Маъмурий суд ислоҳотлари ана шу кафолатларни бера оладими?
Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсад қилинган. Маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини кенгайтириш, «Хабеас корпус» институтини ривожлантириш орқали тергов устидан назоратни кучайтириш кўзда тутилган.
Суд жараёни томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишуви асосида кечиши адолат қарор топишида муҳим ўрин тутади. Тизимда «ягона дарча» тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш ҳам самарали натижа беради. Бунинг учун эса суд тизимини босқичма-боқич рақамлаштириш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш зарур.
Низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш, суд тизимини тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ишларини олиб бориш каби вазифалар белгиланган. Маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 29 январда
«Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор маъмурий суд ишларини юритишни замон талабларига мувофиқлаштиришга, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
«Суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш жуда муҳимдир. Хорижий давлатларнинг қонунчилигига мурожаат этадиган бўлсак, айнан шу каби норма Қозоғистон республикаси маъмурий процессуал кодексининг 14-моддасида, Озарбайжон, Грузия республикалари Маъмурий процессуал кодексларида ўз аксини топганини кўришимиз мумкин.
Амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига кўра, маъмурий судда мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати ёки у томонидан қабул қилинган қарорнинг қонунийлигини низолашган фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти мансабдор шахс ёки у томонидан қабул қилинган қарор натижасида кўрган зарарни ундириш масаласида тегишлича фуқаролик ёки иқтисодий судларда яна судлашишда давом этарди. Ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг судма-суд юриб, оворагарчиликларининг олдини олиш мақсадида уларга оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаб билан бирга, у билан сабаб жиҳатдан узвий боғлиқ бўлган зарарни ундириш талабини маъмурий судга билдириш ҳуқуқи ҳам қарорда назарда тутилгани айни муддао бўлди. Чунки кўплаб хорижий давлатларда ҳам маъмурий суд томонидан зарарни ундириш талабини кўриб чиқиш имконияти қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Қарорда белгиланган яна бир муҳим вазифа бу – оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш бўлиб, бунда тарафларга бундай тоифадаги ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқининг берилгани бўлди. Қонунийликни таъминлаш, шунингдек, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тарафлар ўртасида тузилган келишув битими суд томонидан тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда ижрога қаратилади.
Қонунчиликдаги ушбу янгиликлар инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, ишларни судда кўриш сифатини оширишга хизмат қилади.
Хадича РАҲИМОВА,
Сурхондарё вилоят суди судьяси
Экопартия депутати – таълим ҳомийси
🕔14:56, 09.10.2025
✔34
Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида
🕔09:15, 26.09.2025
✔77
Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.
Батафсил
Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови
🕔16:10, 18.09.2025
✔98
Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.
Батафсил