Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри бугун дунёнинг диққат марказида. Бу ерда нуфус қамрови жиҳатдан сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қилаётган мамлакатларнинг йирик анжумани бошланиш арафасида.
Самарқандда 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган саммитда ўн бешта давлат раҳбарлари иштирок этади. Шуни таъкидлаш керакки, ШҲТга аъзо мамлакатлар раҳбарлари сўнгги уч йилда биринчи марта бир жойга мулоқот учун тўпланмоқда.
Мамлакатимизда мазкур йирик тадбирга муносиб тайёргарлик кўрилди. Самарқандда Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Жадиди Кўрагоний» асарини ифодаловчи янги аэропорт қурилди. Янги аэропорт соатига 800 нафар йўловчи ва ҳафтасига 120 тагача рейсга хизмат кўрсата олади. Шунингдек, 8 та янги меҳмонхона жумладан, иккита 5 юлдузли, олтита 4 юлдузли меҳмонхоналар қуриб, фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлисида ШҲТга аъзо мамлакатлар – Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Беларусь Республикаси, Мўғулистон ва Эрон Ислом Республикаси етакчилари иштирок этади.
Фахрий меҳмон сифатида Туркия Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Туркманистон ва Арманистон Республикаси, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилган.
Куни кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг айнан мазкур тадбирга бағишланган «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» номли концептуал мақоласи маҳаллий ва халқаро нашрларда эълон қилинди.
Мақолада қайд этилганидек, «... ҳар бир томоннинг манфаатларига жавоб берадиган халқаро ҳамкорликни кўп томонлама институтларсиз амалга ошириб бўлмайди. Ушбу институтлар фаолиятидаги муайян камчиликларга қарамасдан, улар минтақавий ва глобал миқёсда давлатлараро ҳамкорликнинг энг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилишда давом этмоқда. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни рағбатлантиришга ёрдам беради».
Дарҳақиқат, бугун ана шундай вазифаларни бажарадиган энг ёш институтлардан бири – Шанхай ҳамкорлик ташкилотидир. Мақолада ШҲТ маконидаги давлатларнинг юксак инсоний, интеллектуал ва технологик салоҳиятга, жадал ривожланаётган иқтисодиётларга ва ҳали тўлақонли фойдаланилмаган табиий захираларга эга эканлиги қайд этилиб, бу эса ташкилотнинг иқтисодий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланган.
Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қарийб чорак қисмини ташкил қилмоқда. Бу эса эндигина 20 ёшга тўлган ушбу минтақавий Ташкилот томонидан дунёнинг барқарор ривожланишига қўшилаётган ҳиссасининг салмоғи юксак эканидан далолат беради.
Мақолада минтақада экологик бўҳронларга қарши биргаликда курашиш, транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экологик хавфсизлик, инновациялар, рақамли трансформация ва «яшил» иқтисодиёт каби муҳим йўналишлар ҳақида ҳам фикрлар билдирилган.
Давлатимиз раҳбари ўз мақоласида «Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади» деган шиорни ҳам ўртага ташлаган.
Ўзбекистонда йил давомида ўтказилган саксондан ортиқ йирик тадбирлар доирасида ШҲТ учун кенг қамровли кун тартиби шакллантирилган. Бунда хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, Ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, ривожланишнинг янги йўллари ва нуқталарини излаш каби кўплаб муҳим масалалар қамраб олинганлиги ҳам мақолада келтирилган.
Самарқандда ўтадиган саммитнинг кун тартибига мувофиқ кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари, ШҲТни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари ва устувор вазифалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Якунда ташкилот фаолиятини кенгайтириш ва устувор соҳалардаги минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўпламининг имзоланиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида:
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) – минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти. Хитойнинг Шанхай шахрида 2001 йил 15 июнь куни 6 мамлакат – Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари учрашувида тузилган.
ШҲТнинг 2000 йилда бўлиб ўтган Душанбе саммитида Ўзбекистон Республикаси биринчи марта кузатувчи сифатида қатнашди. Ана шу саммитда «бешлик» негизида кўп тармоқли ташкилот тузиш тўғрисида таклиф илгари сурилди. ШҲТ таъсисчиларидан бири сифатида иштирок этиш ҳақидаги қарорни Ўзбекистон ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб, Марказий Осиё минтақасидаги ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда қабул қилди. Шанхай саммитида (2001 йил, июнь) янги ташкилотнинг максад ва принципларини эълон қилган Декларация, шунингдек, Терроризм, айирмачилик ва экстремизмга қарши кураш тўғрисидаги конвенция қабул қилинди. Ташкилотнинг Санкт-Петербургда бўлган иккинчи саммитида (2002 йил, июнь) устав ҳужжати – ШҲТ Хартиясига имзо чекилди.
ШҲТнинг олий органи – Давлат бошлиқлари кенгаши.
Ташкилот структураси:
Ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлар) кенгаши;
Ташқи ишлар вазирлари кенгаши;
Тармоқ вазирликлари ва идоралари раҳбарлари кенгаши;
Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши;
Доимий ишловчи Котибият (Пекин шаҳрида жойлашган);
Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (MATT, Тошкент шаҳрида жойлашган).
«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»
🕔09:20, 23.10.2025
✔25
Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.
Батафсил