Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Танаси бошқа — дард билмас ёхуд мардикор бозоридаги оналар

Ҳозиргидек ёзнинг дастлабки вақтларида қишлоқда бироз қурғоқчил давр бўлиб, ишлар йўлига тушиб кетгунча оз-моз қийинчилик кузатилади.

Танаси бошқа —  дард билмас  ёхуд мардикор бозоридаги оналар

Бу қийинчиликлар бор-будини ерга сарфлаб, уруғ эккан деҳқонларда ҳам, мавсумий ишларда ишлайдиган одамларда ҳам бўлади. Бунинг сабаби эса, асосан мавсумий ишда ишлайдиган одамлар учун иш топилавермаганидан.

Тўғри, доимий ишда ишламайдиганлар учун баҳорда экин-тикин ишлари дегандек ёлланиб ишланадиган турли юмушлар бўлади. Аммо рўзғорга бир-икки ойлик харажатлар учун пул ва озиқ-овқатларни қилиб бериб, ўзи чет элга ишлагани кетган қишлоқ эркакларининг оилалари кўп ҳолларда режа қилинган вақтга оила бошлиғидан пул ололмай қолишади. Буни тушуниш қийин эмас, янги жойга мослашиш, турли ҳужжатларни тўғирлаш билан бўлиб, режалар ўз вақтида амалга ошмай қолади. Уйда қолган хотин, бола-чақа эса бир муддат нима қиларини билмай ё бировдан қарз олади, ё иш қидириб мардикор бозорига чиқишга мажбур бўлади.

Осон эмас, шу вақтга қадар маҳалладаги қўшни эркакларга салом беришга ҳам ийманадиган аёлларнинг мардикор бозорида машинасининг ойнасидан беписанд қарайдиган одамларга «Қандай ишингиз бор? Биз бориб қилиб берамиз», дейишлари, бунинг устига бировнинг томорқасини тозалаётган бу аёлларга тушлик тайёрлаётган хонадон фарзандларидан бирининг оғзидан «мана бу, анави мардикорларга овқат. Ҳў-ў-ўв дарахтнинг тагидаги сўрига олиб бор», деган гаплар ногаҳон қулоғига чалинса, қанчалик хўрлиги келишини тасаввур қилиш ҳам оғир.

Айрим катта ёшли одамлар-ку бундай аёлларнинг имконсизлик ва ноиложликдан бу ишларни қилишга мажбур бўлаётганини тушунар, бироқ ёшлар кўп ҳолларда ўзи билиб-билмай онаси тенги аёллар дилини вайрон қилишади.

Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа мисолида сўзни давом эттирсам.

Туманимиздан қўшни Марғилон шаҳридаги академик лицейга қатнаб ўқиганим учун ҳар куни тонг саҳарда йўлга чиқардим. Шаҳар марказига етмасдан ўнг тарафда ана шундай мардикор бозори бўлиб, туманимиздан қатнайдиган, мен ўтирган йўловчи машиналарда ўша ерга ишлаш учун аёллар ҳам бирга кетишарди. Водийда янги пишган меваларни териб, чет элга экспорт қилиш учун кўпроқ мана шундай кунлик иш ҳақи учун ишлайдиган кўнгилли аёллар меҳнатидан фойдаланилади. У ерга борадиган аёллар билан гаплашмасам-да, ҳар куни кўраверганим учун яхши эслаб қолардим.

Баъзан ўқишда шунақа вақтлар бўлардики, ўртоқларимиз билан компьютер ўйинларигами ёки бошқа бир ўйинқароқликлар қилибми кўп пулимни ишлатиб қўярдим-да уйга автобусда қайтишимга тўғри келарди. Шунда автобусда эрталаб мен билан таксида келган аёлларга кўзим тушарди. Тушунардимки, улар эрталаб ишга кеч қолмаслик, юмушини бажартириш учун одам олгани келадиганлар сони камаймасдан мардикор бозорига етиб олиш учун «Дамас»да келишади, ишлаб қўлларида пуллари бўлса ҳам уйларига, болаларига кўпроқ пул олиб бориш учун автобусда қайтишади.

Шундай кунларнинг бирида ўқишга бориш учун машинага чиқдим. Унда мен каби икки ўқувчи йигит, икки қиз ҳамда кўп ҳолларда мен билан шаҳарга бир машинада кетиб, мардикор бозорида тушиб қоладиган – юзлари офтобда куйган, қадоқ бўлиб, ёрилиб кетган қўлларига қоп сумка (қопнинг матосидан бўлган бозор сумка) ушлаган бир аёл ҳам ўтирарди. Қизиқ, ишлашга доим икки шериги билан бирга борарди. Бу сафар негадир ёлғиз. Ҳа, бугун чоршанбаку (бизнинг туманимизда чоршанба кунлари кийим-кечак бозори бўлади), шериклари ишлаб йиққан пулларини бугун бозорга сарфлаш учун чиқиб кетган бўлишса, бу аёл ишлашга ёлғиз боришга мажбур бўлаётгандир-да, деган хаёл ўтди. Индамай, йўлдаги далаларни кузатиб кетар эканман, машинадаги ўқувчи йигит-қизларнинг ўхшамаган гапларга ҳам беўхшов тиржайишлари асабимни бузарди.

Мардикор бозорига икки-уч бекатчалик масофа қолганданоқ у ерга ишлаш учун борган аёллар катта йўлни ярмигача эгаллаб олганлари кўринарди. Буни кўрган машинадаги ўқувчилар «Буларни қаранглар, уйида ўтирмайди маккиллаб пул топаман деб бегона эркакларнинг машинасига ёпишаверади. Шуларни ҳам бировдан қизғонадиган эри, болалари бормикан-а?» деб биттаси гапирса, бошқаси «Бу аёллар аёл боши билан челак кўтариб дарахтнинг шохига от мингандек ўтириб олиб, мева теришади. Уларни ишга олиб борган броккерлар эса пастда туриб томоша қилишади. Кўпи ёмон йўлга кириб кетган буларнинг, ишонаверинглар», деб ўта ҳақоратли гапларни айтишарди. Машинага ўзи ёлғиз чиққан бояги аёл эса, кўзи ёшга тўлганча, йиғламоқдан бери бўлиб, бу гаплардан бошини эгиб ўтирарди. Бечора қўлидаги сумкасининг шимарилган оғзини икки қўли билан қаттиқ ғижимлаётганидан унга ҳозир қанчалик қийин бўлаётганини ўзимча тахмин қилаётгандим.

Бундай аёлларга мен гувоҳ бўлганимдек фақатгина бегона ва қизиққон ёшлар эмас, айрим катта ёшли маҳалладошлари, гоҳида ўз яқинлари ҳам юқоридагидек гапларни айтиб, беандишалик ва тоқатсизликда айблашади. Чет элда ишлаётган турмуш ўртоғига турли бўхтон гапларни етказиб ажратиб юборишдан ҳам тойишмайди.

«Бундай аёлларнинг кўрган қийинчиликлари ҳали сенларнинг бошингга тушгани йўқ-да, ҳамманг осон тутасан. Уларга ёрдам бериш қўлингдан келмагандан кейин ўзларининг ҳалол ишлашларига қўйиб бер, барака топкур», дейдиган одам йўқ буларга.

Ўқувчиларнинг бўлмағур гаплари билан мардикор бозори олдига етганимизни ҳам билмай қолибмиз. Шунда ҳайдовчи бояги аёлга «тўхтайми?» дея машинанинг орқа ўриндиғини кўрсатадиган ойнасидан қаради (Бу машинага аёл аввал ҳам шериклари билан чиққан бўлса керак-да, ҳайдовчи ҳам таниб қолган шунинг учун). У аёл эса базўр «кейинги бекатда тушиб қоламан», деди-да, мардикор бозоридан битта кейинги бекатда машинадан тушар пайт эшикни қарс ёпганича беихтиёр инграб юборди.

Мен шуни биламанки, бу аёл энди бир бекат орқага пиёда қайтади.

 

Камолиддин РЎЗИМАТОВ




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар