Яқинда танишлар орасида ичимлик сув борасида кичик баҳс бўлиб қолди. Вилоятимизнинг айрим қишлоқларидаги кўп йиллик булоқларнинг суви тортилиб йўқ бўлиб бораётгани, ичимлик сув тақчиллиги борасидаги баҳсимизга бир йигит қўшилди.
«Ер куррасининг 70 фоизи сувдан иборат бўлса, нимадан хавотир оляпсизлар», – дейди у. Бу йигитнинг шу ёшга етиб, у айтаётган сувнинг атиги бир фоизигина ичишга яроқли эканлигини билмаслиги мени ҳайратлантирди. Ҳали-ҳанузгача океан, дарё, денгиз сувларини махсус техникалар ёрдамида тозалаб, фильтрлаб ичиш мумкин, деб ўйлайдиганлар афсуски орамизда кўп экан. Балки шу боисдан ҳам аҳоли орасида сувни исроф қилиш ҳолатларига қаратилаётган эътибор у қадар мақтанарли эмасдир. Агар ичимлик сувга бу йигит айтганидек эҳтиёж бўлмаганда эди, бугунга қадар дунёда юз минглаб инсонлар сувсизликдан қийналишмасди, минглаб инсонлар, ёш болалар яроқсиз сув истеъмоли туфайли нобуд бўлмасди.
Агар организмдаги сувнинг атиги 10 фоизи йўқолса ҳам, инсон ўлим топади. Статистик маълумотларга кўра, ҳар 3 сонияда бир инсон сувсизликдан нобуд бўлади. Бу қанчалар қўрқинчли эшитилмасин, ҳаётий ҳақиқат!
Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бўлганидек, ичишга яроқли тоза сувнинг ҳам ўз якуни бор. Лекин уни эҳтиётлаб, ақл билан сарфлаб «умри»ни узайтириш – ўз қўлимизда.
Экспертларимизнинг ўрганишларига қараганда 2050 йилга бориб Ўзбекистонда жорий сув танқислиги беш баробарга ошар экан. Олдимиздан оққан сувнинг қадрига етмасак, вазият бундан ҳам аянчли ҳолга келиши, сувнинг олтин баҳосига тенглашиши анча эрта бошланиши ҳеч гап эмас.
Мен ўзим ҳам «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятига ишга келмагунимга қадар, тоза ичимлик сув ресурсларининг бу қадар тезликда камайиб кетаётганидан бехабар эдим. Айниқса, иш юзасидан вилоятларга борганимизда, чекка қишлоқларда бўлганимизда ёши улуғ отахон-онахонларимизнинг сув борасидаги ибратли гап-сўзлари бизни бефарқ қолдирмайди.
Ҳозирда замон ривожланиб, ҳар бир қишлоқ, маҳаллаларга, хонадонларга тоза ичимлик сув кириб боряпти. Илгарилари қудуқдан, олис ҳудудлардан ташиб ичилган сув эндиликда шундоққина уйидаги жўмракдан оқиб турибди. Бунинг шукронасини келтириб, исроф қилмай фойдаланаётганлар кўп албатта. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидай, аҳоли орасида
«Сув ҳисоблагичим бор, пулини тўлаб қўйганман! Қанча истасам шунча фойдаланаман»,
дегувчилар ҳам бор. Айниқса ёз кунлари ичимлик сувининг шланглар билан билан кўча ва ҳовлиларга тинимсиз сепилиши, машина, гилам ювишда чек-чегарасиз фойдаланилиши жуда ачинарли ҳолат. Ўз ўрнида катта исроф ҳам. Халқимизда эса нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан деган нақл бежиз айтилмаган.
– Мен пойтахт марказидаги кўп қаватли уйнинг 12-қаватида тураман, – дейди ҳамкасбим Саида Рустамова. – Ҳали ёз келмасиданоқ бизда ичимлик сув билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Чунки пойтахтда гуллару дарахтларни суғориш, ювиш, тозалаш ишлари – барчаси тоза ичимлик сув ҳисобидан амалга оширилади. Натижада ёз ойларида босим пасайиб кетади ва кўп қаватли уйларнинг юқори қаватларига сув етиб бормай қолади. Суғориш мақсадида ишлатиладиган ичимлик сув ўрнига қандайдир бошқа бир йўлини ўйлаб топиш вақти етган аллақачон. Ахир юқори қаватда яшовчи аҳоли ҳам сувдан фойдаланишда пастки қаватдаги яшовчилар билан бирдек тенг ҳуқуқли эмасми?!
Ҳар бир исроф қилинган нарсанинг уволи бўлганидек, сувни ҳам тинимсиз исроф қилиш ўнглаб бўлмас оқибатлар билан тугайди. Мана шу аянчли ҳолатга тушмаслик, ҳар томчи сувни эъзозлаш эса ҳар биримизнинг ўз қўлимизда.
Қани эди, қора кўз фарзандлар, жажжи невараларингизнинг беғубор юз-кўзларига боққанингизда «Катталар, илтимос бизга ҳам оби ҳаёт – сувни етказинглар!» деган маънони уққанингизда. Ахир, уларнинг ҳам бу сувдан фойдаланишга, авлодларига қолдиришга тўла ҳаққи бор.
Нилуфар САПАЕВА,
«Ўзсувтаъминот» АЖ мутахассиси
Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?
🕔09:12, 23.10.2025
✔8
Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.
Батафсил
1 октябрдан нималар ўзгаради?
🕔15:41, 03.10.2025
✔55
Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.
Батафсил
Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда
🕔10:47, 11.09.2025
✔125
Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?
Батафсил