда Оролбўйи ҳудудида сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ва экологик ўзгаришларни алоҳида эътироф этиш зарур.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2019 – 2022 йилларда Орол денгизининг қуриган тубида жами 1 млн. 732 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилиб, яшил қопламалар ҳудуди 2 млн гектардан оширилди.
Бу борадаги ишлар келгуси йилларда ҳам тизимли равишда давом эттирилиши белгилаб олинган. Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубида 2023 – 2026 йилларда яна 400 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» яратиш режалаштирилган.
Швейцариянинг Цюрих шаҳрида жойлашган «Growther Lab» тадқиқот маркази илмий изланишлари кўрсатадики, курраи замин иқлими ўзгаришининг олдини олишнинг энг мақбул йўли янги дарахтзорларни кескин кўпайтиришдир. Демак, бугунги дунё аҳолисига 4,4 млрд гектар дарахтзор бўлиши керак. Аммо сайёрамизда атига 2,8 млрд гектар ўрмон бор, яъни яна 1,6 млрдга эҳтиёж мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2021 йилда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига старт берилди. Унинг доирасида 2021 йил куз мавсумида 85 млн, 2022 йил баҳор мавсумида эса 126 млн дона кўчатлар экилди.
Жорий йил куз мавсумида лойиҳа доирасида ҳар бир туман ва шаҳарлар кесимида манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, 75 млн дона кўчатлар экилиши режалаштирилган. Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кузги кўчат экиш бўйича «Долзарб қирқ кунлик» тадбирлари амалга оширилмоқда.
Мазкур ташаббус мамлакатимизда яшил ҳудудларни кўпайтириш, дарахт кўчатларини экиш ва уларни самарали парваришлаш орқали иқлим ўзгариши билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олишга қаратилган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳар ҳамда туман марказларида яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга етказиш кўзда тутилгани ғоят аҳамиятлидир.
Бошқача айтганда, юртимиздаги вазирликлар, идоралар, қолаверса, 10 мингга яқин маҳаллаларда бир вақтнинг ўзида миллионлаб манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилади.
Бунинг аҳамиятини янада теранроқ тасаввур қилиш учун қуйидаги рақамни келтиришнинг ўзи кифоя: юртимиздаги 10 мингга яқин маҳаллаларда мавсум давомида, яъни 40 кун мобайнида 75 миллионта кўчат экилади. Бу бир кунда 1 миллион 875 мингта кўчат ўтқазилади деганидир.
Бошқача айтганда, ҳар бир маҳаллага бир кунда ўртача 7 500 тадан ниҳол ерга қадалади. Жорий йил 9 ноябрь ҳолатига кўра республика ҳудудида 24 млн дан ортиқ кўчатлар экиб бўлинди.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган тарихий анжуман – Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида хайрли ишга қўл урилди. Саммитда иштирок этаётган давлатлар раҳбарлари Регистон майдонида яқин ҳамкорлик, муштарак интилишлар тимсоли сифатида дарахт кўчатлари ўтқазишди. Айни шу вақтда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ҳамда барча иштирокчи мамлакатларда ҳам дарахт экиш маросими бўлди.
Маълумки, Туркий давлатлар ташкилоти бугунги куннинг энг долзарб муаммоси бўлган экология масалаларига алоҳида аҳамият қаратмоқда, табиатни асраш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» дастури каби лойиҳалар Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Венгрияда ҳам бор.
Дарахт экиш маросими давомида Самарқанд бу эзгу ҳаракатларни бирлаштиргани алоҳида қайд этилди. Бу миллатларимиз қадрияти, бугунги муштарак мақсадлар рамзи экани таъкидланди.
«Биз бугун туркий дунё ҳурматли етакчиларининг ушбу табаррук заминга ўз қўллари билан кўчат экаётганларини юксак қадрлаймиз. Зеро, бу ниҳоллар – ҳаёт дарахтлари, дўстлик ва ўзаро ишонч, маънавият ва келажак боғлари бўлиб қад ростлайди», – деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мақомидаги қардош мамлакатлар билан экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўзаро тенг манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш масалалари келгусидаги фаолиятимизнинг устувор жиҳатларидан саналади. Бу борада қилиниши лозим бўлган мақсад ва вазифаларимиз кўлами анча салмоқли.
Шу куни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда кузатувчи мақомига эга бўлган Венгрия ва Туркманистон давлатлари пойтахтларида ҳам бир вақтнинг ўзида минглаб кўчатлар ерга қадалди.
Ўша куннинг ўзида юртимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб 2,5 млн дона манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Биргина, Озарбайжонда шу куни 111 минг 111 та дарахт кўчати ўтқазилгани ҳам бу хайрли тадбирнинг кўлами нақадар кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Ушбу тадбирлар иқлим ўзгаришларига қарши биргаликда курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар бўлиб, ўзаро ҳамкорликдаги экологик ташаббусларнинг ёрқин намунасидир.
Биз глобал ҳамда минтақавий экологик хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликдаги ташаббусларни бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Нарзулло ОБЛОМУРОДОВ,
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш
давлат қўмитаси раиси