Бир гуруҳ дўстлар билан Зоминга борганимизда бу сўлим гўшанинг эътиборга сазовор жойларини томоша қилганимиздан сўнг бетакрор манзаралари билан инсонни ўзига мафтун этадиган қўриқхона сари йўл олдик.
Ҳар қандай кишига ғурур бағишлайдиган виқорли тоғлар, баҳри дилни очиб юборадиган арчазорларни яқиндан кўриб, она табиат бизнинг чинакам ғамхўримиз эканига яна бир карра гувоҳ бўлдим. Чунки, тоғлар бағридаги одам қадами етмаган жойларда ям-яшил бўлиб кўкариб турган хилма-хил арчаларни ва ёввойи мевали дарахтларни, бутасимон ўсимликларни қўл кучи билан экиб, кўкартириш осон иш эмас. Бу мураккаб вазифани табиатнинг ўзи уддалаган. Уларни кўз қорачиғидай асраш, эъзозлаш эса бизларнинг инсоний бурчимиздир.
Тоғ ичкарисига кириб борганимиз сари соф ҳаводан баҳри дилимиз очилиб, нафас олишимиз енгиллашиб борарди. Қуюқ ўрмон биз инсонлар учун ўзининг улуғ неъмати бўлмиш тоза ҳавоси билан беминнат таъминлаётганига шукрона айтдик.
Қўриқхонага боришдан асосий мақсадимиз – афсонавий улкан Бобоёнғоқни кўриш эди. Тоғ бағрида етти асрдан кўпроқ вақт давомида яшаб келаётган бу дарахт соясидан баҳра олиш, уни қучиб ҳамсуҳбат бўлиш камдан-кам инсонларга насиб этгани бор гап.
Ниҳоят, Бобоёнғоқ ҳузурига етиб бораётганимизда шахсан менинг юрагимда бетакрор ғурурланиш ҳисси пайдо бўлди. Баҳайбат танаси ва бақувват мушакларини кўз-кўз қилиб, паҳлавон келбат етти ўғлон каби бир-бири билан елкадош бўлиб кўкка бўй чўзган дарахт танаси ҳаяжонимни ошириб юборди. Ички қўрқув ва ғурур ҳисси билан унга унсиз салом бердим. Танасини оҳиста силаб-сийпалаб, осмонга бўйлашган шохларига кўз югуртирдим. Узоқ тарихга шоҳид бўлган бу азим дарахт нақадар виқорли! Нақадар салобатли!
Унинг бақувват илдизларига куч бериб, қувват бериб оқаётган жилға сувидан татиб кўриш менга ҳам насиб этди. Асрлар давомида бу дарахт соясидан, мевасидан не-не инсонлар, балки султонлар баҳраманд бўлгандир.
Дарахтнинг қалин барглари орасидан билинар-билинмас кўзга ташланиб турган мевалари ҳали пишиб етилмаганди. Ҳаётим давомида илк бор табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан бири билан юзлашиб турганимдан беҳад бахтиёр эдим. Мен бу билан бир умр фахрланиб юрсам керак, дея ўйладим.
Айни пайтда мамлакатимизда яшил ҳудудлар барпо этиш бўйича хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда, менимча, манзарали дарахтлар билан бир қаторда кўпроқ узоқ умр кўрувчи жийда, ўрик ва албатта, ёнғоқ дарахтларини экишга эътибор қаратиш лозим.
Экканда ҳам умри қисқа пакана бўйлиларидан эмас, иқлимимизга мос, узоқ умр кўрадиган бақувват, барваста серҳосил навларидан экишимиз керак.
Бизга Зоминдаги Бобоёнғоқ кўрку виқори билан қанчалик ғурур бағишласа, бугун экаётган дарахтларимиз ҳам асрлар давомида келажак авлодларимизнинг ифтихори бўлиши керак. Чунки бу каби мевали дарахтлар ўзбек халқининг миллий тимсолига айланиб улгурган. Ўтмишда, айниқса, очарчилик замонларида бу қадрдон дарахтлар ўз меваси билан нафақат юртимиз аҳлини, балки, чет мамлакатлардан бадарға қилинган минглаб бошқа миллат вакилларини ва албатта, уларни фарзандларининг ҳам қорнини тўйдирган. Худди ана шу мевалар туфайли турли касалликларга йўлиқиш кам бўлган. Буни ҳозирги тиббиёт асослаб бермоқда.
Афсуски, қийин йилларда қорнимизни тўйдирган, эгнимизни бут қилган, шох-шаббалари уйимизни иситган ўрикзорлар-у, ёнғоқзорлар, жийдазорлар, тутқаторлар турли сабабларга кўра кесиб йўқ қилиб юборилди. Бугунги кунда биз уларнинг янги авлодини қайта яратишимиз керак. Бунинг учун бизда ер ҳам, имконият ҳам бор. Узундан-узоқ йўл ёқалари, тоғ ёнбағирлари бундай дарахтларни парвариш қилиш учун қулай ва фойдалидир. Айниқса, йилдан-йилга озиқ-овқат танқислиги глобал муаммога айланиб бораётган замонда мева етиштиришнинг афзаллиги ҳар жиҳатдан юқори ва самаралидир. Мевали дарахтлар ҳам манзаралилардан қолишмаган миқдорда кислород ишлаб чиқаради. Бундан ташқари уларнинг барглари ҳайвонот олами учун ҳам қўшимча тўйимли озуқа бўла олишига шак-шубҳа йўқ.
Муҳиддин ОМАД,
Косонсой тумани
Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади
🕔11:43, 20.08.2026
✔105
Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди
🕔14:36, 14.08.2026
✔201
Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит софлиги учун масъулият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.
Батафсил
Мустақиллик қиёфаси
🕔14:35, 14.08.2026
✔190
Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!
Батафсил