Самарқанд вилоятидаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ҳақида эшитганмисиз? Ушбу марказ раҳбари Моҳира Азимова анча йиллардан буён бевосита хотин-қизларнинг ҳаётига оид масалалар билан шуғулланиб келади.
Унча-мунча одам аралашишга чўчийдиган, ўзини четга оладиган оилавий муаммолар билан марказда ишлайдиган бор-йўғи уч нафар ходим – Моҳира опа, психолог ва иш юритувчи шуғулланиб келади. Аммо ана шу кичик жамоа билан ҳам Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ҳар йили ёрдам сўраб мурожаат қилган юзлаб хотин-қизлар ва эркакларга беминнат кўмак бериб келмоқда.
Хўш, бугун аёлларимиз қандай муаммоларга учрамоқда? Оилавий низоларга олиб келаётган сабаблар қандай ва уларнинг олдини олиш мумкинми? Умуман, бугун Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази фаолияти нималардан иборат бўлмоқда?
– Бугун фуқаролар, айниқса аёллар марказимизга кўпроқ оилавий можаролар, зиддиятлар ва уй-жой масаласида мурожаатлар билан келишмоқда, – дейди Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази раҳбари Моҳира Азимова. – Энг қизиғи, арзимаган, уйда эр-хотин, ёки қайнона-келин тинчгина ўтириб ҳал қилса бўладиган масалаларда ҳам шикоятлар йўқ эмас. Аксарият ҳолларда, оила аъзолари ўртасида бир-бирини тушунмаслик ёки тушунишга ҳаракат қилмаслик, ишончсизлик кучайганини кўриш мумкин.
Масалан, ана шундай мурожаатлардан бирини олайлик. Гўдаклигидаёқ онаси томонидан ташлаб кетилиб, турли шахсларнинг қарамоғига ўтиб вояга етган Солия (исмлар ўзгартирилган) 16 ёшида она бўлди. У ҳали турмушга чиқмаган қиз эди. Болани кимларгадир бериб юборишди. Ёшгина ҳимоясиз Солия ўз манфаати йўлида ундан фойдаланишни ўйлаганлар орасида кун кечирарди. Ниҳоят, бир куни водийлик бир йигит уни ёқтириб қолади. Уйланиб, ўз юртига олиб кетади. Улар уч нафар қизли бўлдилар. Эри мунтазам спиртли ичимлик ичган. Кейинчалик у Солиянинг ўтмишини эслатиб, таҳқирлай бошлаган. Аёлга нисбатан тазийқ кундан-кун кучайиб борган. Тинимсиз таҳдидлар остида қолган аёл энди ўзини ҳимоя қилиши кераклигини тушуниб етган. Унинг мурожаатига кўра, аёл давлат ҳимоясига олинди ва марказга жойлаштирилди. Фарзандлари мактабга, болалар боғчасига, ўзи эса ишга қўйилди. Шу билан бирга, имтиёзли кредит асосида янги уй олиши учун бошланғич тўлов давлат томонидан тўлаб берилди. Солия яқин кунларда янги уйга кўчиб ўтади.
Афсуски, бундай аччиқ қисмат эгалари кам эмас. Уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, аввало, бундай нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш учун эса комплекс ишларни амалга ошириш, фуқароларимизнинг, айниқса, хотин-қизларимизнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва шу орқали инсонларнинг бир-бирига нисбатан ҳурматини шакллантириш лозим.
– Моҳира опа, хабарингиз бор, туманлардаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари қисқартириб юборилди. Шундан сўнг вилоят марказига бўлаётган мурожаатлар сони анчагина кўпайдими?
– Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 19 майдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2021 йил 6 октябрдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ижросини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оиладаги зўравонлик муаммоларини таҳлил қилиш ҳамда ушбу муаммоларнинг долзарблиги, хусусиятлари, сабаб ва оқибатларини аниқлаш, зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Марказнинг йиллик иш режаси ва ҳамкор ташкилотлар билан олиб борилиши керак бўлган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Айни пайтда юқорида баён этилган қарор асосида Самарқанд вилояти ҳудудий маркази ва намунавий Каттақўрғон маркази фаолият юритмоқда. Бизнинг фаолиятимиз асосини «1146 – Ишонч телефони» орқали ва бевосита ўзимизнинг «Ишонч телефон»имиз орқали тушаётган мурожаатлар билан ишлаш ташкил этади десам, хато бўлмайди. Марказлар сони қисқартирилгач, мурожаатлар кўпайди дея олмайман, чунки келиб тушаётган барча мурожаатларни ҳамкор ташкилотлар билан ҳал қилишга ҳаракат қилмоқдамиз. Масалан,
2021 йилда марказимизга жами 351 нафар шахсдан мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 326 нафарини аёллар, 18 нафарини вояга етмаганлар ва қолган 7 нафарини эса эркаклар ташкил этди.
Гарчи Ҳимоя ордери берилаётган аёллар сони ойдан-ойга ошаётган бўлса-да, бу аслида зўравонликни яширишни истамаётганлар сони ортаётганидан далолат беради. Мисол учун, ўтган йили 200 нафардан ортиқ хотин-қизларга Ҳимоя ордерлари берилган бўлса, олдинги йилларда бу рақам 100 га яқинни ташкил қилган холос. Албатта, ҳар бир мурожаатчи билан психологимиз Насиба Маматова индивидуал шуғулланиб, оғир ҳолатларда хотин-қизларни стрессдан чиқариш борасида психологик машғулотлар ўтади, руҳий маслаҳатлар беради.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бизнинг самарали фаолият юритишимизда Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан доимий равишда катта ёрдам кўрсатилиб, марказимиз ҳокимлик мутасаддилари томонидан фаол қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Хусусан, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, «Меҳр-1», «Меҳр-2», «Меҳр-3» операциялари доирасида хориждаги уруш ўчоқларидан қайтариб олиб келинган аёлларни реабилитация қилиш, уларга уй-жой ва хонадонлар ажратишда берилаётган беғараз кўмак учун вилоят ҳокимлигига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
– Моҳира опа, марказга эркаклар асосан қандай масалаларда мурожаат қилишади?
– Марказга эркаклар томонидан келиб тушадиган мурожаатларнинг аксарияти хотинлари хиёнат қилган ёки муомала маданиятидан бехабар бўлган аёллардан безган фуқаролардир. Бизга мурожаат қилган эркаклар албатта исм-фамилияларини ошкор этмасликни сўрашади.
Гендер тенгликни таъминлашда жамиятнинг ҳар бир соҳасида аёллар билан бир қаторда, эркаклар ҳуқуқларини ҳам бирдек таъминлаш назарда тутилади.
Наргис ҚОСИМОВА суҳбатлашди.
Биоқароқчиликнинг янги қиёфаси: битта чумоли 220 доллар
🕔15:39, 13.04.2026
✔36
Замонавий дунёда экзотик жониворларга бўлган қизиқиш нафақат ноёб қушлар ёки судралиб юрувчиларни, балки ҳашаротлар оламини ҳам қамраб олди. Сўнгги йилларда дунё бўйлаб «formikary» (сунъий чумоли уялари) трендининг авж олиши кутилмаган экологик муаммони – чумолилар контрабандасини юзага келтирди. Хўш, бу ўзи қандай тенденция? Одамлар нима учун чумоли боқяпти?
Батафсил
Тоғлар орасидаги Қорачакияда янги йўллар бўлади
🕔15:59, 02.04.2026
✔138
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирали Шодиев Самарқанд вилоятидаги ўрганишлари доирасида Қўшработ туманининг энг олис нуқталаридан бири – Қорачакия қишлоғида бўлди.
Батафсил
Давлат идоралари «қоғозсиз иш тартиби»га ўтади
🕔15:31, 26.03.2026
✔187
Мамлакатимизда давлат бошқарувини рақамлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам ташланди. Ҳукуматнинг 2026 йил 18 мартдаги қарори билан давлат идораларида қоғоз сарфини кескин қисқартириш ва иш жараёнларини тўлиқ рақамли форматга ўтказиш чоралари белгиланди.
Батафсил