Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Ўзбекистонда электромобилларнинг оммалашишига тўсиқ бўлаётган муаммолар

Сўнги ўн йил ичида дунё миқёсида ёқилғи билан ҳаракатланадиган автомашиналардан воз кечилиб, электр орқали қувватланадиган электромобилларга ўтилмоқда.

Ўзбекистонда  электромобилларнинг оммалашишига  тўсиқ бўлаётган муаммолар

Электромобиллар энг оммалашган давлатлар қаторида Норвегия етакчилик қилмоқда. Ўтган йили мамлакатда сотилган автомобилларнинг 86,2 фоизини электромобиллар ташкил қилган. Бу кўрсаткич Швецияда 45 фоиз, Нидерландияда эса 29,8 фоизга етган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда сўнги тўрт йилда хорижий давлатлардан 992 та электромобиль импорт қилинган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 1 минг 314 та электромобиль олиб кирилди.

Мутахассисларнинг айтишича, электромобилларнинг двигатели атроф муҳитга зарарли газларни чиқармайди. Энг муҳими, электр энергиясидан қувват олиши сабабли анъанавий ёқилғи сарфини 33 баробар камайтиради. Агар электромобиль уйда қувватланласа, 1 километр масофа ўртача 45 сўмга тушади. 100 километр, 4 минг 500 сўмга айланади. Таққослаш учун 10 литр Аи-92 бензини тахминан 95-108 минг сўм туради. Ҳали мой ва бошқа харажатлар ҳисобга олинмаган.

Бу машиналарнинг яна бир қулайлиги, электромобиллар билан тўқнашув содир этилганда, тўқнашув сенсори томонидан батареялар ўчирилиши натижасида электромобиль автоматик тарзда тўхтайди.

 Шунингдек, эҳтиёт қисмлари сони камроқ бўлгани унинг ишончлилигини оширади. Натижада таъмирлаш ҳамда техник хизмат кўрсатиш харажатлари камаяди.

Тўғри-да, табиат ва атроф муҳитга безарар, ёқилғидан кўра харажатлари кам, ҳаракатланишга қулай, ҳар томонлама пухта ишланган машина кимга ҳам ёқмайди!? Шу боис, Ўзбекистонга электромобиль импорти учун фуқароларга қатор имтиёзлар берилган. Аммо...

НЕГА ЎЗБЕКИСТОНДА ЭЛЕКТРОМОБИЛЛАР ОММАЛАШМАЯПТИ?

Мамлакатимизда давлат томонидан электромобилларга бериладиган имтиёзларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Президентнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори билан 2019 йил 1 январдан Ўзбекистонга электромобиль импорти учун бож тўлови бекор қилинган, ўша йил июль ойида акциз солиғи ҳам олиб ташланган эди.

Бироқ, нархлар борасида ҳам талайгина муаммолар бор. Айни пайтда четдан енгил электромобиль олиб киришда 20 евро божхона йиғими ва 15 фоизлик қўшилган қиймат солиғи тўланади. Электромобиль божхона божидан озод этилган бўлса-да, автомобиль нархининг 15 фоизини ташкил этадиган қўшимча қиймат солиғи ва йўл ҳақи ва расмийлаштириш ишлари ҳисобидан нарх кўтарилиши аниқ.

Масалан, Кореяда ишлаб чиқарилган «Hyundai Kona» электромобиллари Ўзбекистондаги автосалонларда 35 минг доллар атрофида сотилмоқда. Яна бир мисол, Хитойда 15 минг АҚШ долларига баҳоланган машина, Ўзбекистонга етиб келгунча 28 минг АҚШ долларига айланади.

Аммо, ҳамон муаммонинг кўлами катта. Кўпчилик мазкур, автомашинада носозлик кузатилса, унинг эҳтиёт қисмларини топишда муаммолар учраяпти. Бундан ташқари, қувватлаш станцияларининг етарли эмаслиги яна бир муаммо бўлаётганини айтмоқда. Уйда зарядлаш учун эса ҳаммада ҳам шароит йўқ. Айниқса, кўп қаватли уйда яшовчиларда бунинг иложи йўқ.

Энг ёмони, ҳозирча электромобилларни тушунадиган усталар етишмайди. Эҳтиёт қисмларини 1-2 ой кутиш керак. 1-2 йил миниб юрган электромобилингизни олган нархга сотолмайсиз. Нархи 10-20 фоизгача тушиши мумкин.

Сир эмаски, ҳозирда ҳам юртимизнинг баъзи вилоятларда электр энергиясида узилишлар бўлиб туради. Бу эса электромобиллар қувватлантиришда жиддий муаммога сабаб бўлмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, электромобиллар Ўзбекистонда 2018 йилда импорт қилина бошлаган бўлса, уларни илк қувватлаш станцияси 2020 йилда ўрнатилган. 2020 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда «Makro» супермаркетлар тармоғи томонидан биринчи мультиразёмли электромобилларни қувватловчи станция ўрнатилган. Шундан сўнг Ўзбекистон «Plugshare» — электромобилларни дунё бўйича қаерларда қувватлаш мумкинлигини кўрсатадиган дунё харитасида пайдо бўлди.

«Plugshare» харитаси маълумотига кўра, ҳозир Ўзбекистонда элликдан ортиқ электромобилларни қувватлаш станцияси мавжуд. Улар пойтахтимизда, Тошкент вилоятида Самарқанд, Қарши, Наманган, Қўқон, Фарғона ва Навоий вилоятларида ўрнатилган.

Аммо бу етарли эмас. Мисол учун, агар Тошкентдан Нукусга бормоқчи бўлсангиз, фақатгина Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида машинани қувватлаш имконига эга бўласиз. Бу масофа 300 километрга яқин. Ҳамма электромобиллар ҳам у ерга етиб бора олмайди. Қурилмани топдим деганингизда яна камида уч соат кутишингиз керак бўлади. Тўлиқ энергия билан 500 километр масофани босиб ўтади. Тўлиқ қувватлаш учун кетадиган ўртача вақт 5-7 соатни ташкил қилади.

Жойлардаги тез қувватлаш станцияларида эса 30 дақиқа ҳам кутмайсиз. Аммо, электромобиль ҳайдовчиларининг айтишича, вилоятдаги қувватлаш станцияларида навбатлар кўплигидан икки кунлаб қолиб кетяпти. Бугунги кунда энг катта муаммо электромобиль машинасининг қувватлаш станцияларининг етишмаслигида. Ҳозирча электромобиллар шаҳар ичидагина қулай машина бўлиб турибди. Чунки қувватлаш станциясини қурган тадбиркорлар электр нархига фойда кўриш учун қўшимча қўша олмас экан.

СТАНЦИЯ ТАШКИЛ ЭТИШ УЧУН...

Электромобиль қувватлаш станциясини ташкил этиш учун тадбиркорларга нима тўсқинлик қилмоқда?

– Биз давлатдан электр энергияни 450 сўмдан сотиб олиб, унинг устига фойда қўйиб сота олмаймиз, – дейди тошкентлик тадбиркор Жамол Нурматов. – Бу қонун томонлама тақиқланган. Унда менга нима фойда фалон минг долларлик қувватлаш станциясини сотиб олиб, уни Ўзбекистонга олиб кириб, ўрнатишдан? Бундан ташқари, майдончани асфальт қилиш, кабель тортиб келиш, хуллас, қувватлаш майдончасини жиҳозлаш каби харажатларни қилишдан тадбиркорга наф йўқ.

Вазирликлар, бюджет ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар хизмат машиналарини 2025 йилгача камида 10 фоизгача 2030 йилгача тўлиқ электромобилларга алмаштирилиши таклиф этилганди.

Муаммоларни ечиш учун тўхташ жойларини қуриш йўналтириладиган имтиёз ва субсидия ҳақида ҳам айтилаётган эди. Бироқ, тадбиркорлар ҳали бу имтиёз ва имкониятлардан фойдаланмаганини айтишмоқда. Вазиятни чуқурроқ ўрганишга киришдик...

Муаммонинг биргина ечими – тадбиркорларнинг қувватлаш станциясини ташкил этишига кўмаклашиш ёки электромобиль сотиб олишни рағбатлантириш мақсадида бепул қувватлантириш шохобчалари очиш.

Бир сўз билан айтганда, юртимиз бўйлаб электромобиль қувватлаш шохобчалари йўқлиги, бу – машиналарнинг оммалашишига тўсқинлик қилаётган омиллардан бири. Бу муаммони бартараф этиш мақсадида жорий йил 28 мартда Экология қўмитаси ва «Megawatt Motors» компанияси ўртасида меморандум имзоланди. Давлат-хусусий шериклик асосида бўлиши кўзда тутилган лойиҳа бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳар 100 км. масофада электромобиль қувватлаш станцияси ташкил этишни назарда тутади.

Ўйлаймизки, мазкур лойиҳа ҳаётга тат­биқ этилса, юқоридаги барча муаммолар бартараф этилиб, электромобиллар оммалашишига имконият яратилади.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,

ЎзА




Ўхшаш мақолалар

Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔34

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔38

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Қулоқчинлар  эшитиш қобилиятининг бутунлай йўқолишига  сабаб бўлади

Қулоқчинлар эшитиш қобилиятининг бутунлай йўқолишига сабаб бўлади

🕔14:33, 29.03.2024 ✔44

Бугун ён-атрофга назар солсангиз, кўпчилик инсонларнинг қулоқчин (нашуник)-да мусиқа ёки аудиокитоб тинглаб кетаётганига кўзингиз тушади. Бу  яхши, aлбаттa. Аммo ҳaр нaрсaнинг фoйдaли тoмoни бўлгaни кaби зарари ҳaм йўқ эмас.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар