Бу ҳали бурчимизни тўлиқ адо этдик, дегани эмас
Фарзандлар улғайган сари биз катталарда безовталик бошланади: топган-тутганимизни тўплаб, тўй тадоригига киришиб кетамиз.
Сир эмас, ўғил уйлантириш ёки қиз чиқариш дейилганда, аввало, тўй харажатлари, келин-куёв сарполарини ғамлаш тушунилади. Рўзғордаги ейиш-ичиш ва бошқа эҳтиёжлар сарф-харажатларидан тийилсак тийиламизки, тумонат тўйхўрлар олдига ёзилажак дастурхон кам-кўстини бутлашга интиламиз. Бутун диққат-эътиборимиз, куч-ғайратимиз шу мақсадга қаратилади. Ўғлимиз кимга уйланади, қизимиз кимга турмушга чиқади — булар иккинчи даражали масала гўё... Тўғри-да, аввал биз бу ёғини пухталаб олайлик, бир келин бўлса, топилади, куёв ҳам анқонинг уруғи эмас. Муҳими, қизимизнинг, қудаларнинг, куёв боланинг кўнгли тўладиган бўлсин...
Ниҳоят, орзиқиб кутган ўша кунга ҳам етамиз: мисқоллаб йиққанимизни бир кунда ботмонлаб сочамиз. Сўнг енгил тортамиз... Ана бўлди, бурчимизни адо этдик...
Шошманг, биродари азиз! Бурчни тўлиқ адо этдикми? Бу борада ҳеч нарсани фаромуш қилмадикмикан?..
Тўғри, тўй-томошани ҳам ўйлаш керак, бу — ҳавасли дунё. Бироқ фарзандимиз оила қуришга муносибми? Масалан, жисман ва моддий тарафдан оила деб аталмиш мураккаб янги ҳаёт синовларига бардош беришга қодирми? Энг аввало, шулар ҳақида ўйлаб, масалага кўпроқ ана шу тарафдан ёндашсак, мақсадга мувофиқ бўлмасмикан?
Турмушдан муддао нима?
Ота-она фарзандининг бошини қовуштириб қўйишдан нимани мақсад қилади? Мана, сизга бир мисол.
...Маҳалла идорасига таклиф этилган бир киши ўғлининг бетийиқлиги, ичкиликка берилиб кетаётгани ҳақидаги эътирозларни эшита туриб, нима дебди денг? «Ўзимизнинг ҳам бошимиз қотган, қайтариб ололмаяпмиз. Шунинг учун уйлантириб қўймоқчимиз, зора, хотини қайириб олса...»
Мантиқни қаранг! Ота-онаси, маҳалла мутасаддилари нотўғри йўлдан қайтара олмаган асов болани бўлажак келин қайириб олармиш?! Ахир, келин ҳам бир оиланинг жондай фарзанди. Унинг ҳам ҳаётдан умиди бор. Оиласи, ота-онаси бағридан «ситилиб» чиқиб келган қиз янги оилада келинлик гаштини сургиси, фарзанд кўриб, меҳр-муҳаббат билан тарбиялагиси келади. Лекин бояқиш буларнинг ҳаммасини йиғиштириб қўйиб, ичкиликбоз эрининг тарбияси билан машғул бўлсинми?! Бу — кўра-била туриб, бировнинг гулдек фарзандини муаммолар гирдобига ташлаш эмасми?!
Баъзан худди шундай ҳолатнинг тескарисини учратишимиз мумкин. Яъни, бўй етиб қолган қиз ҳамон ота-онасининг эркаси. Тантиқ. Маромига етказиб бўяниб-кийиниб, ишга ёки ўқишга боради. Уйда қўлини совуқ сувга урмайди. Уй-рўзғор — ота-онанинг гарданида: «майли, бизнинг давримизда ўйнаб қолсин. Эртага турмушга чиқса, бир гап бўлар. Бошига тушса, эплаб кетади-да», дейишади. Тавба, бу фарзандини суйган ота-онанинг гапими?! Янги оила, янгича турмушга ҳатто, будли-шудли келиннинг ҳам мослашиб-сингишиб кетиши осон эмас. Тантиқ қизларни-ку, қўяверинг... Ишқилиб, унақа қизлар бахтига вазмин куёв, сабр-бардошли қайнона, қайнота учрасин...
Муҳаббат — аслида...
Муҳаббат билан дунё қоим. Оиласи, жуфти ҳалоли, фарзандларини севган кишининг қалбида ғайри ниятларга ўрин қолмайди. Ҳаёт ташвишлари, турли муаммолар бу оила мустаҳкамлигига рахна сололмайди. Муҳаббат аслида буюк муроса-ю мадорадир. Ҳар қандай шароитда ҳам муҳаббатли инсонлар муроса-ю мадора билан иш тутади. Тажрибасиз, ҳаёт аччиқ-чучуги, паст-баландини кўрмай вояга етган йигит-қиз ҳар қанча бир-бирига талпиниб, севишиб турмуш қуришмасин, рўзғор машаққатлари олдида довдираб қолади. Натижада аксар ёшлар бир-бирини айблашга, бир-биридан нуқсон қидиришга тушади. Бир кун қарашсаки, уларни қовуштирган ишқ-муҳаббатдан асар ҳам қолмабди. Унинг ўрнини адовату нафрат эгаллаган. Сабаб нима? Сабаби — улар оила қуришга маънан тайёр бўлишмаган. Оила қуриш учун фақат ошиқ-маъшуқликнинг ўзи етарли эмас. Оила меҳр-муҳаббат жозибаси билан барпо этилса-да, чинакам фидойилик, садоқат, айниқса, муроса-ю мадора билан мустаҳкамланади.
Биз, оила бошлиқлари — ўғилларимизни ана шундай руҳда тарбияласак, қизларимизни ўз жуфти ҳалолини чиройли сабр ва иболари билан қувватловчи, уларнинг саъй-ҳаракатлари, меҳнатларини қадрловчи, вафодор қилиб вояга етказсак, янги мустақил ва мустаҳкам оила пойдеворига тамал тошини қўйган бўламиз.
Қурбонали ТУРСУНОВ,
Олмазор тумани
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔304
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔321
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔485
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил