Маълумки, икки йилдан буён пандемия туфайли олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари очиқ майдонларда, стадионларда ўтказилмоқда.
Шу кунларда 2021-2022 ўқув йили учун 130 дан ортиқ ОТМларга кириш имтиҳонлари асосан марказий стадионлар, олимпия захиралари коллежлари майдонларида бўлиб ўтяпти. Давлат тест маркази маълумотларига кўра, бу йилги кириш имтиҳонлари учун 1 миллион 237 минг 904 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.
Ёзнинг иссиқ шароитида эса фақатгина пойтахтда тест синовлари яшил ҳудудлар, яъни Ботаника ҳамда «Ғалаба» боғларида ўтказилмоқда. Бошқа бирор ҳудудда имтиҳонлар соя-салқин истироҳат боғлари ёки хиёбонларда ташкил этилгани йўқ.
Албатта, жазирама шароитда стадионда имтиҳон топширишнинг соғлиқ учун салбий томонлари мавжудлигини инкор қилиб бўлмайди. Узоқ вақт қуёш тиғида ўтириш турли салбий ҳолатларни келтириб чиқаради, ҳатто ҳушдан кетиш ёки нафас қисиши кузатилиши мумкин. Салқин хиёбонларда имтиҳон топшириш эса саломатликка салбий таъсир кўрсатмайди, қолаверса, ортиқча шовқинлардан холи бўлгани учун қулайлик туғдиради.
Тадқиқотларга кўра, катта ёшдаги дарахт йилига ўрта ҳисобда 150 килограмм карбонод ангидрид ютади, дарахтлар шаҳар шароитида атмосфера ҳавоси даражасини 2-8 градусга пасайтириши мумкин. Бинолар яқинида экилган дарахтлар эса кондиционерлардан фойдаланишни 30 фоизга камайтиради.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади.
Жазирама иссиқ кунларда, ҳаво ҳарорати 43-44 даражагача чиқаётган бир пайтда тест синовларининг ўтказилиши учун нега истироҳат боғлари танланмади? Ҳудудлардаги 70 дан ортиқ олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари нега қуёш тиғида ўтказилмоқда?
Ваҳоланки, Жиззах шаҳридаги «Ўрда» экологик боғи, Самарқанддаги «Университет хиёбони», Намангандаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Навоийдаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғлари ҳам имтиҳонлар ўтказиш учун айни шу кунларда қўл келиши мумкин-ку.
Бугун пойтахтдаги бир қатор истироҳат боғлари фаолияти реконструкция ва бошқа сабабларга кўра тўхтатилган. Ғафур Ғулом, Мирзо Улуғбек, «Дўстлик» номидаги маданият ва истироҳат боғлари шулар жумласидандир. Доимий яшиллиги ва яратилган қулайликлари туфайли нафақат пойтахт, балки бутун мамлакатимиз аҳли эътироф этадиган ушбу боғларда ҳам тест синовлари ўтказилиши мумкин эди.
Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек, Термиздаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғларнинг айни пайтдаги ҳолати киши таъбини хира қилишдан нарига ўтмайди. Бу боғлар кўз ўнгимизда ўз тароватини йўқотиб, чиқиндилар билан тўлиб бормоқда. Абитуриентлар эса очиқ майдонларда имтиҳон топширишда давом этяпти.
Сирасини айтганда, шаҳарларимиздаги хиёбонларнинг кўпчилиги эътибордан четда қолиб кетган. Уларнинг кейинги тақдири борасида аниқ маълумотни учратиш мушкул. Умид қиламизки, мутасаддилар мазкур муаммоларга эътибор қаратиб, уларни бартараф этиш, хиёбонларни ҳақиқий яшил ҳудудларга ва аҳолимизнинг севимли масканларига айлантириш бўйича амалий қадамларни қўйишади.
Шу кунларда бўлиб ўтаётган тест имтиҳонлари каби оммавий тадбирлар ҳам пандемия шароитида мазкур хиёбонларда ўтказилиши айни муддао бўларди. Зеро, мамлакатнинг келажаги айнан бугун имтиҳон топшираётган ёшлар қўлида эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Камол ЖУМАНИЁЗОВ,
Ўзбекистон Экологик
партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари
Темир йўл хизмати: Йўловчилар эътирозларига вазирнинг эътибори қаратилди
🕔15:04, 11.06.2026
✔175
Темир йўл транспорти соҳасида рақамлаштириш ва янги йўналишлар қурилиши борасида ижобий кўрсаткичлар кўзга ташланаётган бўлса-да, тизимнинг ички ҳолати, хизмат кўрсатиш сифати ва оддий йўловчилар учун яратилган шароитлар жиддий ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатмоқда.
Батафсил
Пиёда ва велосипед учун ноқулай кўчалар: Дангасалик ва ижтимоий муаммолар томон етакламоқда
🕔16:45, 04.06.2026
✔247
Инсон саломатлиги ҳақида гап кетганда кўпинча овқатланиш, спорт ёки зарарли одатлар тилга олинади. Аммо инсоннинг ҳар куни қандай юриши, қанча ҳаракат қилиши кўп жиҳатдан унинг яшаётган шаҳри билан боғлиқ.
Батафсил
Хатарли «рекорд»лар ёхуд жароҳат ёқасидаги масъулиятсизлик
🕔15:50, 21.05.2026
✔436
Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган навбатдаги видео лавҳа жамоатчиликни ҳам ҳайратга солди, ҳам чуқур хавотирга қўйди.
Батафсил