Шовот туманининг Бешмарган қишлоғида 120 ёшни тўлдириб 121 ёшга қадам қўйган Ўғилжон момо Эшёзова умргузаронлик қилади. Момо вилоятимиздагина эмас, балки Ўзбекистондаги энг ёши улуғ инсонлардан бўлса ажаб эмас.
Ўғилжон момо 1900 йилнинг 16 июлида таваллуд топган. Унинг отаси Эшниёзбек ўзига тўқ, бадавлат инсон бўлган, онаси ҳам ўз даврининг илғор саводли аёлларидан бўлиб отинойилик қилган. Маълумки, хонликлар тугатилиб, қизил империя ўз ҳукмронлигини ўрнатгач, катта ер эгалари ва бойларни йўқ қилишга киришилган. Эшниёзбек ҳам Хива қамоқхонасига олиниб, ўша ерда отувга ҳукм қилинган экан.
Ўғилжон момонинг оиласида ўзи билан бирга уч нафар қиз дунёга келган. Эшниёзбекнинг ўғил фарзанди бўлмаган, шунинг учун ўғлим бўлар, деган ниятда кенжа қизига Ўғилжон деб исм қўйган экан.
Ўғилжон момо бутун умрини қишлоқ хўжалигида меҳнат қилиш билан ўтказди. У анча кечроқ турмушга чиқди. Турмуш ўртоғи Рўзмат Ҳакимов яккаю ягона фарзанди Холмурод тўрт ёшга кирганида, яъни 1954 йили вафот этади. Момо бутун ҳаётини ана шу фарзанди тарбиясига бағишлади. Бошқа турмуш қилмади.
Бугун Ўғилжон момо Эшёзова дориломон кунларга шукрона келтириб, беш невара, 12 чевара ва элу юрти ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Дарвоқе, ўтган йили Россия Федерацияси Президенти В.Путин томонидан Ўғилжон момо «Буюк ғалабанинг 75 йиллиги» медали билан тақдирланди.
Табаррук момодан Бешмерган қишлоғининг ёшу қариси тез-тез хабар олиб туришади. Айниқса, шу қишлоқлик «Уста Матсафо» кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Ўдабоев ҳар байрамда онахонни совға-саломлар билан йўқлайди. Яқинда Наврўз байрами муносабати билан ҳам фермер Ўғилжон момонинг дуосини олди. – Табаррук момомиз билан фахрланамиз, – дейди «Бешмарган» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шарифзода Уйғун Ўрозбой ўғли. – Онахон зиёратига вилоятимизнинг турли бурчакларидан одамлар тез-тез келиб, у кишининг дуосини олишади. Ҳаммамизни шундай улуғ ёшларга етказсин!
Ҳа, бир асрдан кўпроқ даврнинг қанча-қанча суронларини бошдан кечирган, не-не синовларга бардош бериб, бу ёруғ дунёга илиниб турган онахонга узоқ умр тилаймиз. Ўғилжон момодек табаррук инсонлар элимизнинг чинакам фахри-ифтихоридир.
Болтабой МАТҚУРБОНОВ, Хоразм вилояти
Аёл – миллат бунёдкори
🕔15:33, 06.03.2026
✔98
Бобомиз Амир Темур айтганидек, юртнинг қудрати қурилган биноларда акс этса, юртда маънавий қудрат, маданий юксаклик аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Аслида аёлни қадрлаш биз учун бобомерос туйғу. Бу мерос биз учун юз йиллик, минг йиллик эмас, балки жуда қадимданоқ халқнинг онгу-шуурига сингиб келаётган юксак қадрият ҳисобланади.
Батафсил
Экологик маданият – ОИЛА, МАКТАБ ва МАҲАЛЛА интеграциясига боғлиқ
🕔17:05, 08.01.2026
✔244
Оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида инновацион экотизим яратиш, яъни барча тарбия ва таълим муассасаларини бир платформада уйғунлаштириб, замонавий технологиялар воситасида экологик тарбияни олиб бориш зарур.
Батафсил
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔527
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил