Жаҳон илм-фани тараққиётида Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг ўрни ва аҳамияти катта. Хусусан, «Бобурнома» XVI асргача бўлган ижтимоий-сиёсий тушунчаларни қамраб олган,
барча соҳаларда қимматли маълумотлар берувчи, ўзбек халқининг жаҳондаги бошқа миллатлар билан адабий-маданий алоқалари тарихини ёритишга хизмат қиладиган ноёб манбадир. Ўттизга яқин тилга таржима қилиниши асарнинг теран мазмуни, таъсирчан услуби ҳамда энциклопедик хусусияти билан белгиланади.
«Бобурнома» жаҳон адабиётининг нодир дурдонаси ҳисобланади. У ўзининг таржималари билан барча халқлар адабиётига бемисл ҳисса қўшган. Асар дунё тилларига таржима қилинишининг тарихий ва тадрижий жараёнларини кўриб чиқиш асносида, таржимонларнинг аслиятни қайта тиклаш жараёнида нақадар машаққатли ва шарафли йўлни босиб ўтганлигини кўриш мумкин. Бунинг натижаси ўлароқ бугунги «Бобурнома»нинг жаҳон юзини кўриши учун етарлича тадқиқотлар амалга оширилган. Ҳозирда «Бобурнома» ва унинг таржимасига тегишли бўлган тарихий ҳужжатлар дунёдаги 23 та номдор кутубхонанинг ноёб мулки ҳисобланиши ҳам асар салоҳиятининг нечоғлик юқори эканини кўрсатади.
Дунё илм-фани ривожида Бобур асарларининг илмий аҳамиятини асослаш, жумладан, «Бобурнома» таржималарини қиёсий таҳлил қилиш, айниқса, ундаги тил бирликларининг таржимада қандай ифодаланиши масалаларини ўрганиш борасида қатор тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда бугун буюк аждодларимиз меросига қаратилаётган эътибор, улардан қолган бой илмий адабий меросни тадқиқ этиш ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ҳар бир киши тилимиздаги 800 га яқин мақол, матал ёки афоризм ҳақида тушунчага эга. Лекин тилнинг бойлиги бир неча ўн минглаб паремияларни ўз ичига олади. Кейинги йилларда тилшуносликда ҳамда лингводидактикада паремиологик луғат, паремиологик ўқув-луғатлари тузишга катта эътибор берилмоқда.
Коинот қонуниятларини кузатиш, турмуш тажрибаларига суяниш асосида чиқарилган хулосаларни ифодаловчи, халқнинг жамиятга муносабати, руҳий ҳолати, этник ва эстетик туйғулари, ижобий фазилатларини мужассамлаштирган, авлоддан авлодга оғзаки шаклда кўчиб юрувчи, ихчам ва содда, қисқа ва мазмунли мантиқий умумлашмада пайдо бўлган мақол, матал, ибора, афоризм кабиларда акс этади. Улар тилнинг энг бой ва жуда кенг қўлланилувчи намунаси ҳисобланади. Фақатгина мақол ёки ибора ҳисобланиб қолмасдан, улар ўзида кўчма маъно билан биргаликда халқ, миллат маданиятини акс эттиради. Демак, ҳикматлар нафақат тил маҳсули, балки халқ ва бутун бир миллат маданий бойлигининг тилдаги гўзал ифодасидир.
Мақол халқнинг панд-насиҳати, маънавий-ахлоқий хулосаси, халқ миллий руҳининг акс-садоси, тил табиатининг ҳикматли мезонидир. Мақол тўқилмайди, балки маълум шароит тақозоси билан яратилади. Мақол чуқур ижтимоий, ахлоқий, фалсафий-ҳикматона мазмунга эга. Шу сабабли баъзи мақоллар бутун бир асарнинг мазмунини ўзида ифодалаши мумкин. Маълумки, мақоллар ҳар бир халқ маданиятининг кўзгуси ҳисобланиб, уларнинг замирида халқнинг урф-одати, удуми, доно қадриятлари, миллат дунёқараши ва миллий манзарасини очиб берувчи маъно ва мазмун ётади. «Бобурнома»да ҳам бирор воқеани тасвирлаётганда муаллиф кўпроқ мақоллар билан изоҳлашга ҳаракат қилади. Бу билан воқеанинг таъсир кучи янада ортади. Масалан, «тенг бўлмагунча тўш бўлмас» мақолини Бобур Афғонистондаги баъзи тоғлар ҳақидаги тасаввурлари тасвирида келтиради. Айтилишича, бу тоғлар паст-паст, дарахт ўсмайди, суви танқис, ўти оз, хуллас, нобоп ва кўримсиз тоғлар. Айни пайтда «Тоғлари эллариға муносиб тушубтур», яъни тоғлари халқига мос. Бундан Бобур мирзонинг бу тоғ элини хушламагани маълум бўлади. Шу ўринда муаллиф халқи ёмон, саркаш, бадхулқ каби сифатларни келтириб ўтирмайди, шу мақолни келтириш билан кўнглидагини тушунтириб қўя қолади. Бу мақол ҳозирги кунда «Ўхшатмасдан учратмас» шаклида қўлланилади.
Матал нарса ва ҳодисаларни образли ифодаловчи, тилда кенг истифода этиладиган нутқ бирликдир. Матал сўзловчининг ўз нутқи мазмунига муносабатини ифодалайди. Мақол билан матал ўртасида умумийлик кўзга ташланади. Бу умумийлик шундан иборатки, ҳар иккаласи ҳам (мақол ва матал) нутқни жонлантириш, жозибадор ва образли қилиш, фикрни тайёр нутқ қолиплари, формулалари билан ифодалаш, уни мазмундор қилишда ишлатилади. Лекин шу билан бирга, тугал фикрни ўзида ифодалаган мақоллардан маталлар жиддий фарқ қилади. Матал айтилмоқчи бўлган фикр, муддаони бошқа воситаларни гўё мутасадди қилган ҳолда ифодалайдиган кўчма маъноли нутқий таркиб бўлиб, унда хулоса бўлмайди, балки унинг ўзи бирон хулоса келтириб чиқариш учун хизмат қилади. Матал фикрни тугал баён этмай, балки унга ишора қилади.
Масалан, «кўзларини туз тутти» матали ўзидан аввалги фикрларга бевосита боғлиқ бўлиб, олдинги фикрга ишора қилиш хусусиятига эга. Бу матал Бобурга хиёнат қилиб аввал Аҳмад Танбалга, кейинчалик Шайбонийхонга хизмат қилган Муҳаммад Дўст отли бекка нисбатан айтилади. Айтилишича, охири Шайбонийхонга ҳам кўрнамаклик қилиб қочганда, тутиб кўзларини кўр қилишади, Бобур фикрини «кўзларини туз тутти» матали билан хулосалайди.
Ҳар бир ҳикматли гап алоҳида олиб қараганда, ўзича бир тугал асар. Улар таржимасида бош мезон шакл гўзаллиги билан бирга, даставвал, маънони рўёбга чиқаришдан иборат. Акс ҳолда, ҳикмат ва каромат ғойиб бўлиб, мантиқий чалкашлик пайдо бўлади. Афоризмлар, ўз номидан англашилганидек, ҳикматли бирор фикр айтиш учун ишлатилади. «Бобурнома» турли ибратли мавзулардаги ранг-баранг афоризмлар қўлланилган. Уларнинг умумий миқдори ўттизга яқин. Асардаги аксарият афоризмлар форсчада қўлланган. Биз таҳлилга тортаётган афоризмларнинг ўнтаси туркийда. Масалан:
Бормоққа не маскане муяссар,
Турмоққа не маъмане муқаррар.
Афоризмларнинг бир нечтаси насрий йўл билан, аксарияти шеърий шаклда битилган.
«Бобурнома»да мақол ва маталлардан шахс ва вазиятларни янада ёрқинроқ тасвирлашда унумли фойдаланилган. Асарда 19 та мақол-матал, 27 та ҳикмат, 982 та ибора қўлланган.
«Бобурнома» йирик ҳажмли, услубий жиҳатдан етук асар бўлгани сабабли унинг тилини ибораларсиз тасаввур қилиш қийин. Уларни ўрганиш ўзбек тили фразеологияси тарихи, халқ дунёқараши, урф-одат, анъаналари ҳақида муҳим маълумот беради. «Бобурнома»да муаллиф воқеа ва ҳодисани тасвирлаш учун мақол, матал ва иборалардан маҳорат билан фойдаланади. Асар тилининг равон ва жозибадорлиги сабаби ҳам шундадир.
Дилафрўз МУҲАММАДИЕВА,
филология фанлари
бўйича фалсафа доктори,
ТошДЎТАУ катта ўқитувчиси