Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб кредит-модул тизимига ўтказилиши кўпчилик учун кутилмаган янгилик бўлди.
Очиғи, бу янги тизим тизим асосида ўқиш ва ўқитиш талабаларга ҳам, олий ўқув юртларига ҳам бир қадар мураккабликларни юзага келтирди. Кредит-модул тизими талаблари талабаларни ҳам ўқитувчиларни ҳам анчайин тер тўкишга мажбур қилаётгани ҳам бор гап.
Таъкидлаш жоиз, республика олий таълим тизимини ривожлантириш, жумладан, олий таълим сифатини ошириш учун Кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа тизими (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS) танлаб олинди ва шу асосида таълимнинг кредит-модуль тизими жорий этилди. Мазкур тизимни жорий қилишдан асосий мақсад ўқитиш сифатини ошириш, шаффофликни таъминлаш, коррупцияга барҳам бериш, таълим олувчининг ҳақиқий билимини юзага чиқариш ҳамда талабанинг мустақил ўқиб-ўрганиб, ўз устида ишлашига замин яратишдир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу тизимнинг жорий этилиши ўқитувчи ва талабанинг ҳамкорликда ишлашида муҳим омил ҳисобланади. Ўқув жараёнида мустақил таълим олишнинг аҳамияти ортади ва бу келажакда мутахассисларнинг мустақиллиги, ижодий ташаббускорлиги ҳамда фаоллигини оширишга олиб келади.
Мана, ўқув йили ҳам охирлаб бормоқда. Ўтган қисқа вақт мобайнида кредит-модул тизими дастлабки натижаларини бўлса-да кўрсатяптими? У бизнинг олий ўқув юртлари қанчалик даражада ўзини оқламоқда? Шу каби саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари Иноятилла Неъматовга мурожаат қилдик.
– Олий таълим муассасалари кредит-модул тизимида ўқита бошлаган ўқув йили тугаб бормоқда. Аммо ҳалигача талабаларнинг аксарияти бу тизим ҳақида етарлича маълумотларга эга эмас. Ўзи кредит-модул тизими нима? Унинг қўлланиш тартиби қандай?
– Олий таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, таълим сифатини янги босқичга кўтариш мақсадида барча олий таълим муассасаларини кредит-модуль тизимига ўтказилди. Бу тизим таълимни ташкил этиш жараёни бўлиб, ўқитишнинг модул технологиялари жамламаси ва кредит ўлчовига асосланади. Уни бир бутунликда олиб бориш серқирра ҳамда мураккаб тизимли жараёндир.
Бу тизим аксарият Европа мамлакатларида жорий этилиб, нафақат олий таълим тизимида балки профессионал таълимда ҳам кредитларни тўплаш ва кўчириш жорий қилинган. Кредит-модуль тизимининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар эътироф этилади:
– ўқув жараёнларини модул асосида ташкил қилиш;
– битта фан, курс (кредит)нинг қийматини аниқлаш;
– талабалар билимини рейтинг балл асосида баҳолаш;
– талабаларга ўзларининг ўқув режаларини индивидуал тарзда тузишларига имкон яратиш;
– таълим жараёнида мустақил таълим олишнинг улушини ошириш;
– таълим дастурларининг қулайлиги ва меҳнат бозорида мутахассисга қўйилган талабдан келиб чиқиб ўзгартириш мумкинлиги.
Бу дарс машғулотларини нафақат ўқитишни инновацион таълим технологиялари асосида олиб бориш, балки талабадан мустақил ўқиб-ўрганиш, таълимга янгича муносабатда бўлиш, меҳнат бозори талабидан келиб чиқиб, зарурий ва чуқур назарий билимларни эгаллаш, амалий кўникмаларини шакллантиришга ўргатишдан иборатдир.
Мухтасар айтганда, мазкур тизим талабанинг касбий ривожланиши ва камолотига йўналтирилган. Илм соҳибининг бутун ҳаёти давомида билим олишини таъминлашга ҳамда меҳнат бозори ва замонавий талабларга жавоб бера оладиган инсон капиталини шакллантиришга қаратилгандир. Шу ўринда модул ва кредит тушунчалари моҳиятига қисқача тўхталиб ўтасам.
Модул – бу бир нечта фан ҳамда курслар ўрганиладиган ўқув режасининг бир қисми. У талабаларда маълум бир билим ва кўникма ҳосил қилиш, таҳлилий-мантиқий мушоҳада юритиш салоҳиятига эга бўлишига қаратилган бир нечта фанлар (курслар) мажмуи ҳисобланади. Бунда ўқитувчи ўқув жараёнини ташкил қилади, маърузалар ўқийди, талабанинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади. Ушбу жараёнда талаба тегишли айрим мавзуларни мустақил ўрганади ҳамда берилган топшириқларни бажаради.
Кредит – бу талабанинг алоҳида таълим йўналиши ёки дастури (курс) бўйича фанларни ўқиб ўрганиши ва ўзлаштириши учун сарфланган ўқув юкламасининг ўлчов бирлигидир. Одатда талаба бир ҳафта давомида аудиторияда ва мустақил равишда таълим олиши учун ажратилган минимал вақт ўлчовидир. Талабага кредит маълум бир фандан белгиланган топшириқларни бажариб, якуний имтиҳондан муваффақиятли ўтгандан сўнг берилади.
Хорижий тажрибага кўра, кредит-модул тизимида ўқув жараёни ҳар семестрда бир нечта модулдан иборат бўлади. Модулда жамланган фанлар осондан мураккаблик сари, назарий-услубий фанлардан амалий фанларга қараб ҳамда мантиқий жиҳатдан бир-бирини ўзаро узвий тўлдириш тамойили асосида шакллантирилади.
Ҳар бир талаба келажакда танлаган йўналиши ва мутахассислиги бўйича дипломга эга бўлиши учун кредитларни йиғиб бориши лозим. Тўпланган кредит талабага бутун умр давомида ўзининг малакасини ошириб бориш ёки қўшимча олий маълумот олишига хизмат қилиб бораверади. Иқтисодий тилда айтганда, тўпланган кредит талабанинг академик «активи»га айланиб боради.
– Мазкур янги тизимнинг аввалги ўқув тизимидан афзалликлари нимада? Ва бу талабаларнинг ўзлаштиришига ижобий таъсир кўрсата олиши ўз исботини топяптими? Бу янги тизимнинг айнан талабалар учун қандай қулайликлари бор?
– Бу тизимнинг аввалги ўқув жараёнидан афзалликлари анчагина. Халқаро даражада талабаларнинг ва профессор ўқитувчиларнинг алмашиши, талабнинг таълим жараёнидан фаол иштирокчига айланиши, таълим сифатига тўғридан-тўғри таъсир этиши. Таълим сифати ҳам анча кенг тушунча бўлиб, умумий қилиб олганда уни талабанинг олган билимларини таълим стандартларига тўғри келиши деб тушуниш мумкин. Айнан шу нуқтаи назардан ҳам кредит-модуль тизимида таълим стандартларини бажарилишига ўзининг ижобий таъсирини ўтказади. Бу тизим Европа мамлакатларида ўз исботини топган. Уларда бевосита кредит-модуль тизим билан боғлиқ Болонья жараёнини ҳам мисол келтирса бўлади. Болонья жараёнида иштирок этаётган давлатларни таълим жараёнини ўзаро интеграцияси асосида олий таълим соҳасида жуда кўп имкониятлар эшиги очилади. Ривожланган мамлакатларда олий таълимга кредит-модуль тизимининг жорий қилиниши ўзининг самарасини кўрсатган. Биз ривожланган мамлакатлар таълим тизимини доимий ўрганиб келамиз, жумладан уларнинг тизимида олиб борилаётган ишлар ва улар қандай натижаларга эришаётганлигини ўрганиб, таҳлил қилиб борамиз. Ижобий ютуқларни ўзимизда жорий этишга ҳаракат қиламиз. Бунда илғор тажрибаларни мамлакатимиздаги таълим тизимига мослаштириш ишлари амалга оширилади. Олий таълим соҳасида ўзининг ижобий натижасини кўрсатган кредит-модуль тизими ҳам ўрганилди. Ижобий натижалар ва қўлга киритилаётган ютуқларни қайд этган ҳолда уни жорий этишга қарор қилинди. Европа мамлакатларида жойлашган олий таълим муассасаларига эътибор қаратадиган бўлсак, энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасалари халқаро эътироф этилган рейтингларга кирганига, шу тизимдаги талабаларнинг ўзлаштиришига ижобий таъсир кўрсатганига гувоҳ бўламиз. Демак, бу тизим таълим жараёнини юқори даражада ташкил этиш имкониятини яратиб бермоқда.
Бу тизимнинг талабалар учун қулайликларига келадиган бўлсак, аввало талабага ўзи нима керак, деган саволни қўяйлик. Талаба меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиши учун билим олиши, малакали кадр бўлиб етишиши керак.
Меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиши учун ҳам айнан кредит-модуль тизими талабага катта имкониятлар эшигини очади.
Масалан, талаба таълим олаётган университетида эгаллаган академик билимларини шу тизим мавжуд мамлакатлар олий таълим муассасаларида тан олинишини, яъни ўзига хос «конвертацияси»ни кафолатлайди. Таълимнинг кредит тизими талабалар алмашинувини оширади. Чунки битта университетда олинган кредитлар иккинчисида ҳисобга олинади ва талабалар кредит йўқотмасдан бир университетдан бошқасига ўтиши мумкин. Айнан ушбу тизим ўзбекистонлик талабаларнинг илғор хорижий университетларда ўқишини давом эттиришига ҳамда мураккаб бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга, талабанинг мутахассислиги бўйича чегараланиб қолмаслик, яъни у ўзини ўзи ривожлантириши ҳамда чекланмаган ҳолда мустақил билим олиш имкониятларини яратади. Тизимнинг яна бир қулайлик тарафи таълим олувчиларга ишчи ўқув режага киритилган танлов фанларини танлаш, бу орқали индивидуал ўқув режасини шакллантиришда бевосита иштирок этиш ҳуқуқини беради. Уларга, нафақат фанларни, балки профессор-ўқитувчиларни ҳам танлаш эркинлиги берилади. Талабаларга фанларни танлаш имкониятининг берилиши ижобий ҳол саналади. Бу ўқув жараёнларини баҳолашнинг ўзига хос қиймат кўрсаткичи бўлиб ҳам ҳисобланади.
Бу тизим университетларга ҳам бир қатор қулайликларни тақдим этади. Чунончи, маълум бир таълим йўналиши ва мутахассисликлар кесимида ўқув жараёни ҳақидаги ахборотларни аниқ акс эттирувчи ўқув режаларнинг ўхшашлиги ҳамда ягоналигини таъминлайди. Шунингдек, мутахассислик даражасининг тан олинишига эришиш мақсадида талабани қабул қилувчи ва жўнатувчи олий ўқув юртларидаги дастурларнинг мазмунини олдиндан келишиб олиш имконини беради. Талабанинг таълим олиши билан боғлиқ барча масалани ҳал этишдаги жавобгарлиги ҳамда мустақиллиги сақланади.
– Айтишларича, кредит-модул тизимига ўтган ОТМларнинг талабалари имтиҳонларни топшира олмаса кейинги семестрда шу топширолмаган фанидан қайта ўқитиш учун пул тўлар экан. Бу сумма вазирлик томонидан белгиланадими ёки олий таълим муассасаси мустақил белгилайдими?
– Кредит-модуль тизимига ўтган олий таълим муассасаларининг мақсади пул ишлаб топиш эмас. Тўлов-контракт асосида пул топиш мақсад ҳисобланмайди. Масалан, сиз ўқидингиз, кредит йиғдингиз лекин маълум бир кредитингизни тўплай олмадингиз. У кредитингизни қарз деб маълум бир фандан қолдиряпти сиз қолиб кетган кредитингизни тўплашингиз учун ўқитувчи яна дарс ўтади, яъни қайта ўқитади. Академик қарздор талабалар таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширгандан сўнг ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқиш ҳуқуқига эга бўлади. Нима учун? Чунки уни ўқитиш учун профессор-ўқитувчининг вақти кетади, меҳнатини сарфлайди ва шунга яраша ҳақ олиши керак.
Академик қарздор талаба ўзига керакли билимни яна қайта олиш учун маълум бир контракт қийматини шу кредитга мос келадиган миқдорини тўлаб бериши керак бўлади. Мана шу нуқтаи назардан бу талаба учун жазо, ёки пул ишлаш эмас, балки талаба учун яратилган яна бир имконият. Қайта ўқиш қиймати олий таълим муассасаси томонидан белгиланади. Хориж мамлакатларида бу ўзининг ижобий самарасини кўрсатган.
– Ўтган вақт давомида бу янги модул орқали олий таълим тизимида нималар ўзгарди? Ва қайси муаммолар бартараф этилди?
– Биринчи галда ўқув жараёнида мустақил таълим олишнинг аҳамияти ортди ва бу келажакда мутахассисларнинг мустақиллиги, ижодий ташаббускорлиги ҳамда фаоллиги ошишига олиб келади. Кредит-модуль тизимида университет талабалари ҳар доим ўқитувчи ва курсдошларидан ёрдам ҳамда маслаҳат олиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди ва жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Кредит-модуль ўқитиш тизимига ўтиш олий ўқув юрти профессор-ўқитувчиларига бўлган мажбурият ҳамда талабни ҳам оширади.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, бу ўқитиш тизими билан ўқитувчи нафақат ахборот берувчи ва назорат қилувчи функцияларини, балки маслаҳатчи ҳамда мувофиқлаштирувчилик вазифаларини ҳам бажаради.
Педагогик жараёнда ўқитувчининг етакчилик роли сақлаб қолинади.
Бугун меҳнат бозори талабига мос кадрларни тайёрламас эканмиз, рақобатда ўз ўрнимизни, мавқеимизни йўқотишимиз муқаррар эканлигини ҳис қилишимиз лозим. Аммо олдимизда бундан яхшироқ йўл ҳам, танлов ҳам йўқ. Нега деганда, барча ривожланган мамлакатларнинг олий таълим муассасалари аллақачон ушбу йўлдан юриб, юқори натижаларни қўлга киритмоқда.
Анъанавий олий таълим тизимимиз дунёда тан олинмаганидан кейин, биз илғор стандарт ва тизимларни олий таълим муассасаларига татбиқ этишга мажбурмиз. Шундай экан, янгиликка интилиш, олий таълим тизимини тубдан қайта ислоҳ қилиш бўйича бошланган ҳаракатларни давом эттириш ҳар томонлама тўғри қарордир.
«Оила ва табиат» мухбири
Мансурбек ЖАББОРОВ
суҳбатлашди.