Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«Ҳаракатсизлик пандемияси» Дунёни қамраб олаётган ўта хавфли касаллик ҳақида эшитганмисиз?

Инсон саломатлигида тоза ҳаво, тоза экологик муҳит, тўғри овқатланиш билан бир қаторда, доимий жисмоний ҳаракатда бўлиш ҳам муҳим рол ўйнайди.

«Ҳаракатсизлик  пандемияси»  Дунёни қамраб олаётган ўта хавфли касаллик ҳақида эшитганмисиз?

Боиси жисмонан ҳаракатда бўлган одам танасида қон айланиши яхшиланади, моддалар алмашинуви ва ҳатто истеъмол қилган таомдаги минерал ва витаминларнинг танага сингиши ҳам тезлашади. Бироқ бугун техника ривожланган сари ҳаракатдан чекиниб, қулайликни баҳона қилганча дангасалик билан дўстлашмоқдамиз. Нега дейсизми? Бир ўйлаб кўринг, бугун оддийгина кўча бошидаги дўконга чиқиб келиш учун ҳам машинадан фойдаланмаяпмизми? Икки бекат нарига бориш учун такси тутмаяпмизми? Бошимизни эгиб, телефонга бир тикилиб ўтиришда ярим ёки бир соат ўтиб кетганини сезмай ҳам қоляпмиз.

Аслида пиёда юриш, кўп жисмоний ҳаракат қилиш қишлоқ аҳлига яхши таниш. Боиси у қишлоқдан бунисига пиёда ёки велосипедда бориш одатий ҳол. Айниқса кетмонни елкага қўйганча далага бориб, эртаю кеч ерга ишлов берадиган деҳқонларимизга бундай саволни беришга ҳожат ҳам йўқ. Аммо шаҳар аҳли тобора қулайликка (бунинг ортидан эса дангасаликка) ўрганмоқда. Оилаларда овқат пиширишдан кўра эшигининг тагигача етказиб келадиган «доставка» хизматларидан фойдаланувчилар сони ортмоқда. Бунинг нимаси ёмон дерсиз, бироқ келинг, бу қулайликлар бизни нималарга дучор қилаётгани хусусида бир мулоҳаза қилиб кўрайлик.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) жисмоний ҳаракатсизлик одамлар саломатлиги учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини маълум қилди. Мутахассислар ҳаракатсиз турмуш тарзи дунёдаги ўлим ва ногиронликнинг 10 та асосий сабабларидан бири бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Шу боис ҳам ЖССТ жисмоний фаолликни танлаб, соғлом, фаол ва тамакисиз турмуш тарзини тарғиб қилмоқда. Мақсад – носоғлом ва ҳаракатсиз ҳаётдан келиб чиқадиган касаллик ва ногиронликнинг олдини олиш.

Болаларга кўчаётган ҳаракатсизлик

Ўтроқ турмуш тарзи ўлимга етакловчи барча касалликларга сабаб бўлади, жумладан юрак-қон томир касалликлари, диабет ва семизлик хавфини икки баравар оширади ва йўғон ичак саратони, юқори қон босими, остеопороз, липид касалликлари, депрессия ва хавотирлик хавфини кучайтиради. ЖССТ маълумотларига кўра, дунёдаги одамларнинг 60-85 фоизи ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда ўтроқ турмуш тарзини олиб боради ва бу давримизнинг энг жиддий, етарлича ҳал қилинмаган соғлиқни сақлаш муаммоларидан бирига айланмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, болаларнинг деярли учдан икки қисми етарли даражада фаол эмас, бу уларнинг саломатлигига жиддий хавф солади.

Бунинг олдини олишда ва соғлом турмуш тарзини, жумладан, мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланишни болаликдан бошлаш лозим. Албатта болалар катталардан, ота-оналардан ўрнак олишини ҳам унутмаслик керак. Шу маънода ЖССТ томонидан тавсия этилган профилактика чоралари орасида ҳар куни 30 дақиқагача ўртача жисмоний фаоллик киритилгани бунинг исботидир. Тавсия этилган чора-тадбирлар қаторида: одамларнинг юриши ва велосипед ҳайдашини хавфсизроқ қиладиган транспорт сиёсатини амалга ошириш; тамакисиз жамоат бинолари ва жойларини қонунлаштириш; фойдаланиш мумкин бўлган боғлар, болалар майдончалари ва жамоат марказлари қуриш; мактабларда, жамоаларда ва соғлиқни сақлаш хизматларида жисмоний фаоллик дастурларини илгари суриш, хатто ҳукумат одамлари, сиёсатчилар ва бошқа ходимларга ҳам шароит яратиш киритилган.

Кимлар фаол ва ҳаракатда?

Бугун мамлакатимизда ҳам мана шу ҳаракатсизлик эпидемиясининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим қадам бўлди. Фармонага асосида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси ишлаб чиқилди. Бир кунда ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларга 3 минг сўмдан бериладиган бўлди. Кейинчалик бунинг яна бошқа рағбатлантирувчи йўллари ўйлаб топилди. Бундан ташқари, иш вақтидан сўнг танланган кунларда (ҳафтада камида бир марта) раҳбар ва барча ходимлари жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланиши таъминланиши, ҳар шанба куни соат 14:00 дан кейин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказилиши каби қатор вазифалар берилди.

Мамлакат раҳбарининг 2022 йил 26 январда қабул қилинган «Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳужжатга мувофиқ,

2022 йилда «Соғлом турмуш тарзи» платформасидан фойдаланувчиларни рағбатлантириш, уларнинг сонини янада ошириш ҳамда бу борада олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида давлат бюджетидан 100 млрд. сўм ажратиладиган бўлди.

Шунча эътибор, шунча ҳаракат, топшириқлар наҳот бугун юртимизда чинакам соғлом турмуш тарзини яратишга етмаса?! Шундай деймизу, юқоридаги топшириқларга кимлар амал қилдию, кимлар қилмади бизга қоронғу. Аммо бунинг учун аввало ҳар биримиз ўзимиз бу қанчалик муҳимлигини, саломатлигимиз, узоқ умр кўришимизда катта рол ўйнашини тушуниб етишимиз кераклигини унутиб қўйганмиз.

«Жим қотил»нинг хавфи

Буюк Британиянинг бош шифокори Даме Саллй Давиес ҳаракатсизликни «жим қотил» деб таъкидлаган. Жанубий Каролина университети томонидан Британия спорт тиббиёти журналида чоп этилган 54 минг киши иштирокидаги тадқиқот шуни кўрсатдики, жисмоний ҳаракатсизлик эрта ўлим хавфини оширади ва бу чекиш, диабет ва семириб кетиш хавфидан ҳам юқорироқдир. Ушбу тадқиқот муаллифи таъкидлаганидек, соғлиқ учун хавф омилларини муҳокама қилишда жисмоний фаоллик кўпинча эътибордан четда қолади: масалан, эркаклар ўлимининг тахминан 16 фоизи ва аёллар ўлимининг тахминан 17 фоизи жисмоний ҳаракатсизлик билан боғлиқ.

Кембридж университети жамоасининг 12 ёшдан ошган 334 мингдан ортиқ европалик эркак ва аёлнинг жисмоний машқлар даражаси ва ўлимини қайд этган ҳамда баҳолаган тадқиқоти шуни кўрсатадики, ҳаракатсизлик ва кўп ўтириш ортиқча вазн ёки семизликдан кўра кўпроқ ўлим хавфини келтириб чиқаради. Аммо жисмоний фаолликнинг озгина ўсиши ҳам соғлиқ учун сезиларли фойда келтириши тадқиқот давомида аниқланган.

Тhe New York Times газетаси австралиялик олимлар амалга оширган тадқиқот натижаларини тақдим этди. Унда бир кишининг кунига ўтириб телевизор томоша қилган ҳар бир қўшимча соати учун эрта ўлим хавфи 11 фоизга ошиши таъкидланган. Шу боис баъзи экспертлар давомий ўтиришни «ҳаракатсизлик пандемияси» деб аташган.

Кунига неча соат ўтирасиз?

Тахмин қилингчи, бир кунда неча соат вақтингизни ўтириб ўтказасиз? Эрталаб нонуштада, ишга, ўқишга кетаётганда йўлда, транспорт воситасида, кун давомида дарсда, иш столида, тушликда ва ҳатто кечки овқатда ҳам ўтиришга тўғри келади. Энг ёмони, кечки овқатдан сўнг оилавий ўтириб олиб ёки ётган ҳолатда телевизор қаршисига михланиш одам ўз организмига зулм қилишидан бошқа нарса эмас.

Англия жамоат саломатлиги томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, одамлар кунига ўртача тўққиз соат вақтини ўтириб ўтказади. Офисда ишлайдиганлар учун иш вақтининг 65-75 фоизи ўтиришга сарфланади.

Агар барча ҳаракатсиз одамлар жисмоний машқлар билан шуғулланса, ҳар йили 5,3 миллиондан ортиқ ўлимнинг олдини олиш мумкин, бу ҳар йили чекиш туфайли 5 миллион ўлим билан бир хил. Демак ҳаракатсизлик чекишдан хавфли, аммо жисмоний фаоллик чекишдан сақланиш каби фойдалидир. Шу маънода, агар одамлар ҳафтасига 150 дақиқа ёки ундан кўпроқ вақт жисмоний машқлар, масалан, тез юриш билан шуғулланса, ўлимнинг олдини олиш мумкин эди. Агар ҳар бир киши ҳафталик машқларни мунтазам бажарса, бутун дунё бўйлаб юрак хуружидан вафот этганларнинг тахминан 6 фоизини, 2-тоифа диабетдан вафот этганларнинг 7 фоизини ва яна турли касалликлар сабаб эрта вафот этганларнинг 10 фоизини омон сақлаб қолиш мумкин эди.

Бир ўйлаб кўринг, агар бу дунёдаги барча нофаол одамлар фаоллашса борми, қанчадан-қанча умрларни сақлаб қолиш мумкин...

 

Ноилахон АҲАДОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔3

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔35

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔40

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар