Спорт      Бош саҳифа

«Буви дейсизми, унда етиб олинг!»

У айни пайтда 43 ёшда. Шунга қарамай, ҳамон спортда: профессионал фаолиятини давом эттирмоқда. Айримлар «Спортда барча нарсага эришгансиз, нега ҳанузгача гимнастикадасиз?» деб сўраганида, доим битта гапни айтади: «Шунчаки менга ёқади!»  

«Буви дейсизми, унда етиб олинг!»

Ўзбек спорти афсонаси, Олимпия ўйинларининг етти карра (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016) иштирокчиси, «Гиннеснинг рекордлар китоби»га кирган, шунингдек, халқаро гимнастика федерацияси «Шон-шараф зали»дан ўрин олган ҳамюртимиз Оксана Чусовитина феномени хусусида хорижда ҳам кўп гапиришади. Айримлар унинг чиқишларини ҳанузгача тушунмайди.

Ахир, 43 ёшни қаршилаган аёл, она қандай қилиб профессионал спортда фаолиятини давом эттириши мумкин? Машғулоту мусобақаларда қатнашиб, ўзини қийнаш шартми? Устига-устак, спортдаги йўли, «меҳнат дафтарчаси»да яхшигина натижалар қайд қилинган бўлса: уч карра жаҳон, Европа, икки карра Осиё ўйинлари чемпиони, Барселона — 1992 Олимпия ўйинлари ғолиби, Пекин — 2008 Олимпиадаси кумуш медали...

Яқинда эса Дохада спорт гимнастикаси бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Оксана Чусовитина ўзининг севимли йўналиши ҳисобланган таяниб сакраш машқларида тўртинчи ўринни эгаллади. Эндиги мақсади келаси йили Штутгарт мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатида совринли ўринларни қўлга киритиб, Токио — 2020 Олимпия ўйинларига йўл олиш экан.

Эътиборингизга Оксана Чусовитинанинг интернет нашрларига берган интервьюларидан айрим парчаларни ҳавола қиламиз.

— Оксана, ҳамма сизнинг ноёблигингиз хусусида кўп таъкидлайди. Сирни очинг, бунинг замирида нима мужассам?

— Мен ўзимни ноёб деб ҳисобламайман. Бошқаларга ўхшаган спортчиман, холос. Фақат спортда кўпроқ ушланиб қолганман. Назаримда, ҳеч ким гимнастикада бу қадар узоқ қолишга шунчаки ҳаракат қилиб кўрмаган. Билмадим, бу спорт менга ёқади. Токи уддалаётган эканман, у билан яшайвераман.

— Мусобақада ёнингизда 16 ёшли гимнастикачилар турганда кўнглингиздан нималар кечади?

— Гиламда барча баробар. Мен улардан кам бўлмасликка ҳаракат қиламан. Баъзан ўша ёш қизлардан яхшироқ чиқиш қиламан. Шунинг учун улардан кескин фарқланаман, деб ўйламайман. Ёш гимнастикачилар билан беллашиб, ўзимни ҳам ёшдек ҳис этаман.

— Демак, шунинг учун ҳам сиз ажойиб спорт формасида экансиз-да!..

— Тўғрисини айтсам, бошқалардан фарқим йўқ. Мен ҳам вазн олишим мумкин (кулади). Ҳа, менинг оилам бор, ҳа, ёшим анча катта. Лекин яна бир марта қайтараман. Мусобақада ҳаммамиз тенг. Ҳеч ким у 16, бу 40 ёшда эканига қарамайди.

— Дарвоқе, оилангиз ҳақида. Айтинг-чи, оилавий бахтнинг сири нимада? 

— Оила қурганимга йигирма йилдан ошди ва мен жуда бахтиёрман. Назаримда, менга омад кулиб боқди. Ахир, суюкли ёрим, ўғлим бор. Уларга жуда ишонаман ва жонимдан ортиқ кўраман. Менимча, эр-хотин муносабатларида энг муҳими бу — ишонч. Мен вазият тақозо этиши боис тез-тез ўзга юртларга кетишимга тўғри келади. Шунинг учун турмуш ўртоғимни анча вақт кўрмайман. Бироқ биз ҳар куни телефонлашиб турамиз. Демак, оилавий бахтнинг сири оддий — бир-бирига ишониб, бир-бирини севса бас.   

— Бир вақтнинг ўзида ҳам оилавий ҳаёт, ҳам мусобақаларга тайёргарликка қандай улгурасиз?

— Айтяпман-ку, турмуш ўртоқ танлашда омадим келди. У билан ўзимни мустаҳкам ҳимояда ҳис қиламан. Бирор ёрдамга эҳтиёж сезсам, биринчи бўлиб айнан хўжайиним қўлини чўзади.     

— Ҳар бир номдор спортчида ўзининг спорт мактаби бўлиши кераклиги ҳақидаги Президентимиз ташаббусига қандай қарайсиз? Бу ҳақда ўйлаганмисиз?

— Ўйлашимча, бу жуда яхши. Мен Тошкент ёки ўзим туғилиб ўсган Бухорода шахсий мактабимни очишни жуда хоҳлайман. Лекин бу масалани спортдаги фаолиятим ўз ниҳоясига етганда кўриб чиқаман. Чунки мен ҳамма нарсага бирдан ёпишмайман. Орзуларимни қадамма-қадам амалга ошираман. Шундай қилсангиз барига эриша оласиз.    

— Айтинг-чи, спорт гимнастикасидаги мураккаб элементни сизнинг ёшингизда қандай ўзлаштириш мумкин?

— Айни шу нарса менга кўпроқ ёқади. Кимгадир буви сифатида туюлсам, марҳамат, менга етиб олинг. Муаммо нимада? Аслида мени кўпчилик қўллаб-қувватлайди. Фақат бир вақтлар мусобақада мен билан бирга иштирок этганларнинг ғазабини келтираман, деб ўйлайман гоҳида. Ва бу тушунарли ҳолат: ўғлим кап-катта бўлиб қолган, мен эса ҳамон озғин, қад-қоматим жойида. Шундай экан, нега мени яхши кўришсин?            

— Профессионал спортда 20 ёшда шуғулланиш билан 40 ёшда машғул бўлиш ўртасида қандай фарқ бор?

— Тафовут мияда. Ёшинг ўтгани сари мутлақо бошқача ўйлайсан киши. Агар ҳозирги ақлим 20 ёшимда бўлганида эди, эҳҳе… менга тенг келадиган топилмасди.

— Аниқроқ айтсангиз…

— Айни пайтда ҳаётим анчагина тартибли: максимал даражада самарали бўлиши учун менга қанча юклама кераклиги, машғулотни қай тарзда ташкил этиш лозимлигини аниқ биламан. Залда эрталаб икки соат шуғулланиб, қолган бутун кунни спортдан ташқари ихтиёримга қолдираман. Оиламга вақт ажратаман, бирор уй юмушларини бажараман. Яъни, спорт шахсий ҳаётимга, тўлақонли ҳаётга дахл қилмайди.   

Йигирма ёшимда эса агар ҳамма ишни залда тезда қилсам, демак, мени бошқа яна бир нарсани қилишга мажбурлашади, деган фикрда бўлганман. Мана шу хаёл (ўзи шундоқ ҳам чарчаган бўлсам, яна ишлашга тўғри келадими қабилидаги) роса халақит берган. Илгари мен кўп машқ қилардим. Ҳозир эса танамни анжомда ишлаш учун тўлиқ тайёрлашга 15-20 дақиқа вақт кетади.

— Сизнингча, омад калити нимада?

— Меҳнатсеварликда. отам айтарди: «Бирор ишни бошладингми, охиригача етказ, чала қолдирма». Инсон ўз олдига бирор мақсад қўйдими, унга талпиниши, интилиши керак. Шунда унга албатта эришилади.

Шаҳобиддин РАСУЛОВ тайёрлади.




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон –  жаҳон  чемпионатида!

Ўзбекистон – жаҳон чемпионатида!

🕔17:06, 12.06.2025 ✔196

Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди

Батафсил
Фойдасини дақиқалар белгилайди

Фойдасини дақиқалар белгилайди

🕔12:52, 25.03.2019 ✔11271

Сузиш инсонга нима беради? Савол жуда оддий, албатта. Жавобини ҳамма билади: мустаҳкам соғлиқ, спортдаги соврин номи билан айтсак, «олтин» саломатлик. Лекин бу машғулот билан шуғулланиш жараёнида айнан қанча вақтда қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?  

Батафсил
Уч қаҳрамондан уч ғалаба

Уч қаҳрамондан уч ғалаба

🕔16:05, 29.11.2018 ✔11008

Ўтган якшанба тонгида ўзбекистонлик бокс мухлислари учун океан ортидан ажойиб хушхабар келди. ​​​​​​​

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ўзбекистон –  жаҳон  чемпионатида!

    Ўзбекистон – жаҳон чемпионатида!

    Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди

    ✔ 196    🕔 17:06, 12.06.2025
  • Фойдасини дақиқалар белгилайди

    Фойдасини дақиқалар белгилайди

    Сузиш инсонга нима беради? Савол жуда оддий, албатта. Жавобини ҳамма билади: мустаҳкам соғлиқ, спортдаги соврин номи билан айтсак, «олтин» саломатлик. Лекин бу машғулот билан шуғулланиш жараёнида айнан қанча вақтда қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?  

    ✔ 11271    🕔 12:52, 25.03.2019
  • Уч қаҳрамондан уч ғалаба

    Уч қаҳрамондан уч ғалаба

    Ўтган якшанба тонгида ўзбекистонлик бокс мухлислари учун океан ортидан ажойиб хушхабар келди. ​​​​​​​

    ✔ 11008    🕔 16:05, 29.11.2018
  • Вақтдан илгарилаган спортчи

    Вақтдан илгарилаган спортчи

    Унинг лақаби «чақмоқ одам». У — ўн бир карра жаҳон, саккиз карра олимпия чемпиони бўлган ямайкалик собиқ енгил атлетикачи Усейн Болт.

    ✔ 11416    🕔 16:05, 29.11.2018
  • Узун оёқ «учиради»

    Узун оёқ «учиради»

    Қизиқ бир маълумот: 1968 йилдан буён 100 метрга югуриш бўйича мусобақаларда жаҳон рекордини асосан қора танли спортчилар ўрнатмоқда.

    ✔ 11116    🕔 16:04, 29.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар