Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ДЕМОКРАТИЯ ИДДАОСИ

«Ўзбекчилик» деган ажойиб иборамиз бор. Баъзан коррупцияни, баъзан қариндош-уруғчиликни, баъзан бюрократияни, хуллас, нимаики хато-камчилигимиз бўлса ўшани – «Худо урган» мана шу ибора билан хаспўшлашга одатланганмиз. Худдики, миллий менталитетимизни ифодаловчи бу сўз бизнинг барча қинғир ҳаракатларимизнинг айбдоридек тутамиз ўзимизни.
 

ДЕМОКРАТИЯ ИДДАОСИ

Тўғри-да, жазолаш керак бўлса, ўша менталитетни жазолашсин, асло бизни эмас. Бу, айниқса, баъзи катта авлод вакиллари орасида шаклланган тушунча. Уларнинг қон-қонига сингиб кетган ибора... 
Лекин ҳозир гап бошқа нарса ҳақида.
Яқинда бир гуруҳ қизларнинг калта кўйлагу очиқ-сочиқ кийимларда турли ёзувларни кўтариб «ҳақ-ҳуқуқ» талаб қилиб чиққан суратлари ижтимоий тармоқларни «портлатиб» юборди. Бу плакатлардаги ёзувлардан уларнинг мақсадини билиш қийин эмас: «Менинг танам – менинг ишим», «Келин – хизматкор эмас», «Аёл – инкубатор эмас» ва ҳоказо гаплар... Шу орқали худдики ўз ҳуқуқлари поймол этилишига қарши исён қилишган. Қандай кийиниш ва қандай яшаш ўзларининг ишлари, демократик ҳуқуқлари эканини иддао қилишган.
Бу воқеа Фарғонадаги истироҳат боғларининг бирида калта иштон кийиб, сайр қилиб юрган қизнинг нотаниш йигит томонидан унинг кийимига эътироз сифатида дўппос­ланиши оқибатида юзага келгани айтилди. Лекин қизларнинг ҳақ-ҳуқуқ талаб қилиши кўпчиликка ёқмагани кўриниб турибди. Ижтимоий тармоқлар ақлдонларнинг эътирозларию маслаҳатлари билан тўлиб кетди. Айниқса, йигитлар ва катта авлод вакилларининг ҳамиятига тегиб кетди бу воқеа. Айтилмаган ҳақорат сўз қолмади тармоқларда.
Хўш, биз нимани кутган эдик аслида?! Демократик мамлакатлар сафида боришни мақсад қилар эканмиз, демократиянинг мана шунақа, бизга ёқмайдиган томонлари ҳам бор эканини унутишга ҳаққимиз йўқ. Чунки агар демократчасига олиб қарайдиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам ўша қизларнинг бадани – ўзининг иши, шахсий мулки ва унга биров хўжайинлик қилишга, уни кийма, буни кий, деб мажбурлашга ҳақли эмас. Бир муслима қиз ҳижоб ўраб юришга қанчалик ҳақдор бўлгани каби, бу «суперзамонавий» қизларимиз ҳам ўзи истагандай кийинишга шунчалик ҳуқуқли. Чунки биз излаётган ҳақиқий демократиянинг тамойили мана шу...
Мен бунда айбни ўша қизлардан изламоқчи эмасман. Ҳамма айбни баъзи бир катта авлод вакилларининг «қотиб қолган» қарашларию, «маънавият-маънавият» дея айюҳаннос солиб, амалда ҳеч нарса қилмагани, аксинча шу кунга қадар айтиб келаётган гапларига тескари иш қилганида кўряпман, негадир. Ўзининг ҳар бир қинғир ҳаракатини «ўзбекчилик» дея оқлашга уринган катта авлод вакилларининг давомчилари улар. Фарқи шундаки, улар ўз хатти-ҳаракатини демократия ибораси билан хаспўшламоқда.
«Бу қизларда ҳаё йўқ, ибо йўқ, қаерда қолди бизнинг Нодирабегимларимиз, Бибихонимларимиз...», деб жар солавериш бефойда. Ҳақиқий қадриятларимизни менсимай еб битирганингиз, аждодларимиздан мерос пок виждону анъаналарни сақлай олмаганингиз, янги авлодга етказиб бериш ўрнига ўз нафсингиз билан овора бўлганингизнинг оқибати бу.
Сиз қадриятларимизни қурбон қилдингиз, коррупция ботқоғига ботдингиз, виждонни сотдингиз, маданиятни булғадингиз. Ҳа, ҳа, катта авлод вакиллари, хафа бўлсангиз ҳам, хурсанд бўлсангиз ҳам, айбни ўзингиздан қидиринг. Мана бу қизлар сиз дину диёнатдан, имондан, миллий менталитетдан, ўзбекона, шарқона маданиятдан узоқда тарбиялаганингиз, ўз она тилини ўргатишни ор билиб русийзабон мактабларда ўқитганингизнинг маҳсули.
Оқни қорадан, маданиятни маданиятсизликдан, тўғрини нотўғридан фарқлай олмайдиган бир авлод пайдо бўлди. Олинг, тарбиянгиз мевасини. Энди уларга Нодирабегиму Тўмарис­лар ҳаёти ҳақида эртак айтганингиздан нима наф?! Энди уларга дину қадриятлар ҳақида гапиришингизнинг кимга қизиғи бор?! Қийшиқ ўсган ниҳолни энди мажбурлаб қанчалик тортманг, уларни ўзгартириш учун умрингиз ҳам, кучингиз ҳам етмайди.
Эрта-индин бир жинсли никоҳни талаб қилиб чиқувчилар пайдо бўлиб қолса, уларга ҳам қаршилик қила оладиган ҳолингиз йўқ, тан олинг. Ёшингиз улуғ бўлишига қарамай бетгачопарлик қилаётган бўлсам, айбга буюрмайсиз.
Бу ёғи демократиячилик...

Дилдора ИБРОҲИМОВА, 
журналист




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔16

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔56

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔126

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар