Президент афви эълон қилинган кундан бошқа кунларда ҳам қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтган хотин-қизлар озодликка чиқарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми ҳам бекорга эмас ҳар ҳолда.
Мазкур меморандум шарофати билан жорий йилнинг ўтган даврида юз нафардан зиёд хотин-қиз озодликка чиқарилиб, оиласи бағрига қайтди, дея маълумот берди ЎзА.
...Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган аёллар колонияси. Мазкур муассасада ўтказилган навбатдаги тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида хотин-қизлар, хусусан, жиноятга қўл ураётган аёллар ҳақида айтган фикрлари туфайли ташкил этилди.
«Уч фарзанди бор аёл жиноятга қўл урди, дейлик, уни қамаб нима топамиз? Бунинг оқибати, фарзандлар тақдири нима бўлади?», деб алоҳида қайд этган эди давлатимиз раҳбари Сенатнинг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида.
Дарҳақиқат, аввало, ҳар қандай жиноятнинг олдини олиш мумкин. Иши бор, уйида тинчи бор, рўзғори бут, фарзандлари соғ-саломат камолга етаётган ҳеч бир она жиноятга қўл урмайди. Бу жиҳатдан тегишли ташкилотлар томонидан қилинадиган ишлар ҳали бисёр. Қолаверса, жиноят қонунчилигининг либераллашуви натижасида жиноят содир қилган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини қўллаш доираси ҳам кенгайган.
Мазкур муассасада ўтказилган тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова хотин-қизларнинг ҳаётимизда тутган муҳим ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг қадр-қимматини кўтариш борасида доимий эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этди. Жамиятда аёлга бўлган муносабат тубдан ўзгармоқда, айниқса, давлат идораларида уларнинг мавқеи ошяпти.
Шу ернинг ўзида Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров раислигида суд мажлиси бўлиб ўтди.
Суд жараёнида қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтган, жазо муддатини қисқартиришларини сўраб судга мурожаат қилган аёллардан олти нафарига оид иш кўриб чиқилди.
Уч фарзанднинг онаси бўлган хоразмлик Дилором Бобожонова рўзғоридаги етишмовчилик сабаб, яъни пул учун атиги бир грамм героинни бировдан олиб, иккинчи шахсга етказиб берганида қўлга тушган. Бироқ шу бир грамм оғу унинг бутун ҳаётини заҳарлади. Унга 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
61 ёшни қаршилаган Дилором опа панжара ортида 9 йил 8 ой ўтирди. Бу орада фарзандлари она меҳрисиз, минг машаққат ила ўзлари вояга етди. Мустақил ҳаёт ҳам бошлашди. Она эса биргина хато туфайли фарзанд камолини кўришдек, уларга тиргак бўлишдек бахтдан бебаҳра қолди.
...Энди озодсиз, деган сўзларни эшитиб, аёл бироз каловланди. Оиласи, фарзандлари, набиралари дийдори ҳақи хурсандчилигини яшира олмай, кўзларидан қувонч ёшлари оқди.
Норгул АБДУРАИМОВА
Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача
🕔14:28, 22.10.2026
✔28
Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.
Батафсил
Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?
🕔13:16, 15.10.2026
✔159
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.
Батафсил
Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф
🕔14:57, 08.10.2026
✔222
Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.
Батафсил