«Ҳозироқ буюртма беринг ва оғриқдан халос бўлинг! Фойда бермаса пулингизни 100 фоиз қайтарамиз!»
Бир кунда қанча вақт телевизор кўрасиз? Ҳеч бўлмаса тонгда нонушта қилаётганда, кечги вақт ишдан келиб, оилангиз даврасида, тўғрими? Қандай кўрсатув ёки кинофильм кўрасиз? Хўш, ўшанинг орасида қанча вақт реклама кўришга мажбур бўляпсиз?..
Бу саволларни бежиз сўрамаяпмиз. Боиси бугун миллий телеканалларимизда эфирга узатилаётган рекламаларни кузатар эканмиз турли номдаги «дори воситаси эмас» дея эътироф этилаётган маҳсулотлар эгаллаганини кўрамиз. Унда ҳар қандай хасталикка чалинган одамлар ўша маҳсулотни истеъмол қила бошлаши билан ўзгариш сезгани, соғлиғи яхшиланиб, гўёки дарддан фориғ бўлгани ҳақида сўз боради. Ҳатто айрим аёллар ёшариб кетаётганини, эркаклар эса эркаклик қуввати ошиб кетаётганини қайта-қайта айтишдан эринмаяпти. Хўш, аслида ҳам шундай «мўъжизавий эликсир»ми булар? Чиндан ҳам бу маҳсулотлар тилга олингани каби минг дардга давоми?
Алдагани содда халқ яхши
Рекламадан бир парчани ёдга олайлик: «Инсулт, инфарк, буйрак, пешоб йўллари ва қандли диабет, бўғим касалликларини яхшилайди, ошқозон-ичак йўллари, эндокрин тизими, тери-таносил касалликларини даволаб, иммунитетни кўтаради...» Буни эшитган одам борки шу дардлардан ҳеч бўлмаса биттасидан азият чекаётган бўлади. Рекламани кўриб, ҳайратда қолади, ўшани ичса, дарров соғайиб кетишига чиппа-чин ишонади. Наҳотки шунча касалликнинг давоси биргина биологик фаол қўшимча (БФҚ)да мужассам бўлса?.. «Юрган эканманда дўхтирма-дўхтир» дейди. «Дори воситаси эмас» дея таъкидланаётган бундай «эликсир»ни «бор йўғи» 299 минг сўмга ким ҳам олмайди дейсиз...
Унинг кетидан мана иккинчи маҳсулот рекламаси бошланди. Биз билган шиллиққурт оқсили обдон мақталади. Айтилишича унинг табиий таъсири туфайли биз нафақат оғриқдан халос бўлиш, балки унинг асосий сабабини даволашимиз мумкин экан. Демак бу оғриқ қолдирувчи нарса экан-да? Эндигина шу хаёлга борган эдим, артрит ва артроз сабаб келиб чиқадиган оғриқларда фойда бериши, бўғимларнинг дастлабки ҳолатини тиклаши айтилди. Камига биттасини нархида иккита қути олишим мумкин экан, фойда бермаса пулимни қайтиб беришни ҳам ваъда қилишди. Дарров буюртма бераман, дея шайландим. Аммо бу БФҚ ёки крем чиндан ҳам фойдалими? Ишонсам бўладими, дея интернетдан расмий канал ва сайтини қидирдим.
Қизиғи шундаки, рекламада маҳсулотнинг 100 фоиз табиий ва хавфсиз эканлиги ҳам иддао қилинаётган бир пайтда, ижтимоий тармоқдаги расмий каналида харидорларнинг норози изоҳлари жуда кўп экан.
Масалан, Зариф Абдусатторов исмли истеъмолчи «Эрта индин дея пули қайтарилмаганлигини, 3 флакон олиб ичгани аммо ҳеч қандай ёрдам бермагани, администратор бўлса биринчи қутини ичиб фойдасини сезмаганда, қолганини ҳам истеъмол қилса албатта фойда беришини таъкидлаганини, аммо ҳамон фойда сезмагач администратор турли баҳоналар қилганини» ёзиб қолдирган. Сетора Муҳаммадқулова эса алданиб қолишдан эҳтиёт бўлиш лозимлиги, унга бу БФҚ фойда бермаганини, Роҳила Турдиева ҳам фойдасиз бу маҳсулот учун 740 минг сарфлаганини афсус билан ёзган. Шу тариқа кўплаб изоҳларда маҳсулот фойдасизлиги, одамларни алдашдан бошқа нарса эмаслиги ёзилган бўлса, айрим шахслар шифо топганини ҳам қайд этган. Аммо бу вақтинчалик бўлганини, сўнг яна аввалги ҳолатга қайтганини ҳам айтишни эсдан чиқармаган. Хуллас, бу фикрларни ўқиб буюртма бериш фикридан қайтдим. Фойдасиз бўлса нега бунчалик такрор ва такрор реклама қилинаверади? Ахир дардига даво излаб, шундоқ ҳам чўнтаги «юпқалашиб» қолган оддий халқ пулини шилиш эмасми бу? Ҳалигача телевизорга ишонадиганлар кўп, улар бунинг реклама эканини ҳам унчалик фарқлаб ўтиришмайди-да.
Мана яна биттаси: «табиий, шифобахш кучга эга иммуномодулятор дея таърифланаётган ушбу маҳсулот метоболизмни яхшилаши, инсон мияси, юрак ва мушаклар тўғри ишлашига ҳисса қўшиши» таъкидланган. У қанчалик фойдали – бу бизга қоронғу. Бироқ содда халқимиз осонгина ишониб, улар савдосига «барака» бермоқда. Айниқса, қора седана ёғи савдоси бугун авжида. Нега дейсизми? Боиси унинг рекламасида машҳурларимиз тавсияси, ҳаттоки диний илм эгалари ҳам иштирок этяпти. «Юлдуз»лар тавсия қилгандан сўнг барча ишонади-да. «Бекорга тавсия қилмайди» дея дарров сотиб олишга ошиқади.
Дори воситалари рекламаси ўзгаради
Шу кунларда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилган янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасида Ўзбекистонда таниқли шахсларнинг дори воситалари рекламасида иштирок этиши тақиқланмоқда экан. Аммо бу фақат дори воситаларининг рекламасига тегишли. Демак, БФҚларда ҳамон тавсиялар давом этиши мумкин. Қолаверса дори воситалари рекламасида тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши, олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, худди шунингдек, алоҳида шахсларнинг миннатдорлигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш тақиқланмоқда. Бу яхши ўзгаришлар ҳам минг афсуски БФҚларга тааллуқли эмас. Аслида дори воситалари рекламасига қўйилаётган бундай талаб, БФҚларга ҳам жорий этилса мантиқан ҳам, истеъмолчи манфаати нуқтаи назаридан ҳам тўғри бўлмайдими?
Минг дардга давоми?
Бугун юртимизда бу маҳсулотлар очиқ-ошкора реклама асосида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги сертификатига эга бўлган ҳолда сотилмоқда. Бу эса одамларнинг ишончига, умид боғлашига асосий мезон бўляпти. Пул-ку майли, қўлнинг кири, ҳамма ҳам саломатлиги учун ҳар қанча сарфлашга тайёр.
Аммо бугун шу 299 минг сўмни топиш учун оддий аҳоли қанчалик меҳнат қилишини биламизми? Кимнингдир пешона тери билан топгани майли кетсин, ҳеч бўлмаса шунга яраша даво топса қани эди.
Унда бутун Ўзбекистон аҳолиси «минг дардга даво» бундай «мўъжизавий эликсир»дан тузалиб, касалхоналар ҳувиллаб қолармиди. Қани эди шундай бўлганда. Ўзингиз ўйлаб кўринг, қандай қилиб биргина маҳсулот шунча хасталикка даво бўлиши мумкин?
«Капсуладаги қора седана ёғи – иммунитет ва гормонал тизимларни тиклайди ва инсон организимидаги барча касалликларни бартараф қилишга ёрдам беради. Касалликлар туфайли заифлашган иммунитет тиклана бошлаганда, ҳатто «саратон» ёки «гепатит C» ва шу қатори бошқа энг жиддий касалликларни ҳам даволашга ёрдам беради. Бу масулотни ҳар куни ўз вақтида ичилса 100 фоиз натижага эга бўласиз», дея ваъда бериб, жимжимадор сўзлар ёзилса ким ҳам ишонмайди ахир.
Мантиқан ўйласангиз, агар қора седана ёғи саратонга даво бўлганида, бутун дунёда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган ва саратонни даволашда қўлланилмас эдими? Бир йилда 20 миллионга яқин одам саратонга чалинмоқда ва уларнинг 10 миллиондан зиёди қурбон бўлмоқда дунё миқёсида. Нима учун ўшалар ҳаёти бир дона капсуладаги «ҳаётбахш эликсир» билан сақлаб қолинмаяпти?
Биргина маҳсулот, аллергияга қарши курашувчи, антибактериал, антифунгал ва антивирал таъсирга эга, жигарни ёғ босишининг олдини олувчи, диуретик, холеретик, енгил лаксатиф таъсирга эга, кўплаб вирус, бактериялар, замбуруғларни йўқотувчи, оғриқ қолдириш ва спазмолитик эффектга эга, ошқозонинг кислоталилигини камайтирувчи, ҳазм қилишни яхшилайдиган, қон босимини самарали туширадиган, сочларнинг қайта тикланишига ёрдам берадиган, аёлларда сутни кўпайтирадиган… шунингдек, саратон ва бепуштлик каби касалликларда шифо бўлиши ақлга сиғадими? Яхшиям ўлимни ҳам даволайди дейишмаяпти... Шу аснода давом этса ўлимнинг ҳам давоси шу, дейишгача етиб боришса ҳам ҳеч гап эмас. Шу қадар фойдали бўлса нега бутун дунё дори-дармон ишлаб чиқаряпти?..
Сўз қудрати
Ижтимоий тармоқларда рекламага зўр берган БФҚ ҳам, дори ҳам бўлмаган айрим маҳсулотлар «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қора седана ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир» дедилар». Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти» дея бир жойда реклама берса, бошқасида «Саҳобалар нега касал бўлишмаган? Мўминларга шифо – Исломда! Расулуллоҳ (С.А.В.) «Қора седана ўлимдан бошқа барча дардга даводир» деганлар», дея инсонларни ишонтиришмоқда.
Ана шундай сўзларни шиор каби жарангдор сўзларга ҳар бир мусулмон ишониши табиий. Аммо Пайғамбаримиз қора седана ёғидан тайёрланган капсулалар эмас, балки қора седананинг ўзи ҳақида сўз юритмаяптиларми? Иймон-эътиқод тушунчаларидан моддий бойлик орттириш илинжида рекламада фойдаланиш қанчалик тўғри ва ҳалол?! Тиб илмининг мутафаккири Ибн Сино ҳам ҳар бир гиёҳ, ҳар бир малҳамни ёппасига эмас, беморнинг мижозига, касаллик келиб чиқиш сабабларига қараб ишлатмаганми?!
– Рекламасида бўрттириб кўрсатилаётган бу маҳсулотлар айтилгани каби дея олмаймиз. Масалан, агар седана ёғи саратонга даво бўладиган бўлса, одамлар минг йилдан бери касал бўлмас, саратондан вафот этмасди, – дейди доришунос олим Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ. – Мақсад – маҳсулотни сотиш. Мутахассис сифатида мендан кўпчилик маслаҳат сўрайди. Мен седана ёғидан кўра, унинг ўзини олиб, туйиб, эрталаб бир чой қошиқдан ичишни тавсия қиламан. Шиллиқурт оқсилига келсак, тиббиётда бўғим оғриқларига фойдали эканлиги исботланган. Аммо ҳаммага ҳам бирдек фойда бермайди, сабаби инсонларнинг организми турлича, шу маънода таъсири ҳам фарқли бўлади.
– БФҚлар дори воситаси эмас, даволамайди, фақат организмдаги нормал ҳолатни ушлаб туришга ёрдам бериши мумкин бўлган қўшимчалардир, – дейди фармацевт Қамариддин УМУРЗОҚОВ. – Бир маҳсулот кўплаб хусусиятларга эга бўлиши мумкин эмас. Бу фақат тижорий мақсадга хизмат қилади. Мутахассис сифатида уларнинг даволашига ишонмайман. Седана ёғига келсак, махсус технологиялар асосида олинади. Масалан, ёққа солиб, қоронғу жойда дамлаб қўйилади ва шунда седанадаги фойдали хусусиятлар ёғ таркибига чиқади ва ундан фойдаланиш мумкин. Ҳадисларда ҳам седананинг ҳусусиятлари ҳақида сўз юритилган, аммо уни уч-тўрт донасини тил остига солиб шимиш тавсия қилинади. Бизда бежиз седанани нон устига сепишмайди. Боиси у иссиқликка кирганида таъсири кучаяди. Бунинг учун махсус ёғини сотиб олиш шарт эмас. Яна бир нарса, БФҚ сифатида рўйхатдан ўтказиш ва сертификат олиш узоқ вақт талаб қилмайдиган, дориларни рўйхатдан ўтказиш ва рухсат олишга нисбатан анча осон жараён. Шу сабабли бугун юртимизда БФҚлар кўпаймоқда.
Аслида кўплаб касалликлар жисмоний ҳаракат ва спорт билан шуғулланмаслигимиздан. Шундай экан, нега соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, нафсни сал тийиб, кўпроқ юриш, югуриш билан шуғулланмаймиз? Энг хавфсиз, синалган, самарали, бепул ва ҳамёнбоп даво аслида – спорт ва жисмоний ҳаракатда.
Реклама ҳуқуқи бор!
Юқорида тилга олинган маҳсулотлар рекламасига ишониб истеъмолчилар алданиб қолмоқда. Улар фаолияти бугун қай тартибда назор қилинмоқда? Бу ҳақида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мутасаддилари билан суҳбатлашдик.
– «Реклама тўғрисида»ги қонунда реклама қилиш тақиқланган маҳсулотлар тури бор. Унда алкогол, тамаки каби маҳсулот ва хизмат турлари рекламаси тақиқланган бўлиб, биологик фаол қўшимчалар назарда тутилмаган, – дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси Саидбобурхон ЖЎРАЕВ. – Демак улар ҳам реклама қилиш ҳуқуқига эга. Аммо фаолияти 2001 йил 6 апрелдаги «Реклама жойлаштириш тўғрисида»ги Низомнинг 11-банди асосида тартибга солинади. Унда биологик фаол қўшимчалар рекламаси қанақа тартибда бўлиши керакли тўлиқ ёзилган. Шунга кўра, юқорида тилга олинган маҳсулотлар рекламаси ўрганилади. Улар рекламасида «даволаш хусусиятига эга» дея берилмайди, «самарали восита» деган жумлаларни ишлатмаслик бўйича кўрсатмалар берилган. Шундай сўзлар келтирилган тақдирда тегишли чоралар кўрилади. Унутманг, биологик фаол қўшимча дори эмас, даволаш хусусиятига ҳам эга эмас.
Шунчаки соғлом турмуш тарзини янада мустаҳкамлашда қўшимча модда сифатида қабул қилиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар сотиб олингандан сўнг қайтарилмайдиган маҳсулот турига киритилган. Шу сабабли истеъмолчидан маҳсулотни қайтариб олмаслик мумкин. Агар ташкилот рекламасида «пулни қайтариш»ни ваъда берган ва буни амалда бажармаган бўлса, у ҳолда тегишли тартибда агентликка мурожаат қилишлари мумкин.
Биз тилга олган маҳсулотларнинг аксарияти дори воситаси ҳам, биологик фаол қўшимча ҳам эмас, бошқа турдаги маҳсулот сифатида юртимизга олиб кирилмоқда. Масалан, яримтайёр маҳсулот, чой, ва бошқа турдаги маҳсулотлар сифатида мувофиқлик сертификати олинган бўлса ушбу талаб амал қилмайди. Бўрттириб юбориш, ёлғон маълумот бериш бўйича эса, албатта чора кўрилади, аммо бу маҳсулотларнинг хусусиятлари ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳулоса беради.
Хулоса ўзингиздан...
Ҳар биримиз инсонмиз, онгимиз, ақлимиз, ўй-фикрларимизга эгамиз. Шундай экан ҳар қандай қарорни ўзимиз чиқарамиз. Бу каби маҳсулотларни сотиб олиш ёки олмасликка ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ. Бироқ содда бўлмайлик. Етти ўйлаб, сўнг қарор қилайлик. Токи, алал оқибат молимизга, ҳатто жонимизга зарар қилмайлик.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири