Жараён      Бош саҳифа

Қалтис тоғлар зирвасин эчкию олқордан сўр...

Оқтов бағридаги олқорлар
Очиғини айтганда, табиат бағрида, тоғ шароитида бирор-бир манзилга етиб бориш учун унча-мунча йўлнинг машаққатию, танобини тортишингизга тўғри келади.

Қалтис тоғлар зирвасин эчкию олқордан сўр...

Йўлда кетатуриб, сиз умрингизда ҳечам кўрмаган ўсимлик ва ҳайвонларнинг антиқа, ноёб турларига дуч келишингиз мумкин. Биз кўзлаб бораётган Оқтов бағрини қадим-қадимдан кўплаб ёввойи қўй ва қўчқорлар, ноёб жониворлар макон тутган. Уларнинг яшаш тарзи сир-синоатга тўла бўлиб, бизни олис сафарга ундаган иштиёқ ҳам ана шу жониворларнинг ҳаёт манзилини ўрганиш, табиатнинг бу туҳфасини асраб-авайлашга ­эътиборингизни қаратишдир.
Аслида Нурота тоғ тизмаларининг Оқтов ва Қоратов дея аталадиган ҳар иккала тармоғидаги барча тик, ўткир қоя, уйдай-уйдай келадиган, қишин-ёзин қорайиб ётган харсангтошу даралар бағри олқорларнинг яйраб-яшнаб, бехавотир яшаши учун бирмунча қулай жой ҳисобланади. Агар синчков назар солсангиз, бу гўзал жониворларнинг ён ва орқа томони жунлари жигарранг ҳамда қўнғирсимон, бўйни ва қорнининг ости оқишга мойил тусда эканини илғайсиз. Бу эса ўз-ўзидан уларнинг атроф-муҳитга бор-бўйича, уйғунлашиб, сингиб кетганлигини кўрсатади. Чунки хавф-хатар ёки ўлим шарпаси соя солгудек бўлса ана шу уйғунлик асқотади. Сезгир ва ҳушёр бу чопоғон жонивор зум ўтмай кўздан ғойиб бўлишга қодир.
Тоғ ёнбағирлари, тик ва баланд қоялар, узун даралар шунчалик хавфли, қўрқинчли, юракларга чексиз ғулғула солишига қарамасдан бу жойда олқорлар дор устида чопиб юрган дорбозга ўхшаб бемалол эмин-эркин елади, чопади. Жониворлар тоғларда ўсадиган ёввойи мевалар, аччиқ бодомдан тортиб пиёзу саримсоққача истеъмол қилиб кетаверади.

Нуротанинг сирли табиати
Улкан ва маҳобатли тоғлар. Энг баланд чўққилардаги оппоқ қорлар уларни янада чиройли ва жозибали кўрсатади. Тоғ ёнбағрида ўсган кўм-кўк арчалару сон-саноқсиз ёввойи писта, бодом дарахтлари майин тебранади. Пастликда оқ кўпик сачратиб, сой гувуллайди. Гуллар ва гиёҳларнинг турфа ҳидидан маст бўласиз.
Ҳув ана, олдинги икки оёғини озод кўтариб ерга тап-тап этказиб урганича, тошдан-тошга сакраб, баландлик томон илдамлаётган бурама шохли тоғ қўчқори – олқорга қараб туриб, табиат гўзаллигидан қалбингиз латифлаша бошлайди. Очиғи, бундайин бир-бирини умуман такрорламайдиган нафис, юракларга чўғ солувчи ажойиб манзараларга Нурота қўриқхонасида бот-бот дуч келишингиз тайин.

Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларининг маълум бир ҳудудларини ўз тасарруфига олган Нурота тизма тоғлари табиати, ўсимлик ва ҳайвонот олами билан дунёнинг бошқа манзилига сира-сира ўхшамайди. 

Устига-устак эл-улус тилидан тушмайдиган, фан оламида «Қизилқум қўйи» деб аталадиган олқорлар тўдасига фақатгина мана шу манзилда дуч келиш мумкин.
Аслида Нурота қўриқхонасининг ташкил этилишидан мақсад ҳайвонлар, паррандаю даррандалар, ўсимлик дунёсининг ноёб турларини кўз қорачиғидек асраш, кўпайтириш эди. Ушбу қўриқхонага 1975 йилда асос солинган бўлиб, у денгиз сатҳидан 2 минг 169 метр баландликда, боя айтганимиздек, Навоий, Самарқанд вилоятлари билан чегарадош бўлган Жиззахнинг Фориш туманида, Нурота тоғининг марказий қисмида жойлашган. Тўрт томони тоғлар билан ўралган бу ҳудуд географик жойлашуви, қулай шароити туфайли «Қизил китоб»дан жой олган ноёб турдаги ўсимлик ва ҳайвонот турларини кўз қорачиғидек сақлаб қолиш учун ҳар томонлама тўғри келади.

Ноёб турларнинг нажот қалъаси
Сўнгги ўн йилга келиб «қўриқхона маликаси» дея эътроф этиладиган Сверцов қўйларининг сони 1700 бошдан, 1800 бошга етди. Аслида бу сингари ёввойи ҳайвонлар Тожикистонда Марко Поло қўйлари, Қозоғистонда Алтай ва Тянь-Шан қўйлари, Монголия, Шимолий ва Ғарбий Хитойда архарлар деган турли номлар билан атаб келинади. Нима бўлганда ҳам олқор инсонга тобе бўлишни истамайдиган, бўйсунмас, мағрур ҳайвон бўлиб келган.
Нурота тоғлари ноёб ўсимлик­ларга ўта бой. Қолаверса, бу замин олқорлар урчиши, кўпайиши учун ҳам жуда қулай, озуқа базаси, сув манбалари ва бошқа омиллар ҳар жиҳатдан бисёр. Умумий майдони 17 минг 752 гектарга етадиган қўриқхонада ўсимликларнинг етмиш саккиз оилага мансуб, саккиз юздан ортиқ тури илдиз отса, шундан йигирма тўрттасини фақатгина Нурота тоғ тизмасида учратса бўлади. Анзур пиёз ва ширачнинг учта, лола ва астрагулнинг бешдан ортиқ ноёб турларини шулар жумласига бемалол қўшиш мумкин.
Биласиз, қушларни инсон эъзоз­лаб азалу абад қанотли дўстларимиз деб келади. Чиндан ҳам улар бундайин муносиб номга лойиқ ҳисобланади. Шунинг учун бу жойда уя соладиган қушларнинг ўн тури, учиб ўтувчи қўноқ қушларнинг саккиз тури, сут эмизувчиларнинг эса тўртта тури Ўзбекистон «Қизил китоб»идан жой олган. Тўрт туёқли жониворлар орасида, айниқса, олқорлар ўта ноёб тур саналади.
Ўртача тирик вазни етмиш килограмм тош босадиган бу ҳайвон ҳаёти билан яқиндан танишиш учун қўриқхонанинг «Ҳаёт» деб аталадиган, гўзал ва баҳаво гўшасига боришга тўғри келади. Нажот қалъаси ҳудудида, аниқроғи Асраф, Ухум, Ҳаёт, Сентоб сингари тоғли қишлоқларида экотуризим ишқибозлари учун «меҳмон уйлари» қурилган. Можрумдаги икки минг йиллик ноёб бобо арча дарахти, танасининг айланаси саккиз метр, илдиз кавакларида бемалол, эмин-эркин тўрт беш киши ўтирса бўладиган сарв дарахти, Сентобсой, Тиккасой ва Ухумдаги мағрур, эгилмас қоятошларга аждодларимиз томонидан чизилган сон-саноқсиз петроглифлар, «Ҳаётбоши» чўққисидаги Фозилмон кўли, соф ва мусаффо ҳаво кўнгилларга чўғ солмасдан қолмайди. Бир томони эса Қизилқум саҳроси ичкарисига қадар кириб боради.
Қўриқхонада бўлган куним ажабтовур ҳодиса билан юзма-юз келдим. Буни қаранг, анча-мунча йирик ҳисобланган, бир қараганда одамни ажаблантирадиган жужелица, красотел, глазунова, Александр ва каллима капалак­ларини ўз кўзим билан кўрдим. Табиатда жуда камдан-кам ҳолда учрар экан. Туркистон агамаси, сариқ илон, ранг-баранг палоз, кўлвор илон, кулранг эчкиэмар, Ўрта Осиё кобраси ва кўндаланг чизиқли бўритиш илонлар ҳам бу ерда яшаётганига анча бўлган. Уларни бугун шу қўриқхонаю, «Қизил китоб» ўз ҳимоясига олган.

Жониворлар фарёди
Буни қаранг, қўриқхонадаги бутун борлиқ инсон ақли билан эмас, табиат мувозанати асосида тузилган. Ҳаттоки, бўйи бир метр­дан ошадиган, оғирлиги саксон килограммча келадиган ёввойи қўй ва қўчқорлар йилнинг фақатгина бир кунида қўшилади. Бошқа пайтда қўчқор қўйга эътибор ҳам бермас экан. Урғочи олқорлар кўп туғмайди. Биттагина зурриёд қолдириши учун кўпинча уч йилгача муддат керак бўлади. Ана шу ҳолатнинг ўзиёқ бу жониворлар нақадар ҳимояга муҳтож эканини кўрсатади.
…Ёмғирдан кейин борлиқ бирдан яшнайди. Ғир-ғир эсаётган тоғ шамоли намни қуритиш учун жон-жаҳди билан киришгандек. Тоққа кўтариладиган сўқмоқларда беш-ўн чоғли олқорлар тўпланади. Гўёки муҳим бир масалани зудлик билан ҳал этиб олиш учун машваратга йиғилган. Қизғиш жигарранг, шохлари бурама, оёқлари узун нар олқор танлаган жуфти томон ошиқади. Осмондан челаклаб қўйган ёмғир, қут-барака томчиларидан жунлари обдон ювилган бошқа олқорлар галаси ҳам ундан тобора узоқлашиб борарди. Чиндан ҳам уни бодомча ёнида урғочи олқор сабрсизлик билан кутиб турарди. Улар бир-бирларининг ҳидини, нафасини узоқдан сезган эди. Бир-бирлари билан бундан уч йил аввал, катта сайҳонликда топишган эди. Ўшандан бошлаб ҳозирга қадар бир-бирига талпинади, ўзларидан зурриёд қолдиришни орзу қилади. Бугунги кун ҳар иккисига аталган эди…
Улкан ҳарсанг панасида бу жониворларни кўздан қочирмай, пойлаб турган овчининг тинчи бузилди. Унинг юрагини мурувват, раҳм-шафқат сингари ҳислар бутунлай тарк этганди. Одамлик сиёғидан чиқиб, йиртқич маҳлуқ қиё­фасига кирган эди бу овчи. У бугун қандай бўлмасин олқор гўштини олиб бориб, дўстларига зиёфат қилмоқчи. Ана шу важдан уларга ваъда бериб юборган. Алал-оқибат уни бу ёвуз ниятидан қайтара олмаган куч бора-бора нидога айланди.
Милтиқ тепкиси босилди. Олқор учиб кетди. Бу лаҳзада унинг кўзларида худди инсонникидек ёш томчилари қалқиб турарди. Урғочи олқор азбаройи қўрқиб кетганидан ўзини ёввойи бодомлар орасига отди. Овчи олқорнинг қони тўкилган жойга етиб борганида, у ерда ҳозир бўлган ўзидан уч-тўрт баробар катта, елкаси бироз букчайган, устидаги пўстини олқорларнинг жунига ўхшаб кетадиган одамга рўбару келди. У одам шунчалик баҳайбат, қорувли бўлишига қарамасдан дағ-дағ титрар, кўзларидан дув-дув ёш оқарди. Унинг нимадандир азоб чекаётгани, ташвишланаётгани аниқ сезилиб турарди. Бояги баҳайбат, алпкелбат одам ўлган олқорни овчининг елкасига қўйди. Сўнгра, «Ма, ол, аммо бу сенинг ўлган кунингга ярасин» деди. Сўнгра бир зумда қалби изтиробга, чексиз зардобга тўлганича, бу мусибатга бардош беролмасдан кўздан йўқолди.
Мана ниҳоят овчи машаққатли ва хавф-хатарли тоғ сўқмоқларини ортда қолдириб, қишлоқ чеккасидаги хонадонига етиб борди. Болалари чувиллашганича унга пешвоз чиқди. Овчи дарвозадан кира солиб, олқорни ерга қўйиши ҳамон боши айланиб ерга учиб тушди...
Зиёфатга деб отиб келинган олқор гўшти, овчининг ўлим маъракасига буюрди. Овчини ерга топшириб қайтганлар уни тоғ дарвеши урганлигини бир-бирларига пичирлашарди. Нурота томонларда истиқомат қилувчи тоғликларнинг афсоналарга ишониб айтишича, Оқтов этагию чўлларида табиат томонидан инъом этилган барча жонзот ва мавжудотларни тоғ дарвеши ҳимоя қилар эмиш. У тоғ неъматларини кўз қорачиғидек асраб, одамлар уни бекордан-бекор талон-тарож этишидан сақлаб келаркан. Очкўзлик қилаётганларни, ҳаддидан ошганларни кўрса, ўзининг борлигини, мавжудлигини аён қилиб турармиш…
(Давоми бор)

Улуғбек ЖУМАЕВ,
журналист




Ўхшаш мақолалар

Тинчлик қадрини эслатиб турувчи  ёдгорликлар қай аҳволда?

Тинчлик қадрини эслатиб турувчи ёдгорликлар қай аҳволда?

🕔15:13, 10.05.2024 ✔28

Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонилганига, мана, бир кам 80 йил бўлибди. Бу қонли курашда дунёнинг турли миллатлари қаторида иштирок этган юртдошларимизнинг бир қисми айни қирчиллама йигит ёшида душман ўқига учиб, қурбон бўлишган.

Батафсил
Меҳнат унумдорлиги  пасайишига  ёмон экологиянинг таъсири борми?

Меҳнат унумдорлиги пасайишига ёмон экологиянинг таъсири борми?

🕔16:56, 02.05.2024 ✔30

Инсон ҳаётининг табиат билан узвий боғлиқлиги минглаб йиллар олдин ўз исботини топган ҳақиқат. Табиатдаги ҳар бир ҳодиса, воқеа ва жараёнлар инсон ҳаётига бевосита таъсир ўтказмай қолмайди.

Батафсил
«Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия»  лойиҳаси учун 143 миллион доллар

«Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия» лойиҳаси учун 143 миллион доллар

🕔16:45, 02.05.2024 ✔21

Жаҳон банкининг молиявий кўмагида Энергетика вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ушбу лойи­ҳа жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш ва бинолар секторида тоза энергияга хусусий сармояни жалб қилиш учун қулай муҳитни яратишга ёрдам беради.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар