Миллатчилик билан, миллатлар ихтилофи бутунлай бошқа-бошқа тушунчалар ҳисобланади.
Лекин миллатчилик мазмунини миллатлар аро ихтилоф маъносида тушуна бошлашгани ачинарли ҳолдир. Миллатчилик – миллий уйғониш шаклидир. Бусиз миллатда ўсиш бўлмайди. Миллатчиликнинг сиёсатга мутлақо алоқаси йўқ.
Биласизми, ҳаётдаги кўп ҳақсизлик ва зулмкорликлар англаш қобилиятининг ниҳоятда пастлиги ёки англашни истамасликдан, яъни жаҳолатдан туғилади. Англаш учун онг эркин бўлмоғи керак. «Миллатчи» сўзини сиёсий айбномага айлантирганлар халқимизни тубан кўрган, бир умр уни кишанлар билан яшашини хоҳлаган мустамлакачилар ва уларнинг ўша пайтлардаги маҳаллий малайларидир.
Аслида миллатчи бўлмоқ – халқнинг миллий иродаси, миллий ғурури ва миллий ҳақ-ҳуқуқини хатосиз англамоқ дегани. Миллий виждони ва эътиқоди пачоқ ҳеч бир кимса миллатчи бўла олмайди. Миллатчиликда буюк исён, қудратли қаршилик руҳи бўлади.
Ҳақоратланган, эзилган элнинг азоб ва армонлари фақат миллатчи Шахснинг кўнглида акс-садо беради. Фақат миллатчи одамгина бу кураш – ахлоқий эҳтиёж, номусу ор учун қасос эканлигини идрок қила олади.
Ғурури – эгилиш, ишончи – сотиш, бардоши – таҳқиру ҳақоратларга чидашдан иборат кимсаларда, албатта миллатчилик маслаги бўлмаган, бўлмайди ҳам. Ўз вақтида тилимизни, динимизни, тарихмиз ва мустақиллигимизни кимлар ҳимоя қилишган? Кечагина «миллатчи», «халқ душмани» дея таҳқирланган буюк шахслар: Беҳбудий, Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир...
Хуллас Миллатчи бўлиб кўринишдан чўчимайдиган савияга кўтарилишимиз лозим. Сохта ватанпарварлик доимо ёт куч қаршисида ожиз – у бегона кучдан жуда қўрқади.
Миллатни севиш, унинг манфаатларини мардонавор ҳимоя қилиш, тилини ва динини асраш, қадриятларини қадрлашга эришмоқ учун нима қилмоқ керак?
Биринчи навбатда, инсоннинг инсонга муносабатида чинакам инқилобга эришиш жоиз. Агар одамлар ўртасидаги муомала-муносабатлар шу аҳволда сақланиб қоладиган бўлса, жамиятда ишончсизлик янада ортади, адоват ва ғазаб кун сайин кучайиб бораверади.
Бу борада миллий зиёлиларга катта эҳтиёж сезилади. Зиёли деганда аввало ёзувчи, шоир ва олимларни кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, бугунги кунда улардан қайси бирларининг бағрида хусумат, ғазаб, ҳасад ўтлари гурриллаб ётибди. Яна бир гуруҳлари мансаб, мартаба, шахсий манфаатлари учун курашиш ва тиришиш билан овора. Бошқалари эса аллақачон лоқайдлик, фикрсизлик ботқоғида қолиб кетишган.
Зиёли ҳар қандай мансаб ва бойликдан, унвон ва мартабалардан устун турмоғи лозим.
Зиёли одамнинг асосий хислати бу ички эркинликка эришишдир. Ички эркинликка эришган Шахс ҳеч қандай ташқи ва ички кучларга (ғоявий бузғунчи кучларга) таслим бўлмайди. Лоқайд қарамайди. Боз устига миллий манфаатлар ҳақида гап кетаётганида лоқайд ўтира олмайди. Маънавий жасорат дегани ана шу! Бугун тўла маънодаги миллий зиёлилар йўқ (яқин ўртада ҳам пайдо бўлиши номаълум). Миллатни миллатчилик даражасига кўтара оладиган зиёли йўқ.
Сўзимизнинг якунига Навоийнинг сатрларини келтириб ўтишни жоиз топдик:
Илмни ким воситаи жоҳ этар,
Ўзинию халқини гумрох этар...
Иброҳим ҲАҚҚУЛ,
филология фанлари доктори,
профессор, адабиётшунос
Экопартия депутати – таълим ҳомийси
🕔14:56, 09.10.2025
✔34
Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида
🕔09:15, 26.09.2025
✔77
Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.
Батафсил
Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови
🕔16:10, 18.09.2025
✔96
Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.
Батафсил