Мен эски замон одамиман. Ўша пайтда дунёни таниганман,
вояга етганман, ўқиганман, ишлаганман ва яшаганман. Эркинлик байроғи ҳилпирай бошлаган кезларда ўттиз тўрт ёшда эдим. Демак, ҳаётимнинг айни қирчиллама палласида ўзим яшаётган юртда оламшумул ўзгаришга гувоҳ бўлганман.
Вояга ета туриб, йигирма ёшларга етиб қолганимда билдимки, сиғиниб юрганларимиз бизники эмас, биз учун эмас экан. Боболаримиз кимлар бўлганини, ким бўлганмизу, кимларга айланиб олганимизни тушуна бошлаган эдим, ўшанда. Том маънодаги буюкларимизнинг кўплиги, улар салоҳиятининг уммонлар қадар теранлиги, ҳайбати ва кенглиги мени ҳайратга солар ва шундай улуғларнинг ворислари бўла туриб, бунчалар забун бўлиб қолганимиздан бошим гангир ва мутаассир кайфиятда руҳсизланар эдим. Мустақиллик қалбимнинг энг яширин қатидаги муқаддас сирим эди десам, ишонаверинг. Бу ҳақда гапириш тугул, ўйлаш ҳам ўта бир шаккоклик ва сотқинликдай бир гап эди.
Бу шунчаки, баландпарвоз гаплар эмас. Қолаверса, ўша даврларнинг хотирамдаги шуъласи аллақачон хиралашиб қолган. Фақат яқинда кўрганим — биргина ниҳол, унинг тотли бўйи менга анча нарсани эслатиб юборди. Шуларни сизга ҳам илингим келди.
...Биласиз, халқимиз гуллар ичида сараси бўлмиш райҳонни яхши кўради. Яъниким, «...мен учун райҳон аъло, райҳоннинг йўқ баҳоси!» деб уни алқайди.
Бу гулни ўзбек халқи асрлар оша, балки минг йилликлар нарида чаккасига тақиб, ардоқлаб келади. Райҳон азалдан хонадонларимиз, серфайз ҳовлиларимиз супалари олдига экилган. Ана шу гулни момом ва онам, аммаю холаларим, бўй етган қизлар чаккаларига тақиб юрганлари кўз олдимда намоён бўлади. Райҳоннинг иси бўлакча — у дилни яйратади, кайфиятни кўтаради. Баргини чойга солиб ичсангиз, кўп дардларга даво. Бўйи-бастидан қишлоқнинг иболи, ҳаёли, бокира қизалоғига ўхшайди.
Мен бир пайтлар унинг ҳовлилардан кўчага чиқиб, ариқлар ва йўллар бўйига ошиён қурганини Наманганда, Андижонда кўрганман. У пайтларда салобатли идоралар олдига қалбларга ваҳм солиб, қовоқ уюб турган, босқинчилик тимсоли бўлмиш шахсларнинг ҳайкаллари қўйилиб, атрофига тап-тақир бетонлар ётқизиларди. Кейинчалик, истиқлол шабадаси билан идораларнинг олдида лола ва атиргулларни ҳам кўрадиган бўлганмиз. Аммо халқимизнинг эрка ва иболи қизи райҳон жамолини атай яшириб тургандек ҳовлидан нарига чиқмасди.
Ҳозир Олой бозори олдида бир муҳташам бинода ишлайман. Эрталаб ишга келаётганимда, тушлик қилгани тушганимда райҳон мени сузилгандай бўлиб, ҳам ўктам қаддини кўз-кўз қилгандай кутиб олади, орзиқиб кутганимиз ва васлига эришганимиз эркимиз байрами билан табриклаётгандек бўлади. Эркинлик нималигини мен ва райҳон яхши тушунамиз. Мен ўзбекман, бировнинг соясида юришни асло хоҳламайман! Мен шундагина — ҳар қандай соядан холи бўлгандагина, эркин нафас олганда, ўз Ватанимда ҳур бўлгандагина, оёқларим остида она ерим тургандагина яшай оламан! Райҳон ҳам худди шундай, у ҳам очиқ жойда ҳур, бошида қуёш чарақлаб турсагина, она тупроқнинг бағрида зилол сувлардан ичсагина кўкаради, қад кўтариб барқ ураверади.
Райҳон мени ўзига чорлайди ва мени эгилишга мажбур қилади. Мен унинг бошини силаб, қўлларимни юзимга тутиб шукроналик билдираман. Мен учун райҳон мустақиллик мушки, уни ҳидларканман, тобора гуллаб, яшнаб, кўтарилиб бораётган юрт жамолига кўз ташлаганимда руҳланиб, яшариб кетаман. Мен учун райҳон — эркин ҳаёт гули! Унинг насимларида ота-боболаримнинг ушалмаган орзулари рўёби тантана қилади.
Олой бозори атрофида гулларнинг пайдо бўлганига кўп бўлгани йўқ. Шу йилнинг июнь ойи бошларида бозор атрофида негадир бирдан қурувчи ва лойиҳачилар айланиб қолишди. Орадан бир неча кун ўтар-ўтмас, бозорни ёпиб, савдони унинг ёнидаги майдончага кўчириб, эски кўринишдаги баҳайбат, гўё мустаҳкам, ҳали кўп йиллар ишлатса бўладиган бинони бузишга тушиб кетишди. Иш бир ҳафтага боргани йўқ, олдинги бинодан асар ҳам қолмади. Қурилиш ишлари заптига олиб бошлаб юборилди. Ва бир ойлар ўтар ўтмасдан худди осмондан тушгандек улкан, олтиндек товланиб, кенг ва ёруғ, кўркам ва улуғвор, юртимиз шаънига мос бир мўъжиза қад ростлади. Қурилиш ўз суръати билан ҳаммани лол қолдирди. Унинг пойига райҳон — қишлоқ қизи келинчак қилиб олиб келинди. Чор атрофдаги пиёдалар йўлакчасига қимматбаҳо ўриндиқлар ўрнатилди. Атрофни, йўлакларнинг ҳошияларини райҳоннинг раънолиги ва зеболиги ишғол қилди. Бўларкан-ку, дедик. Ҳа, энди биз йигирма беш ёшли йигитнинг қудратига эга бўлдик. Энди ўйлаган ишимизни бир неча кунда амалга ошириб қўя қоладиган бўлдик! Илгари бундай ишларни шундай суръатларда, ҳеч кимдан сўраб ўтирмай қила олармидик? Йўқ, ахир биз бировнинг қовоғига қараган эдик.
Мамлакатни айланиб кўринг. Райҳон қайси хонадон, қайси қишлоқ ва шаҳарга ташриф буюрмади бугун?! Хоҳланг, Самарқандга боринг, Бухорони айланинг, Нукусни, Термизни кўринг. Водий қишлоқлари ва шаҳарларига бориб ҳам ўтирманг — том маънода ҳаммаёқ райҳонга бурканди. У дугоналари дасторгул, бахмалгул, лолахон ва атиргулларнинг ҳамроҳлигида ўлкам гўшаларига яхши ниятларда ташриф буюрмоқда. Ахир уларнинг эрки ўзида: юртнинг истаган гўшасида пайдо бўла олади. Уларни эркин ҳаёт гули деб қўйибди.
Маҳмуд БЎРОН,
«Оила даврасида» мухбири
Фракция Суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда
🕔09:24, 23.10.2025
✔10
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Хусусан, «Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Батафсил
«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»
🕔09:20, 23.10.2025
✔7
Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.
Батафсил
Қонунчилик палатасида: Хусусий мулк кафолатидан дори воситалари назоратигача
🕔15:35, 16.10.2025
✔29
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Батафсил