Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Ер юзи учун энг яхши совғани сўраб қоламан

Ҳар Янги йил арафаси кўплаб болалар қандай совға олиш ҳақидаги орзу ва тилакларини ёзиб сенга йўллашади. Сен эса мактубларни оласан ва улар кутаётгандек совғаларни улашасан.

Ер юзи учун энг яхши совғани сўраб қоламан

Жажжи қалбларни байрамга, орзулар ушалишига ва мўжизаларга бўлган ишончини уйғотасан. Бугун мен ҳам сенга ўз Янги йил совғам ҳақида мактуб йўллаяпман.

Биласанми Қорбобо, еримиз йил ўтган сари экологик муаммолар гирдобига тобора чуқур кириб бормоқда. Қандай муаммолар эканини гарчи ўзинг яхши билиб, кузатиб турган бўлсанг ҳам мактубимда шулар ҳақида яна айтишга, сени огоҳ этишга қарор қилдим.

Атрофимизда бизга соя салқин бериб, ҳавони тозалаб, ҳайвонларга уй ва озуқа берадиган дарахтзор ва ўрмонлар камайиб кетмоқда. Биргина 2015-2020 йиллар оралиғида ўрмонларнинг кесилиш даражаси йилига 10 миллион гектарга етган. Дарахтларнинг аёвсиз даражада кесилиши, яшил оламнинг камайиб бориши биологик хилма-хиллик йўқолишига олиб келмоқда. Бир томондан қишлоқ хўжалигининг кенгайиши табиий олам мувозанати издан чиқишига сабаб бўлса, иккинчи томондан ўрмон ёнғинлари менинг ҳаётимни тобора хавфга солмоқда.

Дарҳақиқат, ўрмон ёнғинлари нафақат ўсимликлар, балки ҳайвонлар ва инсонларнинг ўзи учун ҳам хавф туғдиради. Ахир ёнғин – тилсиз ёв, йўлида мавжуд жамики тирикликни кулга айлантиради. АҚШ ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатдаги ўрмон ёнғинларининг 90 фоизи одамлар томонидан содир этилади. Қаровсиз қолдирилган гулханлар, чиқиндилар, электр узатиш линияларидаги қисқа туташувлар, ташлаб юборилган сигарета қолдиғи ва ҳатто қасддан ўт ёқиш ҳам кузатилмоқда. Атига 10 фоиз ёнғинлар табиий омиллар туфайли юзага келар экан холос. Миллий идоралараро ёнғин маркази маълумотига кўра, 2021 йил 1 январидан 26 ноябрига қадар ўрмон ёнғинлари сони 52 минг 729 тани ташкил этди ва жами 6,6 миллион акр майдон (1 акр – 4046,86 метрквадрат) ёниб кетган.

Атроф муҳит маълумотлари халқаро маркази (International center for environment information) бу борада қуйидаги махсус статистикани эълон қилди.

Бунда қизил чизиқ ёнғинлар сонини, кўк чизиқ қанча акр майдон ёнганлигини ва яшил устунлар ҳар ёнғинда қанчадан майдон ёнганлигини кўрсатмоқда.

Қорбобожон, байрам арафасида сенинг бошингни оғритиб буларни айтаётганим бевосита менинг Янги йил тилагим билан боғлиқлигини яна бир бор таъкидламоқчиман. Мавжуд муаммоларнинг яна бири ҳаво ҳароратининг тобора ошиб, иқлим ўзгариши билан боғлиқ салбий ҳолатнинг юқорилаши билан боғлиқ. Буни ўзинг ҳам биласан, чунки қишнинг қоқ ўртасидаги байрамда ҳам айрим ҳудудларга бора олмаяпсан, чунки иссиқда эриб кетишдан чўчияпсан. Қанча-қанча болаларнинг қорда чанғи учиш орзуси орзулигича қолиб кетяпти.

Атмосферага чиқадиган зарарли газ ва чиқиндиларнинг кўпайиши, ёнғинлар ва бошқа турли омиллар сабаб еримизда глобал исиш кузатилмоқда. Натижада экотизим буткул бузилмоқда.    2021 йилнинг глобал йиллик ҳарорат рейтинги прогнози ҳар ойда ўзгариб туради аммо ишочлилиги юқори.

Ушбу графика эса ҳар бир йилдаги ҳарорат аномалияларини кўрсатган ва рекорд даражадаги 10 та энг иссиқ йилни таққослаган. Шундай қилиб 2016 (1), 2020 (2), 2019 (3), 2015 (4), 2017 ( 5), 2018 (6), 2014 (7), 2010 (8), 2013 (9) va 2005 (10). 2021 йилнинг январь-ноябрь ойлари учун қуруқлик ва океан юзасининг ўртача глобал ҳарорати XX асрнинг ўртача 14,0°C (57,2°F) кўрсаткичидан 0,84°C (1,51°F) юқори бўлиб, рекордлардаги олтинчи энг иссиқ даврга тўғри келади.

Чучук сув захираси камаймоқда, музликлар эса эриб, қуруқликка хавф солмоқда. Турли табиий офатлар ҳам айнан глобал иқлим ўзгаришлари ва экотизим мувозанатининг бузилиши «маҳсули»дир. Инсоният эса қилган ва қилаётган хатоларини, менга етказаётган зарарини тўлиқ тушуниб етганича йўқ.  Аксинча, ҳар бир табиий офат учун мени, яъни табиатни айбламоқда. Аслида дунё мамлакатлари мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ўзаро бирлаша олмаётгани, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ўрнига ўз манфаатларини устун қўяётган бир пайтда мен ёлғиз ўзим буларни тўхтатишга ожизлигим айни ҳақиқат.

Қорбобожон, Янги йилдан ва сендан ягона тилагим шу – экологиямиз яхшиланиши сари бир қадам бўлса-да ташлансин. Инсоният атроф оламга зарар етказишдан оз бўлса-да тийилсин, муаммоларни илғор технологиялар орқали бартараф этишга ҳаракатни тезроқ бошлашсин. Бу йўлда барча мамлакатлар бир-бирига кўмак берсин. Мен учун ҳам, борлиқдаги жами тириклик учун ҳам энг катта совға – экологик тоза табиат ва яшилликка бурканган келажак.

Биз учун, фарзандларимиз учун, бутун ер юзи учун ҳам ана шу совғани сендан сўраб қоламан.

Ҳурмат ва эҳтиром билан,

ТАБИАТ




Ўхшаш мақолалар

Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔31

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔35

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Қулоқчинлар  эшитиш қобилиятининг бутунлай йўқолишига  сабаб бўлади

Қулоқчинлар эшитиш қобилиятининг бутунлай йўқолишига сабаб бўлади

🕔14:33, 29.03.2024 ✔41

Бугун ён-атрофга назар солсангиз, кўпчилик инсонларнинг қулоқчин (нашуник)-да мусиқа ёки аудиокитоб тинглаб кетаётганига кўзингиз тушади. Бу  яхши, aлбаттa. Аммo ҳaр нaрсaнинг фoйдaли тoмoни бўлгaни кaби зарари ҳaм йўқ эмас.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар