Экопартиядан кўрсатиладиган номзодни қўллаб-қувватлаб имзо қўяётганлар сафи тобора кенгаймоқда
Президентлик сайловида илк бор иштирок этаётган Ўзбекистон Экологик партиясига Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловда иштирок этиш учун гувоҳнома топширилди. Гувоҳномани Ўзбекистон Экологик партияси номидан партиянинг ваколатли вакили Саидрасул Сангинов қабул қилиб олди.
«Сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши керак. Бунда сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) имзолар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.»
Ўзбекистон Республикаси
Сайлов кодексининг 64-моддасидан.
Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ҳам вилоятлар, туман ва шаҳарлар миқёсида имзо йиғишни бошлаб юборишди. Бу йилги сайловлардаги энг катта янгиликлардан бири ҳам имзо йиғиш жараёни билан боғлиқ бўлиб, битта варақага 30 нафаргача сайловчи имзосини тўплаш мумкин ва сайловчилар бир нечта партияни ёқлаб имзо қўйиш имкониятига эга.
Экопартиянинг асосий мақсади барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашишга қаратилган. Бу мақсадлар ҳар бир кишининг ҳаётига, бутун жонли оламга бевосита дахлдор бўлгани учун ҳам Экопартиядан Президентликка кўрсатилаган номзодни қўллаб-қувватлаб имзо қўювчилар бир куннинг ўзида 60 минг нафардан ошмоқда.
Мисол учун, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят бошқармаси ёшлари, Қашқадарё вилоятидаги экологик муаммоларга бефарқ бўлмаган юртдошларимиз айниқса, ушбу имзо йиғиш ишларида фаол иштирок этиб, сайловни юқори кайфиятда ўтказишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Имзо варақасини тўлдириш жараёнлари барча туман ва шаҳарлардаги таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналар, маҳалла фуқаролар йиғинларида давом этяпти.
– Имзо йиғиш ишларида ўзини экологияга, она табиатни асрашга дахлдор деб билган аҳоли вакиллари, айниқса ёшлар фаол иштирок этмоқда, – дейди Экопартиянинг Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби Фотима Ўктамова. – Қувонарлиси, кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб имзо қўяётганларнинг аксарияти «Биз она табиатни севамиз», «Экологик муаммолар бартараф этилиши тарафдоримиз» деган ҳаётбахш ғоялар тарафдори эканини билдиришмоқда.
– Мен ёш тиббиёт ходими бўлиб ишлайман, – дейди Фарғона вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ҳамшираси Шаҳноза Эргашева. – Бугун имзо йиғиш ишида қатнашаётганимдан ҳурсандман. Бу муҳим сиёсий жараёнда қатнашиш орқали она табиатимизни асраш, экологик муаммоларни бартараф этиш борасидаги ишларга озгина бўлсада ҳисса қўшаётганимни англадим. Биз ёшлар учун бу фахр.
– Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги «Кемалар қабристони» кириш йўлагига ҳамда ушбу туманнинг чекка ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларига қуёш коллекторлари ва батареялари ўрнатилди. Партия томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида олиб борилаётган бошқа кўплаб хайрли тадбирлар ҳам кишини қувонтиради. Шунинг учун ҳам партиянинг сайловолди дастури, умуман экологияни асраш борасида олиб бораётган ислоҳотлари таҳсинга лойиқ, – дейди имзо қўйиш учун келган мўйноқлик Сапаргул Реймова. – Бугун мен Экопартияни қўллаб-қувватлаш учун имзо қўйдим. Ўйлайманки, ҳар бир табиатсевар юртдошимиз мазкур жараёнларга бефарқ бўлмайди ва Экопартия билан биргаликда она заминни асраш йўлидан боради.
Саида ИБОДИНОВА,
«Оила ва табиат»
мухбири
Сунъий Интеллект табиий ресурсларга қандай таъсир қилади?
🕔16:30, 06.12.2024
✔21
Сунъий интеллект (AI) технологиялари сўнгги йилларда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бу технологиялар кўплаб муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берса-да, уларнинг табиатга ва айниқса, сув ресурсларига зарарли таъсири борлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
Батафсил
Соғлом табиат – бизнинг ҳам, юртимизнинг ҳам соғлом келажаги
🕔16:39, 22.11.2024
✔43
Иқтисод ва сиёсат бобида илгарилаб кетаётган миллатларнинг қай бирига боқманг, бор куч ва имкониятини ёшлар истиқболига тикаётганининг гувоҳи бўласиз.
Батафсил
Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш имконияти кенгаяди
🕔10:58, 18.10.2024
✔103
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида ягона электрон платформа ишга туширилди.
Батафсил