Итлар инсон ҳаётида доимо яқин ҳамроҳ бўлиб келган. Улар шунчалик садоқатли дўст бўла оладики, баъзида биз инсонлар ҳам бунчалар вафоли бўла олмаслигимиз мумкин.
Ёшлигимда Тўрткўз лақабли итимиз бўларди. У менинг сирдошим, қўриқчим, ақлли ҳамроҳим эди. У биз билан узоқ йиллар яшаган бўлсада бирорта бежо ҳаракат қилмас, ҳаттоки усти тасодифан очиқ қолган нарсаларга яқинлашмасди ҳам. У бор сабабидан уйимизга бегона, ёмон ниятли инсонлар яқинлашолмасди. Чунки ўша пайтларда ўғриликлар кўп содир бўларди. Итимиз борлиги сабаб биз хотиржам, ўғридан хавотир олмасдик. Яқинда эса итлар Иккинчи жаҳон уруши фронтларида кечган жангларда ҳам жасорат кўрсатганлари ҳақидаги тарихий маълумотни ўқиб қолдим. Ҳарбий қисмларда 70 мингга яқин итлар қатнашган экан. Улар аскарлар билан бирга оч қолишган, хандақларда совуқ еган ва ҳўл бўлган, танклар остига ўзини ташлаб, душман поездларини портлатишган. Ҳайвонлар одамлар билан бир қаторда тиришқоқлик, жасорат ва қаҳрамонлик намойиш этишган.
Тўрт оёқли дўстларимизнинг қаҳрамонликларига қизиқиб юрган кунларимнинг бирида Давлат Божхона қўмитаси таркибидаги Миллий кинология марказига ажойиб тадбирга таклиф қилишди ва мен фарзандларим билан унда иштирок этишга қарор қилдим.
Сергели туманида жойлашган Миллий кинология марказига кириб борар эканмиз, масканнинг нақадар яшил ва соя-салқинлиги диққатимизни тортди. Бунинг устига бу ер тоза-озода, дарахтлар ҳудди аскарлардек марказни ўраб олишган. Тангадек офтоб тушмайдиган зумрад тусдаги бир боғ деб ўйлайсиз.
Миллий кинология маркази 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кинология марказларини методологик таъминлаш, кинологларни тайёрлаш, нафақат Давлат Божхона қўмитаси, балки бошқа тузилмалар — Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси ва ФВВ учун ҳам хизмат итларини ўргатиш ва зотларини саралаш бўйича иш олиб бормоқда. Бу ерда Марказий Осиё, Афғонистон, Мўғулистон ва Эрон каби давлатлардан келган кинологлар ҳам ўқитилар экан.
Ушбу марказда курсант-кинологлар ва хизмат итлари ҳимоя-қоровул, қидирув хизматлари, гиёҳванд ва портловчи моддалар, валюта қидириш, шунингдек, жабрланган кишиларни излашга ўргатилади.
Кинологлар ва хизмат итлари ёрдами билан гиёҳванд моддалар ва бошқа тақиқланган маҳсулотларни контрабандаси, товарларнинг ноқонуний транзитини аниқлаш бўйича кўплаб натижаларга эришиляпти.
Марказ фаолияти йўлга қўйилгандан буён ДБҚ ҳудудий бўлинмалари томонидан хизмат итлари ёрдамида катта миқдордаги гиёҳванд моддалар аниқланди, қурол-яроғ, портловчи моддалар ва ўқ-дориларнинг мамлакатга олиб кирилишига бўлган уринишларга барҳам берилди.
2022 йил 17 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда мактаб ўқувчиларини божхона органлари фаолиятига қизиқтириш, уларга соҳани яқиндан таништириш юзасидан топшириқ берилган эди. Шу муносабат билан масканда ўқувчилар ва ОАВ ходимлари иштирокида кўплаб тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Кинологнинг топшириқларига қатъий бўйсунаётган, яширилган гиёҳвандлик воситаларини бир зумда излаб топаётган ва шартли террорчини ушлашда шиддат билан ҳаракат қилаётган хизмат итлари ўқувчиларда ёрқин таассурот қолдирди.
Марказ бўйлаб ташкил этилган экскурсияда эса журналистлар ва ўқувчилар бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Эндигина туғилган жажжи кучукчалар билан бирга фотосуратга тушиш болажонлар учун қизиқарли бўлди.
— Эслатиб ўтамиз, Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақомини қўлга киритган, — дейди Давлат Божхона хизмати матбуот котиби Ҳусан Тангриев. — Дунё бўйлаб бундай мақомга эга марказлар дунёнинг 15 га яқин мамлакатларида бор, холос.
Ушбу ноёб ва Марказий Осиёда ягона бўлган марказ зиммасига Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кинология хизматларини услубий таъминлаш, малакали кинологларни ва наслдор хизмат итларини тайёрлаш ва қайта тайёргарликдан ўтказиш каби вазифалар юклатилган.
Бугунги кунда, халқаро тажрибалардан келиб чиққан ҳолда кинологлар 11 та (гиёвандлик воситаларини, кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда психотроп моддаларни, қурол-яроқ, ўқ-дори ва портловчи моддаларни, валюта қимматликларини, тамаки маҳсулотларини, мина қидирув, из-қидирув, ҳимоя-қоровул хизмати, қидирув-қутқарув хизмати, антитеррор, ўсимлик ва ўсимлик уруғларини қидириш) йўналишлар бўйича ўқитилиб, хизмат итлари ўргатиб келинмоқда.
Миллий кинология маркази томонидан мамлакатимизнинг нафақат Давлат божхона қўмитаси таркибий тузилмаларида балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат олиб бориш учун 1,5 мингга яқин кинологлар ўқув курсларидан ўтказилиб хизмат итлари тайёрлаб берилган.
Биз бугун ижтимоий тармоқларда турли ҳайвонларнинг таҳқирланиши, жумладан итларга бўлган ниҳоятда шафқатсиз хатти-ҳаракатга ҳам дуч келмоқдамиз. Юқоридаги каби тадбирлар инсон ва жонивор, табиат ва жамият ўртасида меҳрли, яқин, жонли алоқаларни йўлга қўйишда муҳим роль ўйнайди. Айниқса, баъзида инсонлар бажара олмайдиган мураккаб вазифаларни ушбу махсус хизмат итлари томонидан бажарилиши бу ердаги барча йиғилганлар қалбида ажиб ҳисларни, меҳрни уйғотган бўлса ажаб эмас.
Саида Ибодинова,
«Оила ва табиат» мухбири
Экопартия депутати – таълим ҳомийси
🕔14:56, 09.10.2025
✔34
Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида
🕔09:15, 26.09.2025
✔77
Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.
Батафсил
Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови
🕔16:10, 18.09.2025
✔96
Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.
Батафсил