Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Тўқликка шўхликми бу, тенгдошим?

Наврўз байрами баҳона юртимизнинг барча жойларида халқ сайиллари ҳамон давом этмоқда. Боғу хиёбонлар, сўлим масканларда турли концертлар уюштирилиб, халқимизнинг севимли санъаткорлари бир-биридан гўзал куй-қўшиқлари билан байрамга ўзгача завқ бағишлаяпти. Дорбозларни айтмайсизми? Кишининг бағри-дили яйрайди.

Тўқликка шўхликми бу,  тенгдошим?

Бу йилги Наврўз байрами ҳам табиатнинг инжиқлигига қарамасдан ўзгача кўтаринки руҳда нишонланди. Катта-катта дошқозонларда сумалак­лар қайнатилди. Айниқса, пойтахтимиздаги «Наврўз» этнопаркида юзта тандирда моҳир сомсапазлар томонидан тайёрланган сомсаларни айтинг. Бироқ...

Синглим билан байрамни қиш­лоққа бормасдан Тошкентда нишонлаймиз, деб сайиллар ўтказилаётган жойларни айланишга қарор қилдик. Аввало «Наврўз» боғи томон йўл олдик. Боққа киришимиз билан байрам шукуҳи бирдан сезилди. Бир томонда катта-катта қозонларда сумалак қайнамоқда, бир тарафда концерт бўляпти. Томошалар мени шу қадар ўзига ром этганидан синглимнинг узоқлаб кетганини пайқамай қолибман. Бир пайт синглим «ака юринг, ҳув анави ерда сомса билан сумалак тарқатилаётган экан. Юринг, биз ҳам олайлик, сумалак емаганимга анча бўлганди» деб қолди. Ўзиям ярим соат деганда навбатда туриб, бир марталик кичкина идишда сумалак олиб чиқдим. Олиб чиқдиму, ерда сочилиб ётган сумалак юқи идиш­ларни кўриб кайфиятим бузилди. Қаерга қарамай полиэтилен пакетлар ва елим идишлар...

Ҳаттоки тарқатилаётган сомсаларни емасдан ерларга шундоқ ташлаб кетишибди. Ҳолбуки, ҳар қадамда чиқинди ташлаш учун махсус идишлар ўрнатилган. Назаримда бу ҳолат чиқинди қутилар етишмаганидан эмас, шунчаки экологик маданиятимиз ҳамон жуда пастлигини яққол кўрсатиб турибди.

Сайилга чиққан аҳолининг аксарият қисми чиқиндиларни махсус идишларга ташлаш у ёқда турсин, ўзлари ўтирган жойни саранжомлаб қўйишни ҳам хаёлига келтиргани йўқ.

Таомларни ейиш учун ажратилган жойлар ишлатилган салфеткалар ва пакетлар билан тўзиб ётибди. Елим пакетлар бўлса шамолда ҳавога кўтарилиб ҳар ёққа учяпти. Ким айта олади, шу елим пакетлар учиб келиб сумалак қайнаётган қозоннинг ичига тушмайди деб?..

У ердан чиқиб «Tashkent City» паркига бордик. Бу ер замонавий талабларга жавоб берадиган тарзда қурилган, шунинг учун ҳамма бурчагида қатъий тартиб-қоидага амал қилинади. Шу сабаб ҳам бу жойлар тоза, ҳеч қандай чиқиндиларга кўз тушмайди, маза қилиб айланамиз, деб ўйлаган эдим. Синглимнинг қистови билан кофе олиб ичаётганимда чучварани хом санаганимни тушундим.

Кофе тарқатаётган тадбиркорнинг дўкони ёнидан то «Hilton» меҳмонхонасининг ёнигача бўшаган кофе идиш­лари ер билан битта бўлиб ётибди. Мана, ҳозиргина биздан сўнг кофе олган аёл ҳам кофесини ичиб бўлиб, қўлидаги бўшаган идишни чиройли қилиб экиб қўйилган гулларнинг орасига отдию, ҳеч нарса кўрмагандек йўлида давом этди.

Буларни кўргандан сўнг иштаҳа бўладими? Олган сомсам ҳам қўлимда совиганича қолди. Атрофда чиқинди қутилари кўп. Очиғи одамларнинг, ўзим тенги ёшларнинг маданиятсизлигини кўриб ҳайратдан ёқа тутдим.

Ўша куни шаҳримизнинг Наврўз сайли ўтказилаётган қай бир ҳудудига бормай, сайилгоҳларнинг полиэтилен пакетлар, бир марталик идишлар билан роса ифлосланганига гувоҳ бўлдим.

Бу кетишда биз экология муаммолари ҳақида қанчалик қайғурмайлик, бирор натижага эришиш амри маҳол. Ривожланган мамлакатлар эса мана шундай ҳолатларга қарши аллақачон аёвсиз курашни бошлаган.

Германияда аҳоли махсус чиқинди қутиларига ташланмаган ахлат учун 100 евро, сигарет қолдиғи, музқаймоқ, ёки конфет қоғози, салқин ичимлик шишасини ерга ташлаганлари учун 20 евро, сақични, қолдиқ овқатларни улоқтирганлик учун 35 евро жарима тўлашса, эски мебель, электрон техникани ташлаганлик учун 150 евродан 600 еврогача жаримага тортилар экан. Швецияда ерга ташланган қоғоз унинг эгасига 90 евро, Сингапурда эса 300 дан 1000 долларга тушар экан.

Бугун мен гувоҳ бўлган нохуш манзаралар юртимизда ҳам айнан ана шундай кескин жарималарни қўллаш, инсонларнинг экологик маданиятини ривожлантириш борасидаги тарғибот ишлари дас­турини давлат миқёсида бутунлай қайта кўриб чиқиш, фақат қоғоздагина эмас, балки амалда ҳам қатъий чоралар кўриш вақти келганлигини яна бир бор исботлаб турибди.

Мансурбек ЖАББОРОВ

«Оила ва табиат» мухбири

 

 




Ўхшаш мақолалар

Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔35

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔39

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Қулоқчинлар  эшитиш қобилиятининг бутунлай йўқолишига  сабаб бўлади

Қулоқчинлар эшитиш қобилиятининг бутунлай йўқолишига сабаб бўлади

🕔14:33, 29.03.2024 ✔46

Бугун ён-атрофга назар солсангиз, кўпчилик инсонларнинг қулоқчин (нашуник)-да мусиқа ёки аудиокитоб тинглаб кетаётганига кўзингиз тушади. Бу  яхши, aлбаттa. Аммo ҳaр нaрсaнинг фoйдaли тoмoни бўлгaни кaби зарари ҳaм йўқ эмас.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар