Илк Ренессанс даврининг ёрқин намояндаси Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини янада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, ушбу йўналишда тадқиқотлар олиб бораётган етакчи халқаро илмий марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш бугунги кун илм-фанида етакчи мавқени эгалламоқда.
Ушбу қомусий олим таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш борасида қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш мақсадида юртимизнинг турли гўшаларида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Илм-фан ривожида Хоразмшоҳ Маъмуннинг ҳиссаси катта бўлган. 1004 йилда унинг раҳнамолигида Абу Райҳон Беруний раҳбарлигида Гурганжда Маъмун академиясига асос солинади. 1004-1017 йилларда хоразмшоҳлар давлатининг пойтахти Гурганчда фаолият кўрсатган академияда юзга яқин олимлар илмий изланишлар олиб борган. Шулардан бири бу Абу Райҳон Берунийдир.
Буюк қомусий олим Aбу Райҳон Муҳаммад ибн Aҳмад ал-Беруний 973 йил 4 сентябрда қадимги Хоразмнинг Кат (ҳозирги Беруний тумани) шаҳрида таваллуд топди. Беруний ёшлигида ота-онасидан етим қолиб, машҳур олим Абу Наср ибн Ироқ қўлида тарбияланади ва Кат шаҳрида мадрасада таълим олади. У ёшлигидан хоразм, сўғд, юнон, форс, араб, яҳудий, ҳинд каби бир қанча тилларни пухта ўрганади. Беруний ёшлигидан илмга ташна бўлган, бу ҳақда «Мен болалик чоғимданоқ – деб ёзган эди Беруний – ўз ёшим ва шароитимга қараб, имкони борича кўпроқ билим олишга интилдим. Бунинг далили сифатида қуйидагини келтириш кифоя: биз турадиган жойга бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил донлар, уруғлар, мевалар ва ҳоказоларни олиб бориб, унга кўрсатар ва бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб, номини ёзиб қўяр эдим».
Беруний Абу Наср Ироқ раҳбарлигида ёшлигидан риёзиёт ва фалакиётни ўрганиб, ўн олти-ўн етти ёшларидаёқ Қуёшнинг чошгоҳдаги баландлигини армила билан ўлчаган. Орадан ўттиз йил ўтгач, Беруний ёшлигида ўзи ўлчаб олган натижаларни таҳлил қилар экан, улар анчагина ишончли бўлганини таъкидлайди. Ёшлик йилларида у қуёш тутилишини кузатиш билан шуғулланади. Беруний йигирма икки ёшида Марказий Осиёда биринчи бор глобусни яратди. Ўзидан олдинги аждодлар қолдириб кетган кўплаб китобларни ўрганди ва бизгача етиб келган, турли халқларнинг йил ҳисоблари ҳақидаги илк йирик асари – «Осорул боқия» («Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар»)ни яратади. Унда юнонлар, римликлар, форслар, суғдийлар, хоразмийлар ва бошқа кўплаб қабила ва халқларнинг барча даврлари, байрам ҳамда тақвимлари, шунингдек Шарқнинг турли мамлакатлари маданият ва адабиёти тарихи тўла баён этилган. Бу асарда Беруний ўзини фақат элшунос олим эмас, балки тилшунос – араб, юнон, форс, сурёний ва бошқа тил ҳамда адабиётларнинг билимдони сифатида намоён этди.
Беруний Урганч шаҳрида Хоразмшоҳ Маъмун саройида хизмат қилди. Унинг иштирокида Урганчда Бағдоддагига ўхшаш Хоразм Маъмун Академияси ташкил этилди. Мазкур Академияга раҳбарлик қилган Беруний билан бир қаторда ўз даврининг етук олимлари, мутафаккир ва шоирларидан саналган Ибн Ироқ, Ибн Сино, Абу Саҳл Исо Масиҳий, Абул Хайр Ҳаммор, Абу Мансур ас-Саолибий ҳам мазкур илм даргоҳида самарали фаолият олиб боришди.
Беруний яратган риёзиёт ва фалакиёт соҳасидаги илмий кашфиётларнинг бемисл аҳамияти уни ҳатто Европада ҳам яхши танитган эди. Беруний фаннинг деярли ҳамма соҳалари билан шуғулланди. Шарқнинг бой фан ва маданиятини пухта ўрганиб, юнон илми билан ҳам чуқур танишиб, йирик олим бўлиб етишди.
Беруний шоир, адабиётшунос ҳам эди. Она тилидан ташқари араб, суғдий, форс, сурёний, юнон ва яҳудий тилларини мукаммал ўрганди. Кейинчалик, Ҳиндистонда санскрит тилини ўрганди. Беруний рисолалари асосан риёзиёт ва фалакшуносликка оид эди, шунингдек, физика, тарих, хронология ва бошқа фанларга тааллуқли асарлари ҳам бор. Унинг дунёнинг тузилиши, Ернинг ҳаракати ва тортиш кучи ҳақидаги илмий қарашлари ўз замонаси илм-фан соҳасида жуда кўп илгарилаб кетганини билдиради.
Ўша даврда Беруний Қуёш ва сайёраларни кузатадиган илк қўзғалмас квадрантни қурдирди, ушбу асбоб ундан кейинги тўрт юз йил мобайнидаги жаҳондаги осмон жисмларини ўлчайдиган энг ноёб ва энг катта астрономик асбоб ҳисобланади. Фалакиётшунослик соҳасида Беруний ишлатган ўлчовлар кўп асрлар давомида аниқлик бўйича бетакрор бўлиб қолмоқда.
«Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» ва «Ҳиндистон» асарлари олимнинг бошқа асарлари каби жаҳон фанига қўшилган буюк ҳисса бўлди. У ислом тарқалишининг дастлабки асрларида Хоразм иқтисоди ва маданияти ривожланиш даражасини намоён этди. Айниқса, «Ҳиндистон» асарида халқлар дўст, иноқ, иттифоқ бўлиб яшаши учун курашиб, инсониятга, у яратган фан ва маданиятга қирғин келтирувчи урушларни қаттиқ қоралади. Олим ушбу асарида «халқлар ўртасида тортишиш ва талашиш кўп», – деб афсусланиб ёзган эди. Унинг Ҳиндистонда олиб борган кенг илмий-тадқиқот ишлари халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамкорлик ва маданий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган эди. Бундан кўриниб турибдики, Беруний маданий ҳамкорлик ва илм-маърифатнинг кенг тарқалишига катта эътибор берган.
Беруний филология соҳасида ҳам қалам тебратиб, мумтоз араб шеърияти, ҳинд шеърияти тузилишига оид тадқиқотлар, эрон фольклори намуналарининг араб тилига таржималарини яратди. Мамлакат равнақи фан равнақи билан узвий боғлиқ деб билди.
«Ҳар бир олим ўз муҳокамасида амалиётга асосланиши, ўз тадқиқотида аниқ бўлиши, тўхтовсиз меҳнат қилиши, хатоларини қидириб тузатиши, илмда ҳақиқат учун ҳар хил уйдирма, юзакичиликка қарши кураш олиб бориши зарур», – деб ёзган эди у.
Олим ўз асарлари рўйҳатини тузгандан кейин яна иккита муҳим китобини ёзган. Булардан бири «Минералогия» иккинчиси «Сайдана»дир. «Минералогия» асари ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ, ҳатто Европада ҳам минералогия соҳасида энг яхши, тенги йўқ асар ҳисобланади.
Беруний авлодларга катта илмий мерос қолдирди. Ўз даври илм-фанининг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ таржималари, турли ҳажмдаги асарлари, ёзишмалари қолган. Юқорида кўрсатиб ўтилган катта ҳажмдаги асарларидан ташқари астрономия, астрология, математика, геодезия, геология, минералогия, география, арифметика, тиббиёт, фармакогенезия, тарих, филология масалаларига оид қатор рисолалар яратди ва санскрит тилидан арабчага, араб тилидан санскрит тилига таржималар қилди. Бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб шеърлар ёзди. «Астрологияга кириш», «Астрономия калити», «Жонни даволовчи қуёш китоби», «Икки хил ҳаракатнинг зарурлиги ҳақида», «Кўпайтириш асослари», «Птолемей «Алмагест»ининг санскритчага таржимаси», «Фойдали саволлар ва тўғри жавоблар», «Фарғоний «Элементлар»ига тузатишлар», «Турклар томонидан эҳтиёткорлик», «Оқ кийимлилар» ва карматлар ҳақида маълумотлар», «Шеърлар тўплами», «Муқанна ҳақидаги маълумотлар таржимаси», «Ибн Сино билан ёзишмалар»и шулар жумласидандир.
Буюк қомусий олим ва мутафаккир Беруний 1048 йил 11 декабрда Ғазна (Афғонистон) шаҳрида 75 ёшида оламдан ўтди.
XIX асрдан бошлаб Европа ва Осиё мамлакатларида Беруний мероси билан қизиқиш янада кенг тус олди. Унинг асарлари лотин, француз, италян, немис, инглиз, форс, турк тилларига таржима этила бошланди. Беруний асарларига бағишланган европалик олимларнин китоблари, таржималари нашр этилди.
Абу Райҳон Беруний ўз илмий ишларининг рўйхатини тузади. Бунда 1035 йилгача ёзилган китоблари ва рисолалари 113 тага етгани кўрсатилган. Кейинги ёзган асарларини ҳам қўшсак, у қолдирган илмий мерос 152 та китоб ва рисоладан иборат. Олимнинг асарлари мавзу жиҳатдан турли-туман. Кўпчилик асарлари эса ўз замонасида ўзига хос бир энциклопедия ҳисобланган. Асарларининг 70 таси фалакиёт, 20 таси риёзиёт, 12 таси география ва геодезия, 3 таси маъданшунослик, 4 таси хартаграфия, 3 таси иқлимшунослик бири физика, бири доришунослик, 15 таси тарих ва этнография, 4 таси фалсафа, 18 таси адабиёт ва бошқа фанларга оиддир. Абу Райҳон Беруний турли тиллардан бир қанча илмий ва адабий асарларни таржима ҳам қилган.
Ўзбекистонда Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», «Ҳиндистон», «Қонуни Масъудий», «Геодезия», «Сайдана» каби асосий асарларини ўз ичига олувчи кўп томли сайланма асарлари ўзбек ва рус тилларида Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан нашр этилди.
Фируза ЖУМАНИЁЗОВА,
Хоразм Маъмун академияси
кичик илмий ходими