Сўнгги йилларда глобал туризм саноатининг умумий ҳажмида экотуризм улуши 10 фоиздан ошди ва унинг ўсиш суръати бутун сайёҳлик саноатидаги тегишли кўрсаткичларга нисбатан 2-3 баравар юқоридир.
Ўзбекистонда тарихий, маданий ва зиёрат туризмини ривожлантириш билан бир қаторда мазкур соҳанинг бошқа турлари, хусусан, экотуризмни ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Янги таҳрирда қабул қилинган «Туризм тўғрисида»ги қонунда экотуризм мазкур соҳанинг алоҳида турларидан бири сифатида белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг «Экотуризмни ривожлантириш чора-тадбирлари ва сув омборларининг сув сақланадиган зоналарида ер майдонларини ажратиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинди. Ушбу йўналишни жадал ривожлантириш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таркибида Экологик ва агротуризмни ривожлантириш бўлими ташкил этилди.
Экологик туризм (экотуризм) диққатга сазовор жойларни ўрганиш ва улардан завқланиш учун табиатнинг «инсон қадами тегмаган» (нисбатан кам теккан) жойларга саёҳат қилишни англатади. Бундан ташқари, сайёҳлар учун ушбу ҳудудларнинг маданий ва этнографик хусусиятлари ҳам қизиқ. Экотуризм маҳаллий аҳолининг фаол ижтимоий-иқтисодий иштирокини ва мазкур фаолият туридан даромад олишини ҳам таъминлайди.
Аммо бундай ҳудудлар кўпинча қўриқхоналар, биосфера резерватлари ёки уларга яқин жойлардан ташкил топган. Улар таркибида йўқолиб бораётган ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ўнлаб ёки юзлаб турлари мавжуд. Ушбу ҳудудлар қонун ҳимоясида ва одатда оммавий кириш у ёқда турсин, қўриқхона (резерват) ходимлари ва олимлардан бошқа кишиларнинг кириши учун ҳам ёпиқ ҳисобланади. У ерларга сайёҳлар кириб бориши ва оқимининг кўпайиши инсоннинг табиатга қўпол аралашуви демакдир. Бу қўриқланаётган ҳудудларнинг ифлосланишига олиб келиши ва улардаги экотизим яхлитлигига таҳдид солиши мумкин.
Мисол учун, анча вақт илгари Сурхондарё вилоятида бўлган воқеани олайлик. Шеробод тумани ҳокими Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташаббуси билан Сурхон қўриқхонаси ҳудудидан 2163,9 гектар ерни қўриқхона таркибидан чиқариб, у ерда экотуризмни ривожлантириш учун буфер зона ташкил қилиш ҳақида қарор қабул қилади. Кейинчалик туман ҳокими ўша ерда меҳмонхона қуриш учун ер участкаларини ажратиш тўғрисидаги бошқа қарорга ҳам имзо чекади. Давлат экология қўмитаси мазкур ҳаракатларни «Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонуннинг қўпол равишда бузилиши деб топади...
Маълумот учун: Сурхон қўриқхонаси флорасининг 39 та тури, фаунасида 20 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.
Кўриниб турибдики, республикада экотуризмни ривожлантириш мамлакат табиатини муҳофаза қилиш ва атроф муҳит тозалигини сақлаш юзасидан қўшимча саъй-ҳаракатларни талаб этади. Шу ўринда табиий саволлар туғилади: қандай қилиб экотуризмни мамлакатнинг табиий меросига ва мавжуд экотизимига зарар етказмасдан ривожлантириш мумкин? Икки йўналишни ўзаро уйғунликда олиб бориш мумкинми?
Экотуризмнинг республикадаги салоҳияти
Ўзбекистон океан ва денгизлардан узоқда жойлашгани ва табиий сув ҳавзалари ҳажми кичиклиги сабабли экотуризмни ривожлантириш учун мақбул жойлари қўриқхоналар ва уларга яқин жойлашган ҳудудлар ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатда Тошкент, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида жойлашган 7 та қўриқхона мавжуд бўлиб, умумий майдони 188,33 минг гектардан ошади. Ушбу қўриқхоналар асосан йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган.
Экотуризмнинг соф иқтисодий самарасини аниқлаш – мушкул масала. Турли мамлакатлар тажрибасидан маълумки, экотуризмдан тушган даромаднинг 95 фоизи маҳаллий ҳудудлар (вилоят ва туманлар) иқтисоди улушига тўғри келади.
Бундан ташқари, экотуристларнинг кунлик харажатлари бошқа турдаги сайёҳларникидан 2-3 баробар кўп. Мисол учун, дунёнинг етакчи экотуризм ҳудудларидан бири бўлмиш Коста-Рикада бир сайёҳ экотуризм манзилида ўртача 1000 $ сарфласа, бу кўрсаткич Францияда учун 400 $ га тенг. Бошқа мисол: Доминикада сайёҳлар табиатга зиёнсиз кичик қўноқлар учун сайёҳлик кемаларидан кўра 18 марта кўп пул тўлайди.
Табиатни асраб, тижоратни ривожлантириш: хориж тажрибаси
Экотуризмнинг катта бозорлари Коста-Рика, Эквадор, Непал, Кения, Мадагаскар ва Шимолий яримшар мамлакатларидир. Аслида «экологик туризм» тушунчаси замирида саёҳатчиларнинг борадиган манзилини аяши ҳамда мазкур ҳудудлар оммавий ва ҳукумат ҳимоясида бўлиши лозимлиги ётади. Непалда экотуризм табиий ресурслардан фойдаланишга ёрдам бериши, биологик хилма-хилликни сақлаши, ўрмон қопламини кўпайтиришга хизмат қилиши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва кўпайтиришга, кўкаламзорлаштириш ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ижобий таъсир этиши зарурлиги шарт қилиб қўйилган. Шунингдек, у ерда табиий меросни асрашни такомиллаштириш ва бошқаришга маҳаллий жамиятнинг иштироки ва қўллаб-қувватлаши орқали эришилмоқда.
Экотуризмнинг табиатга етказиши мумкин бўлган зарарининг олдини олишда, аввало, давлат назорати ҳамда жамиятдаги экологик билимлар аҳамияти беқиёс. Давлат назорати эса зарур норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга асосланади. Такомиллаштиришда халқаро стандартлар ҳамда хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланилиши зарур. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг табиат муҳофазасига оид бир неча халқаро конвенция ва шартномани имзолагани аҳамиятлидир. Бироқ мамлакатимиз ҳозирга қадар экологик туризмга оид халқаро шартномаларга қўшилгани йўқ. Бевосита туризм ва у сабаб келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатлар олдини олишда давлат, нодавлат ташкилотлари ва сайёҳларнинг ўрнини белгиловчи БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилотининг «Туризм этикаси тўғрисида»ги ҳадли конвенцияси ҳамда «Экотуризм тўғрисида»ги Квебек декларациясини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Мазкур халқаро шартномаларда табиат ва экотуризм тараққиётини туризмнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, табиий ва маданий меросни инновацион дастурларнинг ёмон оқибатларидан муҳофаза қилиш билан боғлиқ ахлоқ-одоб принциплари ҳамда экотуризм тараққиётини белгилашда давлат ва нодавлат секторининг роли, шунингдек, соҳа ривожига оид бошқа муҳим масалалар акс этган. Шу сабабли, Ўзбекистонда экологик ва агротуризм ривожига эш бўладиган зарур ҳуқуқий ва ташкилий вазифаларни белгилаб олишда экотуризм бўйича Квебек декларацияси меъёрларини қўллаш тавсия этилади.
Шу ўринда мазкур масала юзасидан бир-иккита хориж тажрибасига тўхталиб ўтиш жоиз. Сингапурда экотуризмни ривожлантиришда давлатнинг ўрни жуда катта. Давлат табиий меросни ҳимоялашдан ташқари, экотуризмни ривожлантириш мақсадида турли хил фондлар ташкил этади, қонун ҳужжатларини қабул қилади. Шунингдек, хусусий сектор муассасалари билан экотуризмни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Гонконг ва Шанхай банки каби хусусий муассасалар эса мамлакатда «Табиатга ғамхўрлик қилиш» дастурига ҳомийлик қилмоқда. Бироқ Сингапурнинг айрим ҳудудларида экология билан боғлиқ муаммолар келиб чиқаётгани кузатилган.
Ўзбекистонда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигида қўшма дастурлар ишлаб чиқиш амалиётини жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Мамлакатда туризм, айниқса, экотуризм соҳасидаги салоҳият замонавий талабларга жавоб бермайди. Соҳа тараққиёти учун зарур шароитлар яратишда инвестициялар жалб этибгина қолмай, улардан оқилона, табиатга зиён етказмасдан фойдаланишда давлат назоратини кучайтириш муҳим омил ҳисобланади.
Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг айрим табиий ҳудудлари ва объектларидан фойдаланишни олайлик. Урунғоч кўли ва унга туташ ҳудуд гидрологик табиий ёдгорлик саналади. Кўл ҳудудида экотуризмни ривожлантириш режалаштирилган. Асосий вазифалар қаторига табиий кўл ва унга туташ ҳудудни сақлаш ва муҳофаза қилиш, тоғ экотизимининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш, экологик туризмни ташкил этиш, илмий ва экологик таълимни ривожлантириш киради. Ёдгорлик ҳудудида кўлга салбий таъсир кўрсатадиган ҳар қандай фаолият тури тақиқланади. Бундан ташқари, у эрда экологик назорат постини ўрнатиш режалаштирилган.
Республикада фаолият юритувчи туроператорлар, давлат ҳокимияти идоралари ходимлари ва аҳолининг экологик билимларини ошириш масаланинг яна бир муҳим жиҳатидир. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Давлат экология қўмитасига Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни тавсия этиш мумкин. Шунингдек, экотурларни Давлат экология қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш лозим. БМТнинг барча барқарор ривожланиш мақсадларига (хусусан, экологик ва иқтисодий барқарорлик соҳасидаги) эришиш учун Ўзбекистон Республикасида туризмнинг муқобил тури сифатида экотуризмни ривожлантириш муҳим албатта. Уни ривожлантиришда экология ва туризмнинг манфаатлари қарама-қаршилиги эмас, аксинча, ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Сурайё УСМОНОВА