Бу йил коллежнинг учинчи курсида ўқияпман. Ўқишларим яхши. Битирувчи бўлганим боис, елкамдаги масъулият янада ортди. Чунки олдимда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Келаси йил олий ўқув юртига ҳужжат топшираман. Мактаб ва коллеж дарсликларини бир неча бор такрорлаб чиқишим керак.
Ўтган куни ўқитувчимиз «Ким бўлсам экан?» мавзусида иншо ёзиб, синфда ўқиб беришимизни айтди. Содиқ шифокор, Зарина ўқитувчи, Ботир эса муҳандис бўлмоқчи экан. Энди навбат менга... Ўқитувчимиз менинг иншомни ўқишни бошлаши билан синфда кулги кўтарилди. Аммо ярмига келиб, бу кулги ўрнини жим-житлик эгаллади.
«...Болалигимдан ошпаз бўлишни орзу қиламан. Мазали таомларни истеъмол қилишдан кўра, уни тайёрлашни ёқтираман. Турли хилдаги таомларим бировларга манзур келса, хурсанд бўлишса, мендан бахтли инсон бўлмайди. Лекин бу орзу-умидларимни ота-онам шунчаки, қизиқиш деб билишади. Дадам шифокор бўлишимни хоҳлайди. Ахир, қайсидир касбни эгаллашдан олдин шу касбга қизиқиш бўлиши керак-ку. Бундан ташқари, қизиқиш бўлмаса, қанча мажбурласангиз ҳам етук мутахассис бўла олмайсиз. Шифокорнинг ҳеч қачон адашишга ҳаққи йўқ. Фақат ота-онамнинг орзулари билан иш битмайди-ку!
Дадам ҳар икки гапида:
— Қозон-товоқ ичида бировларга хизмат қилиб ўтиб кетасанми? Оиламиз обрўсига мос иш қил. Отангнинг изидан юрсанг-чи. Алишер ўртоғимни биласанми, маҳалламиздаги, адвокат? Ўғлини ҳам адвокат қилмоқчи. Ота ўғил-да! От ўрнини той босади, тамом!..
Менинг эса фикримни ҳеч ўзгартиргим келмайди.
Ахир, ошпазлик ҳам бир санъат-ку. Инсонда хоҳиш-истак бўлмаса, ўз касбининг мутахассиси бўла оладими? Ўқишни ҳам тамомладим, ишга ҳам кирдим, дейлик. Билим ва малакам бўлмаса, инсонларга қандай ёрдам қўлини чўзишим мумкин. Бировнинг ҳаёти ўйинчоқмас-ку. Тўғри, ота-она ўз фарзандига яхшиликни раво кўради, лекин озгина бўлса ҳам фарзандларининг қизиқиш, қарашлари билан ҳисоблашишса эди... Касбнинг яхши ёки ёмони йўқ-ку. Ҳамма гап уни сидқидилдан эгаллашда. Нима фарқи бор, шифокорми, ошпазми ёхуд сартарош — барчаси инсонлар учун, фақатгина вазифаси бошқа, холос. Мен, албатта, дадамнинг орзуларини рўёбга чиқараман, лекин ўзим танлаган касбим орқали!»
Икки кундан сўнг ўқитувчимиз ота-оналар мажлиси ўтказилишини айтди. Бу хабарни эшитишимиз билан ҳаммани қўрқув аралаш хавотир босди. Сабаби, кимдир паст баҳо олган ёки муштлашган… Ўша кунда уйимизда ҳам «йиғилиш» давом этди. Баъзида бу «йиғилиш»да иштирок этмаслик учун вақтли ухлаб оламан. Албатта, буни ойим сезади, лекин индамайди. Ўша куни ҳам шундай бўлди. Атайин дадам ишга кетишини кутиб, кеч уйғондим. Буни қарангки, дадам ҳали ҳам уйда. Мен ҳам ҳеч нима бўлмагандек юравердим.
— Ўғлим, — деди дадам паст овозда. — Ўқишларинг яхшими, қийналмаяпсанми, бу йил битирувчисан, тайёргарлик кўряпсанми?
— Ҳа, яхши, дада... дарсликларни такрорлаяпман...
Дадамнинг бу сўзини эшитиб ҳайрон қолдим. Чунки дадам ҳеч қачон ўқишим билан қизиқиб кўрмаганди. Доим: «ўқишдан ғам ема, китоб-питоб ўқиб ўтирма, ўзим жойлаштириб қўяман», дерди.
— Айтганча, кеча китоб дўконига киргандим, абитуриентлар учун яхши китоблар бор экан. Қайси фандан тайёрланаётганингни билмадим, керакли китоблар рўйхатини ёзиб берсанг, олиб келардим. Ўғлим, бугун менга мазали таом тайёрлаб бер-чи, қани, бир кўрай ошпазлик маҳоратингни, — деди-да, чиқиб кетди.
Ҳеч нимага тушунмадим. Дадам анча ўзгариб қолгандек эди...
Дилфуза ТИЛЛАЕВА
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔218
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔256
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔430
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил