Оилаларимизнинг мустаҳкам ва барқарор бўлиши, ундаги ўзаро муносабатларнинг намунали йўлга қўйилиши, ҳар томонлама соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, оила даврасида камолга етаётган фарзандларни миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, аввало, мустаҳкам ҳуқуқий асосларга таянади.
Бугун мамлакатимизда оила, оналик ва болалик муҳофазасига бағишланган қатор ҳуқуқий асослар вужудга келди ва такомиллашди. Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонун, «Соғлом авлод учун» орденининг таъсис этилиши, «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциянинг ратификация қилиниши, Конституциямизнинг 14-боби «Оила» деб номланиши фикримиз далилидир. Бугунги кунда саксондан ортиқ фармон ва қарорлар, давлат дастурлари мазмун-моҳиятида аёлни эъзозлаш, унинг саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш, хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини оширишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, бу йўналишдаги ишлар «Соғлом она — соғлом бола» концепцияси доирасида амалга ошириляпти. Бу концепция ижтимоий, иқтисодий, тиббий, юридик ва бошқа кўплаб соҳадаги ишларни ўз қамровига олган. Зеро, ўтиб бораётган йилимизни «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилиш ҳамда Давлат дастури қабул қилиш воситасида соғлом ва мустаҳкам оилани вужудга келтириш, бунинг учун никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларига чек қўйиш, уларни жисмоний ва маънавий соғлом, муайян касб-ҳунар эгаси сифатида жамиятимизнинг фаол аъзосига айлантириш каби вазифалар олдимизга қўйилган эди. Шунингдек, оилада соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича шаклланган ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Онанинг, оила ва жамиятнинг бахти-саодати учун, аввало, хонадонимизда вояга етаётган фарзандларимиз соғ-саломат бўлиши зарурлиги кўзда тутилган.
«Соғлом она ва бола» Давлат дастурига оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир ҳуқуқий тизимни янада такомиллаштириш масаласи киритилиб, янги таҳрирдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси, Жиноят кодексининг аёллар (оналар) билан боғлиқ айрим нормаларига ўзгартиш ва қўшимчалар ишлаб чиқилди. «Мурувват уйлари», бошқа давлат ва нодавлат муассасаларда тарбияланаётган ногирон болаларга кундузи қараш марказларини ташкил этишга оид ҳуқуқий базани яратишга киришилди.
Давлат дастурида соғлом ва мустаҳкам оила қуриш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, соғлом оила мазмунида тиббий ва маънавий жиҳатдан соғломлик ва шулар асосида мустаҳкам оиланинг вужудга келиши ётади. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов маърузаларида «Соғлом бола соғлом ва аҳил оиланинг меваси бўлиб, фақатгина соғлом онадан соғлом бола туғилади», деб бежиз айтмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 декабрь куни Оқсаройда бир гуруҳ юртдошларимизга Ватанимизнинг юксак мукофотларини тантанали топшириш маросимида «...халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора ўзгариб, бозор ва дўконларимизда серобчилик ва арзончилик ҳукм сураётгани, ойлик маошларининг изчил ошиб бораётгани, юртдошларимизнинг бугунги ҳаётидан кўнгли тўқ бўлиб, эртанги кунга ишончи тобора ортиб бораётгани ҳақида албатта кўп гапириш мумкин»лигини таъкидлади.
Ушбу пурмаъно фикрлардан келиб чиқиб, оилада тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурса, эр-хотин ишидан, олаётган иш ҳақи ва бошқа даромадларидан рози бўлса, қилаётган меҳнати рағбат топса, эртанги кунга ишонч билан фарзандларини тарбияласа ва уларнинг камолини кўрса, шундай оилалар албатта соғлом, бахтли, мустаҳкам бўлади ҳамда бундай оилалардан давлат, жамият кўпроқ наф кўради ва уларга ҳамиша суянади.
Маҳбуба ҲАМИДОВА,
«Оила» илмий-амалий маркази бўлим мудири
Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача
🕔14:28, 22.10.2026
✔24
Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.
Батафсил
Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?
🕔13:16, 15.10.2026
✔155
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.
Батафсил
Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф
🕔14:57, 08.10.2026
✔220
Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.
Батафсил