Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ҲЕЧ КИМ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАДИ

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси ҳақида мутасаддилар нима дейди?

ҲЕЧ КИМ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАДИ

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросига киришилганига ҳам, мана, олти ойдан ошди. Ўтган вақт давомида дастурда белгиланган қандай ишлар амалга оширилди? Қайси масалалар ҳамон ечимини изламоқда? Давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларда кўзда тутилган вазифалар кўнгилдагидек бажариляптими?

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида айни шу масалалар муҳокама этилди.

Фаровонликни ким белгилайди?

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Давлат дастурининг учта бандида асосий, 15 та бандида эса ҳамкорликдаги ижрочи ҳисобланади. Уларнинг ижроси юзасидан шу кунга қадар амалга оширилган ишлар хусусида Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Шоира НУРМАТОВА қуйидагиларни сўзлаб берди:

 — Оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, чекка қишлоқ туманларида яшаётган хотин-қизлар учун зарур шароитлар яратиш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни  шакллантириш каби бир қатор вазифалар Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бажариб келинмоқда. Ўтказилаётган тарғибот ишлари, учрашувлар, семинар ва тренингларда минглаб аёллар, балоғат ёшдаги қизлар қамраб олинаётир. Давлат дастурининг 50-банди қизларнинг касб-ҳунар коллежларида ўқишдан манфаатдорлигини таъминлаш ва уларнинг талаб этилган мутахассисликларни эгаллаб олишига бағишланган. Кўпчиликка маълум, илгари қизлар кўпроқ тиббиёт ёки педагогика коллежларига йўналтирилар эди. Ушбу касбга талаб борми, кейинчалик уларнинг иш билан таъминланиши нима бўлади? Буни ҳамма ҳам ўйлаб кўравермасди. Ҳолбуки, ўрта махсус касб-ҳунар таълимида 30 дан ортиқ касблар қизлар учун мўлжалланган. Қизлар учун зарур касб ва ихтисосликларни аниқлаш мақсадида 9-синф битирувчилари ўртасида касб танлаш бўйича тест ўтказилди. Аниқланган таклифларга кўра, 2016-2017 ўқув йилида каштачилик, зардўзлик, миллий ва бадиий либослар модельери, сартарошлик ва декоратив косметика устаси каби касбларга қабул квоталари ишлаб чиқилди.

Президентимиз Ислом ­Каримов­ оиладаги маънавий муҳит, айниқса, қайнона-келин муносабатлари мамлакатимизда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти эканини доимо таъкидлайди. Ҳақиқатдан ҳам, уйдаги муҳитни аёллар белгилайди. Биз улар орасида иззат-ҳурмат, меҳр-эътибор руҳини шакллантирмай туриб, жамият фаровонлиги ҳақида гапиролмаймиз. Шу нуқтаи назардан саккиз мингдан ортиқ маҳаллаларда «Меҳрибон қайнона» кўрик-танлови ўтказилди. Тадбирда 60 мингдан ортиқ қайнона фаол иштирок этди. Бундан ташқари, яна бир хайрли тадбир — юртимиздаги барча 193 туман ва шаҳарлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхати тузилгани  ва уларнинг ҳар бирига моддий ёрдам кўрсатилгани бўлди.

Олдимизда турган ва бажарилиши зарур вазифалар кам эмас, албатта. Ажрашишлар сонини камайтириш, маълум сабабларга кўра касб-ҳунар коллежини битира олмаган қизлар билан ишлаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида қилишимиз керак бўлган ишлар бисёр.

Гўдаклар ўлими камаймоқда

Соғлом бола — соғлом ва аҳил оиланинг меваси. Соғлом онадангина соғлом бола туғилади. Давлат дастурининг асосий ижрочиларидан бири — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтган олти ой мобайнида олиб борилган ишлар, эришилган натижалар ва истиқбол режалар ҳақида Ўзбекистон репродуктив саломатлик маркази директори Маҳмуда КАТТАХЎЖАЕВА маълумот берди:

— Давлат дастурининг соғлиқни сақлаш йўналишига  339,3 миллиард сўм, 60,3 миллион АҚШ доллари йўналтирилган.

Шу кунгача дастур доирасида «Фертил ёшдаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни соғломлаштириш» ҳафталиклари, «Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмасин» шиори остида тиббий кўриклар, туман ва шаҳар кўп тармоқли поликлиникаларда ихтисослаштирилган тиббий текширувлар ўтказилмоқда. Патронаж ойлигида 10 миллиондан зиёд хонадонлар қамраб олиниб, 1,1 миллион аҳоли амбулатор шароитда соғломлаштирилганининг ўзиёқ қилинган ишлар салмоғини кўрсатиб турибди.

Соғлом фарзандни дунёга келтириш йўлидаги ҳаракат оила бунёд бўлишидан олдин бошланади. Яъни бунда никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти катта. Жорий йилда республика бўйича 172 минг 530 нафар никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўтказилган бўлса, улардан 952 нафарида ижтимоий аҳамиятга эга айрим касалликлар аниқланди ва зарур чоралар кўрилди.

Мамлакатда эпидемиологик осойишталикни ва юқумли касалликлар даражасини пасайтириш мақсадида ҳудудларимизга ўта хавфли юқумли касалликлар четдан кириб келишининг олди олинди ва тарқалиб кетишига йўл қўйилмади. Ҳозирги кунда Республика Миллий эмлаш календарига мувофиқ, 12 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш жорий этилган. Бунинг натижасида полиомиелит (шол), чақалоқлар қоқшоли, дифтерия (бўғма), безгак, қизамиқ ва қизилча каби юқумли касалликлар қайд этилмаяпти.

Ҳозир қувонч билан айтишимиз мумкинки, гўдаклар ўлими 2016 йилнинг 6 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,5 промиллега камайди.

Ҳар бир вилоятда спорт мактаби

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшларни, айниқса қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектларини қуриш, ишлаб турганларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, юқори малакали кадр ва мураббийлар билан таъминлаш алоҳида белгиланган. Ушбу йўналишдаги ишларга эса Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги асосий ижрочи сифатида қайд этилган. Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, вазирлик қошида спортнинг тўрт йўналиши — спорт ўйинлари ва енгил атлетика,  сув спорти, спорт яккакураши ҳамда гимнастика йўналиши бўйича мамлакатимизда 56 та ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолият юритмоқда. Жорий йилда яна 5 та мактаб ташкил этилиши белгиланган. Андижон, Жиззах, Самарқанд, Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида спорт мактабларининг қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Давлат дастурининг 34-бандида ҳар бир вилоят марказида ва Тошкент шаҳрида 14 та янги ихтисослаштирилган олий маҳорат спорт мактаби ташкил этиш, хусусан, 3 та мактабни жорий йилда қуришни бошлаш белгиланган. Вазирлик маълумотига кўра, ҳозир ушбу вазифа қониқарли бажарилмоқда: аввало, олий маҳорат спорт мактаблари қурилган хориж давлатларидан Хитой, Жанубий Корея, Германия ва Россия тажрибаси ўрганилган. Айни вақтда эса Андижон, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида олий маҳорат спорт мактаблари қуриш учун ер майдонлари ажратилиб, лойиҳа ҳужжатлари Ўзбекистон Давлат архитектура қурилиш қўмитасига топширилган. Қурилиш ишлари якунлангач, Андижон шаҳрида «Бокс бўйича олий маҳорат спорт мактаби», Самарқанд шаҳрида «Енгил атлетика бўйича олий маҳорат спорт мактаби», Тошкент шаҳрида «Спорт ўйинлари бўйича олий маҳорат спорт мактаби» фаолияти йўлга қўйилади.

 Дилроз АБРАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар