Жараён      Бош саҳифа

Экилган ҳар бир ниҳол – ер фарзанди унинг мослашиши, ўсиши ва ривожланиши ўз қўлимизда

Мамлакатимизда ҳар йили асосан, эрта баҳорда кўкаламзорлаштириш-ободонлаштириш ишлари олиб борилади ва бу жараёнда анча-мунча кўчатлар экилади. Лекин, гапнинг очиғини айтиш керак, кўп йиллар давомида экилган бу кўчатларнинг кейинги тақдири деярли ҳеч кимни қизиқтирмас, гўёки бир фарзандга қиёсласак, уларнинг парваришию тарбиясига кўнгил берилмасди.

Экилган ҳар бир ниҳол –  ер фарзанди  унинг мослашиши, ўсиши ва ривожланиши ўз қўлимизда

Айниқса, суғориш ишларида жуда катта камчилик кўзга ташланарди. Ҳар йили экилган қанчадан-қанча кўчатлар эътибордан четда қолиб, сувсизлик туфайли йил тугамасидан қуриб, қовжираб қолгани сир эмас.

Айтиш лозим, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси юртимизни ўз номига мос ҳолда яшил маконга айлантиришдек эзгу мақсадларни кўзлаган ҳолда бу каби хатоликларни, эътиборсизлигу лоқайдликларни бартараф этишда ҳам назаримда, янги бир босқичларни, хайрли жараёнларни бошлаб берди.

Пухта ўйланган, режалаштирилган ишда ҳар доим натижа яхши бўлган. Бу бевосита кўчат экишга ҳам тегишли. Олим ва мутахассис сифатида айтадиган бўлсам, маълум бир жойга ёки ҳудудга дарахт кўчатларини ўтқазишдан аввал кўчатларни танлаб олиш ва экиш майдонини тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Бунда кўчатнинг томир (илдиз) қисмининг ривожлангани, танаси ва бўйининг етишгани ҳал этувчи омиллардан бири ҳисобланади. Агарда кўчат ўзга ҳудуд ёки хориждан олиб келинган бўлса, унинг илдиз тизимини учидан озгина қирқиб, шикастланган ерларини олиб ташлаб, кейин чорва гўнгидан тайёрланган бўтқага 6-8 соат давомида қўйиш зарур. Кўчатни 50х50х50 см бўлган чуқурлик тайёрлаб, иложи борича чириган гўнг, қониқ тупроқ ва ювилган қумдан тенг миқдордаги аралашма билан экиш мақсадга мувофиқ.

Кўчат экилган чуқурчани оёқ билан босмасдан челак билан сув солиб, ўтириб қолган тупроқ устини аралашма билан тўлғазиш зарур. Янги экилган кўчатни 40 кундан кейин фосфорли ўғит билан 50-70 гр атрофида озиқлантириш керак. Уни вегитация даврида 8-10 марта суғориш, иложи борича ҳаво ҳарорати пасайгандан кейин амалга ошириш лозим.

Ҳозирги даврда янгидан кириб келаётган қурилишбоп тез ўсиб ривожланадиган қизил ва негундо клёни, умуман заранг ва шумтоллар, шунингдек, теракнинг Туркиядан олиб келинган тузга ва қурғоқчиликка чидамли навларини кўпайтириб, плантация қилиб экиш тавсия қилинади. Ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда шароитга (жазирама иссиқ, чанг-тўзон, сув танқислиги, қаҳратон совуққа) мос ва шўрланишга чидамли навларни танлаш ҳамда кўпайтириш бўйича илмий ишларни такомиллаштириш керак бўлади. Бу ишларни амалга ошириш учун лаборатория жиҳозлари, моддий база ва илмий ходимлар зарур.

Юртимизга янгидан кириб келаётган кёльрейтерия, хилокатальпа, павловния, қрим соснаси, сурия атиргули, бузина, жимолость ва голланд пакана гулларини уруғ ва қаламчадан кўпайтириб, халқимизга етказиб бериб, яшилликка ўз ҳиссамизни қўшиш зарур. Кези келганда айтиш лозимки, қаламчадан кўпайтирилган дарахтларда иммунитет кучли бўлиб, уларнинг шароитга мослашиши жуда осон ва фаол бўлади.

Янги кўчатларни экишда тупроқ иқлим шароитига мос ва соғломини саралаб олиш зарур. Чунки, кейинги пайтларда дарахт ва айниқса игнабарглиларда шаҳар мўйлови ва фитофтороз касаллиги авж олмоқда. Бу касалликлар ўсимликнинг қуришига олиб келиб, айниқса, игнабарглилар кўп азият чекади, уларнинг барглари сарғайиб кетади. Буларнинг сарғайиши бошлангандан фундазол, амрел, 3 фоизли мис купораси ва 5 фоизли оҳак сувини аралаштириб, ишлов бериш яхши натижа беради.

Кўчатларни кўпайтиришда уруғ ва қаламчаларни касалликка чалинмаган, шакли чиройли дарахтлардан танлаб, йиғиб олишни маслаҳат берамиз. Кўчатзорларга ишлов беришда уларнинг озиқ томирларига зиён етказмасдан, озиқлантиришда минерал ўғитлар ва чириган органик ўғитлар, эски иморатлар кесаклари ва қуёш нурини анча йилдан бери қабул қилаётган тупроқлар бериш мақсадга мувофиқ.

Айни пайтда кўчатлар экиш билан бирга, эски кўчатларга шакл бериш, парваришлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Лекин бу ишларни бутун йил давомида, жумладан, вегитация даврида ҳам давом эттирган маъқул. Шу ўринда ўз вақтида қаратилган эътибор ва парвариш қанчалик самара берганини бир ҳаётий воқеа мисолида баён этсам. 2014-2015 йилларда Устюрт газ-кимё комлекси атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бу ҳудуд 50-60 см. тупроқ чанглардан, ости эса 8 метр қалинликдаги гипс қатламидан иборат бўлиб, дарахтларнинг ўсиши анчайин муаммо эди.

Ҳудуднинг ана шу ўзига хос жиҳатлари эътиборга олиниб, аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Масалан, комплексга борадиган 6 километрлик асосий йўлнинг икки тарафига 4 қатордан манзарали кўчатларни экиш учун 48 км. узунликда, 2 метр чуқурликда трасса қазилди, шу атрофдаги ерлардан ҳосилдор тупроқ ва чорва молларининг 15-20 йил олдинги қўраларидан чириган гўнг олиб келинди. Тупроқ ва гўнг аралашмасини 65х35 фоиз аралаштирилиб, ясен, клён, сафора, сумах, аморфа, наъматак кўчатлари экилиб, томчилатиб суғориш тизими ишга тушгунча ҳар 3 кунда 1 марта махсус сув машиналари билан суғориб турилди ва кўчатлар ювилди.

Кўчатлар остига ёзги буғдой, тариқ донлари сепилди, бундан кўзланган мақсад тупроқнинг юмшоқлигини сақлаш ва кўчатларни қуёшдан ҳимоя қилиш эди. Яна ҳар бир кўчат ёнига қовун, тарвуз, ошқовоқ уруғларини хам экдик.

Орадан 40 кун ўтгач, ҳар бир кўчатни 50 грамм аммофос билан озиқлантиришни бошладик ва уни вегитация даври мобайнида 5-6 марта такрорладик. Натижаларни кўриб ҳамма (шу ерда ишлаётган корейслар ҳам) ҳайрон қолди, чунки экилган кўчатларнинг деярли барчаси кўкарди, тарвузлар 20-25, қовоқлар 10-15 ва 20-25 тагача мева тугди. Биз бу ишларни икки йил давомида амалга оширдик ва 14 минг­га яқин кўчатлар экиб, парваришлаб 90 фоиздан ортиқ натижа билан топширдик. Шу юқоридаги ишлардан кейин менда «агарда кўчат ҳамда экинда ҳудуд иқлимига мос парвариш олиб борилса, у қаерда экилишидан қатъи назар яхши ўсиб ривож­ланади» деган ишонч пайдо бўлди.

Мўйноқ тумани ва Орол денгизининг қуриган остига дарахт ва буталар экиш бошланган даврда биз – қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Мақсуд Ибрагимов, биология фанлари номзоди Авазяз Жуманиязов ва Ҳамдам Турсунбоев билан биргаликда Мўйноқдаги Орол инновацион марказида катальпа, ясен, клён, акация, сумах, гледичия, аморфа, япон сафораси, айлант, гужум, наъматак, бирючина, лигустурум, корнус ва канада багрян кўчатларини экиб, яна бир тажриба ўтказдик. Мўйноққа 10 км. етмасдан Орол инновация маркази буюртмаси бўйича 17 тур ўсимлик уруғ ва кўчатларни махсус эритма тайёрлаб, ҳар-хил вариантларда 2 гектар майдонга экдик. Уруғлар кўкариб чиққунча ва ундан кейин ҳам доимий кузатув ва парваришларни олиб бордик. Натижа эса жуда қувонарли бўлди. Кўчатлар ўсиб ривожланиши Элликқалъа туманидагидан ҳам яхши эди. Ўша кўчатларни ҳозир Мўйноқдаги аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, Оролқумнинг олд томонида ҳимоя учун қалин қилиб бемалол экиш мумкин.

Ҳозирги даврнинг асосий вазифаларидан бири табиатда йўқолиб ва ареали камайиб бораётган, ота боболаримиз экиб ўстириб ундан оқилона фойдаланган камёб ўсимликлар кўчатхонасини яратишдан иборатдир. Бу жараёнда фан-техниканинг янги усулларидан, хусусан, In-vitro усули орқали соғлом кўчатларни танлаб олиб, уларни кўпайтиришни йўлга қўйишимиз керак. Бу кўчатлар юқорида айтганимиздек, шароитга мослашувчан, иммунитети анча кучли бўлади.

Ҳозир хонадонларда гулчиликни ривож­лантириш кўзга ташланмоқда. Лекин, гапнинг очиғини айтиш керак, бу борада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ижроси бизнинг шароитимизда жуда суст амалга ошмоқда. Бу ишларни жадаллаштириш зарур. Ушбу жараёнда ҳам энг аввало, ҳудудлар шароитини эътиборга олиб, маҳаллий навларни яратишга эътиборга қаратиш лозим бўлади. Чунки, чет давлатлардан олиб келинаёган гулларнинг иқлим шароитимизга бирдан мослашуви қийин кечиб, уларнинг кўпчилиги 1-2 ой ичида сўлиб, нобуд бўлмоқда.

Ўғит сифатида биогумусни кенг миқёсда оммалаштириш зарур, бу биологик тоза аралашма бўлиб, кўчат ва ўсимликнинг ўсиб ривожланишида, ҳосилдорликнинг ошишида жуда катта аҳамият касб этади. Бу ўз навбатида, табиатдаги чиқиндилардан унумли фойдаланишда бош омил ҳам бўлиб хизмат қилади. Ҳар йили хонадонлардан мол гўнги ва баргхазонлар очиқ далаларга чиқариб ташланади. Уларни йиғиб, 30х10 метр катталикда, чуқурлиги 1-1,5 метр бўлган чуқурчалар ковланса ва ушбу чиқиндиларни тозалаб, гўнг ва баргларни алоҳида айириб, ўша чуқурчага ташланса ҳамда мавсум давомида 3-5 марта суғорилса, 2 йил давомида ўсимликлар учун тайёр озуқа бўлади.

Умуман олганда, олдимизда йўқ бўлиб кетаётган дарахт ва ўсимлик дунёсини қайта тиклаш, шунингдек, уларни маҳаллийтириш бўйича ҳам жуда катта вазифалар турибди. Ўйлаймизки, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган хайрли ташаббуслар бу борада ҳам муҳим жараёнларни бошлаб бермоқда.

Рустам БОБОЖОНОВ,

Ўзбекистон ФА Ботаника институти Ботаника боғининг

Қорақалпоғистон Республикасидаги

Амир Темур номли филиали директори,

биология фанлари номзоди




Ўхшаш мақолалар

Экопартия депутати –  таълим ҳомийси

Экопартия депутати – таълим ҳомийси

🕔14:56, 09.10.2025 ✔34

Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партия­сидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.

Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига  оид қонун лойиҳалари  муҳокамалар марказида

Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида

🕔09:15, 26.09.2025 ✔77

Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.

Батафсил
Устозларга  эҳтиром  кўрсатиш –  стратегик тараққиёт гарови

Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови

🕔16:10, 18.09.2025 ✔96

Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Экопартия депутати –  таълим ҳомийси

    Экопартия депутати – таълим ҳомийси

    Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партия­сидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.

    ✔ 34    🕔 14:56, 09.10.2025
  • Атроф-муҳит муҳофазасига  оид қонун лойиҳалари  муҳокамалар марказида

    Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида

    Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.

    ✔ 77    🕔 09:15, 26.09.2025
  • Устозларга  эҳтиром  кўрсатиш –  стратегик тараққиёт гарови

    Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови

    Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.

    ✔ 96    🕔 16:10, 18.09.2025
  • Қашқадарёда «Яшил макон»  доирасида  экилган кўчатлар  кўкардими?

    Қашқадарёда «Яшил макон» доирасида экилган кўчатлар кўкардими?

    Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши, партия депутатлик гуруҳи ҳамда вилоят Кенгаши ҳузуридаги «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси ҳамкорлигида вилоятда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2025 йил баҳор мавсумида экилган мевали ва манзарали дарахт кўчатларининг ҳолати бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

    ✔ 132    🕔 08:56, 08.08.2025
  • Марказий банк раисига  парламент сўрови юборилди

    Марказий банк раисига парламент сўрови юборилди

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Банк тизимини ислоҳ қилиш ҳамда банкларни трансформация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

    ✔ 149    🕔 17:54, 23.07.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар