Ёхуд одамларни бирлаштирган фалокатдан олти ой ўтиб...
Бугун ёш ва навқирон Сирдарё вилоятига бобо қуёш ҳам ўзининг заррин нурларини мўл-кўл сочаётгандек. Вилоятнинг ҳар бир маҳалласи, кўчаси, хонадонида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари нафақат ён-атроф гўшани, балки одамлар онгу тафаккурини ҳам бутунлай ўзгартириб юбормоқда.
Уюр-уюр йилқи, қўзи-қўйлигим,
Ҳар қишлоқ, ҳар уйи ўлан тўйлигим,
Даврада қомати осмон бўйлигим,
Сирдарё – нурафшон, нурхонам менинг,
Хизр назар қилган Гулхонам менинг.
Чиндан ҳам , Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулоймонни мафтун этган юрт айни дамда сатҳи-самосида бахт таронасига маҳлиё бўлганича ҳайрати ҳаяжонга чулғаниб бормоқда. Вилоятда ободончилик, бунёдкорлик ишлари кенг қулоч ёзган. Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси саъй-ҳаракати ва ташаббуси билан, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида «Журналист ва ҳаёт» лойиҳаси доирасида Сайҳун бўйларига амалга оширилган пресс-тур давомида хаёлимда илк жонланган фикрлар шундай бўлди.
Кеч кузакнинг сўлғин, хазин нафосати билан нафас олаётган далаларга тикилган кўйи, табиат ва ҳаётдаги мислсиз ўзгаришлар устида хаёл қилиб борардим. Хабарингиз бор, бу йил Сирдарё халқи учун синовли, имтиҳонларга бой йил бўлди. Май ойининг бошларида Сардоба сув омбори дамбасининг уриб кетиши натижасида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманлари аҳолиси озмунча жабр кўрмади. Экин экиладиган минглаб гектар ер майдонлари, турар жой ва маъмурий иншоотлар вайронага айланди.
Гулистон шаҳридан ўтиб Ховос томон ярим соатга яқин йўл босар-босмай димоғимизда ёвшану шувоқ каби гиёҳлар бўйини туйдик. Тожикистон билан туташган чегарада жойлашаган Ховос қўрғони атрофига бирлашган эл-улуснинг, бу манзилнинг қарийб икки минг йиллик тарихи бор. Бу манзилнинг ҳар қаричи қанча-қанча босқинлар, ғалабаю мағлубиятлар аламини тортмаган дейсиз. Қадимшунослар Ховос қўрғонида қазилма ишларини олиб борган маҳалларида у ердан икки минг йиллик тарихга эга бўлган лаган қолдиқларини топишган. Мазкур ноёб топилма Марказий Осиё археологлари ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлди. Ҳозирда ўша экспонат яқиндагина иш бошлаган Ховос тарихий музейини безаб турибди.
Хабарингиз бўлса керак, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 19 февралда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Ховос туманида ҳам бўлиб, давр тараққиётидан бирмунча орқада қолаётган, илдизи олис тарихга бориб тақаладиган кўҳна Ховос шаҳарчаси негизида одамларнинг яшаши учун қулай бўлган замонавий шаҳар қурилиши бош режаси билан танишган, уни янада такомиллаштириш борасида зарур кўрсатмалар берган эди. Шундан кейин «Бунёдкор» маҳалласи ҳудудида «Ховос сити» қурилиши бошланиб кетди.
Қисқа вақт ичида меҳнат ва бандликка кўмаклашиш маркази, Халқ банки, кадастр хизмати, туман электр тармоқлари корхонаси, туман ҳокимлиги бинолари, аҳоли дам олиш маскани, «Хотира майдони» мажмуаси каби қатор объектлар фойдаланишга топширилди. Қишлоқда туғилиб ўсган одамлар учун болалик қадриятлари доим қадрли. Шунинг учун ҳам кўп қаватли уйлар атрофига ҳатто тандирхоналар қуриб берилди. Болалар майдончасининг замонавий қиёфаси бу ерда истиқомат қиладиган ёш авлод учун айниқса катта совға бўлди. «Бунёдкор» маҳалласи ҳудудида янги ўқув йили арафасида математика фанини чуқур ўрганишга ихтисо слашган 350 ўринли замонавий мактаб қад ростлади. Айни вақтда «Ховос сити» бунёдкорлари томонидан 42 гектарлик ҳудудда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Бу ерда 780 хонадонга мўлжалланган ўттизта кўп қаватли уйлар қурилиши ниҳоялаб қолди. Ёш оила соҳибларидан бири Сулаймон Пўлатов Эски Ховосдаги «Дўстлик» маҳалласидан «Ховос сити»даги кўп қаватли уйга аёли билан кўчиб келди. Дастлаб у мазкур уч хонали квартира учун 15 миллион сўм тўлаган эди. Бундай кўп қаватли уйларнинг умумий нархи 160 миллион сўмни ташкил этар экан. ...Сафаргул жуфти ҳалоли, уйининг қуёши Қозоғистонда вафот этганини эшитибоқ, худди ўтирган жойида илон чаққандай, ирғиб туриб кетди, сочини юлиб, фарёд чекканча қолди. Уч нафар норасида бўтадек бўзлади. Аммо осмон олис, ер қаттиқ, вақт энг яхши малҳам дегандек ҳаёт давом этарди. Ёлғиз аёлнинг рўзғор аравасини тортиши осон эмас. – Тақдирнинг бу қалтис зарбасига тишимни-тишимга босиб чидашимга тўғри келди, – дейди Ховос туманидаги «Бунёдкор» маҳалласида истиқомат қилувчи Сафаргул Исмоилова. – Мана, давлатимиз мени, уч нафар норасидамни кўчада қолдирмади. Бу ердаги намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйга кўчиб келгунимга қадар ўн уч йил ижрада, беш йил дала шийпонида умргузаронлик қилишимга тўғри келган эди. Хайрият, оиламнинг бошига ҳам уй-жойли бўлиш битган экан. Ҳозир болаларим билан мана шу замонавий уйда турамиз. Ичкарида каттагина иссиқхона ташкил қилганмиз. У ерда помидор, бодринг ва турли хил кўкатлар етиштирамиз. Рўзғордан ортганини бозорга чиқараман. Касаначилик асосида уйда ишлайман.
Умуман олганда, «Бунёдкор» маҳаласида Сафаргул сингари кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ночор оилаларнинг элликтасига намунавий лойиҳалар асо сида қурилган уй-жойлар бепул берилди. Ушбу уй-жойлар қурилишига 12 миллиард сўм маблағ сарфланган. Аҳамиятлиси, Ховос тумани ҳокимлиги минтақада ишсиз кишиларни фойдали юмуш билан банд қилиш масаласига жиддий аҳамият қаратмоқда. Бунда энг аввало, бугун ва эртанги кунда ана шу кишиларнинг тақдири қандай кечиши, туман хазинасига пул қаёқдан келиши сингари долзарб масалалар эътибор марказида бўлиб турибди. Илгари раҳбарлар вилоят ва республика миқёсидаги машваратларда қоп-қоп ваъда беришарди, бироқ ўша ваъда мажлис майдонидан чиқишлари билан бутунлай унутиларди.
Ишсизлик муаммосининг ечими – янги корхоналар очиш. Ана шундай корхоналардан бири «Ховос сити»га яқин манзилда барпо этилди. Айни паллада бу ерда бир неча юзлаб хотин-қизлар иш билан банд. Нозик ва чевар қўлларда сайқал бериб тайёрланган болалар кийим-кечаклари кўриниш ва сифат жиҳатидан хорижникидан асло қолишмайди. Бу буюмларга нозик хилқат соҳибаларнинг меҳр тафти синггани сезилиб турибди. ...Тонг ҳали бўзармаган. Ташқари кўр қоронғи, қишлоқ аҳли ширин уйқуда эди. Фақатгина, тун қушлари тўсатдан у ёқдан, бу ёққа «пир» этиб учиб ўтади. «Ҳали тонг отишига пича борга ўхшайди, негадир бугунги саҳарда ғашлик бордай», – деди чол ташқарига чиқиш учун тимирскаланаётган кампирига қараб. Ҳаял ўтмай эшик яқинидаги икки табақали деразани очди. Сал димиққан хонага субҳи содиқнинг саррин салқини урилди. Айни шу маҳал тонг сукунатини қишлоқ одамларининг ваҳимага тўла, хавотирли қичқириғи бузиб юборди. «Тўғон уриб кетибди!», «Оёқни қўлга олиб қишлоқни тарк этишимиз керак, акс ҳолда қутириб келаётган сув остида қолиб ҳалок бўлиш ҳеч гап эмас!..», «Ташқарида машиналар кутиб турибди!..» Бу тахлит совуқ хабар бир зумга эл-улусни карахт ва тушунарсиз ҳолатга тушириб қўйди. Бир зум нима қилишларини билмай талмовсираб қолишди. Ташқарида ҳарбий машиналарнинг гувиллаши, фавқулодда вазиятлар, миллий гвардия, мудофаа, ички ишлар ходимларининг одамларни шошилинч равишда машинага олиб чиқиш тадбирлари бошланиб кетди. Сув тошқини хавф солган Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги тўрт минг етти юз ўн хонадон аҳолиси зудлик билан бехатар жойларга кўчирилди...
Мана шу ваҳимали дамларга ҳам роппа-роса олти ярим ой бўлди. Ҳозир ўша кунларни одамлар бир ёмон тушдай эсга олишади. Мирзаобод туманида истиқомат қилаётган Даврон ва Нигора Мамаисаева оиласи ҳам Сардоба тўғонининг тошқинидан кўп азият чекишди. Уй-жойидан, мол-ҳолидан мосуво бўлди. Хайриятки, шундай қалтис бир вазиятда давлатимиз Даврон ва Нигора сингари минг-минглаб оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлади, кўмак қўлини чўзди. Бу оила ҳам яқинда «Янги Ўзбекистон» маҳалласидаги кўп қаватли уйдаги уч хонали квартирага эга чиқди.
Ҳа, Мирзаобод туманининг «Янги Ўзбекистон» маҳалласи ҳудудида беш ой давомида 12 гектар майдонда қирқта беш қаватли, саккиз юз хонадондан иборат кўп қаватли уй қурилиб, Сардоба фалокатидан зарар кўрган оилаларга топширилди. Биз борган кунимиз ҳам мазкур кўп қаватли уйларга юзга яқин оила кўчиб ўтаётган экан. Янги хонадон эгаларининг юз-кўзларидаги қувонч аломатларини кўриб, кўнгил равшан тортди. Сув тошқинидан зарар кўрган хонадонлар ерлари, участкалари сақлаб қолинди. Ҳар бир хонадонга қирқ миллион сўм товон пули, уй жиҳозлари учун ўн миллион сўм маблағ ажратилди. Аслида Мирзаобод тумани «Навбаҳор», «Барлос», «Ҳақиқат» маҳаллалалари ҳудудлари тошқиндан кўп зарар кўрган эди. Шу сабабдан кўп қаватли уйларга асосан ўша ҳудудлардаги аҳоли кўчириб келтирилди.
Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод – қишлоқ туманлари. Шу важдан одамларнинг тирикчилиги кўп жиҳатдан она заминга, ердаги экин-тикинига боғлиқ. Эндиликда бу қишлоқларга ҳам саноат ва бошқа даромадли соҳалар жадал кириб кела бошлади. Буни Сардоба туманидаги «Дўстлик», Оқолтин туманидаги «Янги Тошкент», Мирзаобод туманидаги «Янги Ўзбекистон» маҳаллалари ҳудудларида «Сардоба текстиль», «Нурли келажак», «Нафис либослар» сингари янги корхоналар очилганидан ҳам билиш мумкин. Хулоса қилиб айтганда, кеч кузакнинг оромбахш кунларида Сирдарё вилоятининг бир-биридан обод, кўркам манзилларида бўлиб, яратувчилик юмуши билан банд бўлган меҳнат аҳли билан гурунглашиб, улкан, ажойиб таассуротлар билан ортга қайтдик.
Улуғбек ЖУМАЕВ, «Оила даврасида» мухбири