Ўлкамизга баҳор келиши билан далалар, томорқаларда, боғ-ҳовлиларда турли шифобахш кўкатлар, гиёҳлар униб чиқишни бошлайди.
Ариқ бўйларида ялпизнинг хуш бўйи таралади. Қиру адирлар узра майсалар гилами ёйилади, чучмомалар унга безак бўлади. Кексаю ёш табиатнинг эрка фаслини бараварига олқишлайди. Кўм-кўк далалар бағрида чинакам Наврўз шодиёналари бошланиб кетади.
Эсимда, болалигимда Наврўзни шунақанги интиқ бўлиб кутардим. Бир мен эмас бутун қишлоқ ўзгача истак билан Наврўзга ошиқарди. Чунки ушбу байрамда қишлоғимиз ўртасида катта дошқозонларда сумалак пишириларди. Ош қилинарди. Айниқса, мактабимизнинг оқланган деворига нур тушириб қўйиб бериладиган фильмлар, мультфильмларни эсласам ҳалигача дилимда ширин бир энтикиш туяман.
Бутун қишлоқ аҳолиси тайёргарлик кўрган Наврўз жудаям кўтаринки ўтарди. Беллашувлар, айтишувлар, куй-қўшиқлар ҳамма-ҳаммаси жудаям ажойиб эди. Ҳис-туйғуларни сўз билан таърифлаб беролмайман. Ушбу байрамда ёшу қари бирдек маза қиларди, яйрарди, яшнарди.
Байрам уч кун давом этарди. Бир кун олдин биз болалар орасида «Оқсуяк», «Эшак минди» каби халқ ўйинлари, турли мусобақалар, арқон тортишлар ўтказиларди.
Ғолибларга мукофот тайинланарди. Мен учун эса бу байрам, орзулар, интилишлар, яратишлар, ижод, меҳр-оқибат, соф туйғуларни англатади.
Баҳор келиши билан қилинадиган дармонга бой таомлар, айниқса жону дилим эди. Аслида ким ҳам баҳорий таомларни хуш кўрмайди дейсиз? Наврўз дастурхонига пишириладиган кўк сомса, кўк чучвара, хоним, сумалак ва бошқа таомлар дармондори бўлиши билан бирга, уни пишириш жараёнида ҳам бир олам завқ олардик.
Мен учун бу байрам ҳалигача қадрли. Уни ҳар бир тасвиригача хотирамга муҳрлаганман. У менинг болалик хотираларимга жойланган. Сумалак қилинаётган дошқозон бошида болаларча ният қилганларим, юрагимга орзуларни жойлаганларим...
Ҳалигача Наврўзни ўзгача бир иштиёқ билан кутаман. Гарчи унинг шукуҳи илгаригидек бўлмаса ҳам, гарчи қишлоғимизда ҳам уни олдингидек нишонлай олмаётган бўлсак ҳам.
Инсон улғайгани сари мўъжизаларга ишончи камайиб боради. Болаликдаги катта ва сирли бўлиб кўринган нарсалар ўз хислатини йўқотгандек оддийлашади. Аслида кузда баргини тўккан дарахтларнинг баҳорда гулларга бурканиши, тоғу адирларга жило берган камалак ранг гулларнинг чаман бўлиб очилиши, қушлар чуғури – буларнинг бари бир мўъжиза. Табиатнинг бизга берган туҳфаси. Биз буларни ҳис қилиш учун табиатга яқин, унинг она бағридек хотиржамлик берувчи қўйнида кўпроқ бўлишимиз, уни қадрлашимиз керак.
Ушбу сатрларни ёзганим сари барибир ҳув ўша болалигимда мактабимизнинг ям-яшил табиий чим билан қопланган майдонида ўйнаб юрган толпопук таққан қизалоқни, онамнинг ялпиз иси келиб турган шафтолигул кўйлагини, ўчоқда жиз-жиз қилиб қовурилаётган кўк чучварани, кўк сомсага исмалоқ ва ялпизни майда қилиб чопаётган меҳрибон, ҳокисор момомни соғиниб бораётганимни ҳис қилдим. Юрагимнинг пучмоқларида беркиниб ётган Наврўз соғинчи бош кўтаргандек бўлди.
Хуш келдинг, Наврўзим! Юртимга қут-барака, тинчлик билан келган бўлгин Янги кун, Йилбошим! Менинг дилимга орзулар солганинг каби, бутун юртимнинг, элимнинг, халқимнинг қалбига эзгулик, яратиш, ижод ишқини солгин!
Саида ИБОДИНОВА
Экопартия депутати – таълим ҳомийси
🕔14:56, 09.10.2025
✔34
Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида
🕔09:15, 26.09.2025
✔77
Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.
Батафсил
Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови
🕔16:10, 18.09.2025
✔98
Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.
Батафсил