Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Алифбомиз яна ўзгармоқчи, буниси мукаммал бўладими?

Энди бир ҳарфни ёзиш учун бешта тугмани босишга ҳожат қолмайди

Алифбомиз яна ўзгармоқчи,  буниси мукаммал бўладими?

2010 йил 1 сентябрдан бошлаб лотин ёзувига асосланган янги алифбога узил-кесил ўтилиши белгиланган эди. Мана, орадан яна саккиз йил ўтди ҳамки, бу масала ўз ечимини топгани йўқ. Жамоатчиликда «энди нима бўлади? Яна кирилл алифбосига қайтамизми?», каби ўринли саволлар пайдо бўла бошлади.

Бундан икки ярим йил аввал Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил қилинганда мазкур олийгоҳга лотин ёзувига асосланган янги алифбонинг ҳамма учун мақбул ва қулай шаклини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди. Шундан бери университетда мазкур масала бўйича махсус комиссия тузилиб, алифбони такомиллаштириш устида қизғин ишлар олиб бориляпти. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун арафасида ушбу университетда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш муаммоларига бағишланган илмий анжуман ташкил этилди. Анжуманга таклиф этилган мутасаддилар, тилшунос олимлар, қонун ижодкорлари, сиёсатчилар она тилимизнинг бугунги аҳволи, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш, янги алифбога ўтиш зарурати ҳақида ўз таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.

Пулини тўлаган тилни танлайдими?

Иқбол МИРЗО, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, халқ шоири:

—  Адлия вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига йигирма тўққиз йил тўлгани ҳамда барча тил нормалари қонун билан қатъий белгилаб қўйилганига қарамай, юздан ортиқ қонун ҳужжатлари ўзбек тилида қабул қилинмаган. Бу Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонунининг 8-моддасига зид. Ушбу моддада: «Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади», деб белгилаб қўйилган.

Айниқса, кўчаларга илинган рекламалардаги ёзувлар кўпчиликнинг жиддий эътирозига сабаб бўляпти. Улар бир қатор имловий хатолар билан бирга, бошқа тилларда берилиши мазкур қонуннинг 20-моддасини бузмоқда. Лекин рекламага оид қонунчилигимизда бу жиҳат ҳисобга олинмаган ва реклама тили реклама берувчининг хоҳишига қараб белгиланиши қайд этилган. Бу эса тил ҳақидаги қонун нормаларига зиддир.

Шу ва шу каби ҳолатларни инобатга олиб, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш ҳамда бошқа барча қонун ҳужжатларини шунга мувофиқлаштириш зарур.

Саводхонлик учун   қулай имло керак

Низомиддин МАҲМУДОВ, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, профессор:

— Японлар бугун шеваларни мактабда дарс сифатида ўрганиш­япти. Сабаби, бола шеванинг адабий тилдан фарқини болаликдан тушуниб бориши керак. Бизда эса кимдир биронта шевага оид сўз ишлатса, уни дарров тилни бузганликда айблаймиз. Тўғри, ўзбек тилининг ўз меъёрлари бор. Лекин ўрни келганида шевалар ҳам тилни бойитишга хизмат қилади.

Имло масаласида эса мактабда, олий таълимда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси асосида ўқитяпмиз, лекин ўқишни битиришгач, улардан ўзлари таълим олмаган имлода ишлашни талаб қиляпмиз. Бу тўғри эмас. Матбуотда, нашриётларимизда чоп этилаётган газета ва журналлар, китоблар ана шунинг учун ҳам етарлича саводхонлик билан чиқарилмаяпти. Бу ўша жойларда ишлаётган ёшларнинг айби эмас. Буларнинг барчаси имло масаласида бир қарорга келиниши зарурлигини тақазо этади. Аммо яна бир жиҳатга эътибор бериш керакки, ҳеч қайси алифбо мукаммал бўлолмайди. Ҳатто, инглиз тилида ҳам муаммолар талайгина. Ҳар қандай алифбода жузъий камчиликлар учраши табиий. Ҳозир бизда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг янги таҳрири учун тавсия қилинаётган айрим вариантлар бор. Биз уларни ишлаб чиқишда имкон қадар ёзиш ва ўқишда ўқувчига қулайлик яратиш, жуда кескин ўзгартиришлар киритиб оммани яна чалғитмаслик, энг муҳими, имломиз компьютерда ишлашда турли қийинчиликлар туғдирмаслигини назарда тутганмиз. Қолаверса, янги алифбо туркий тилли қардош халқлар билан имкон қадар яқин бўлиши назарда тутилган. Алифбо тасдиқланса, унинг имло қоидалари ва имло луғатлари ҳам жорий қилинади.

Пухта ўйлаб қилинадиган иш

Шуҳрат  СИРОЖИДДИНОВ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор:

— Янги алифбони қабул қилиш, янги имлога ўтиш бу бир ойда ёки бир йилда қилинадиган иш эмас. Бу пухта ўйлаб, барча асосли фикр-мулоҳазаларни инобатга олиб, маслаҳатлашиб амалга ошириладиган вазифа. Алифбо пухта бўлмас экан, у эрта бир кун талабга жавоб бермай қолади ва уни яна ўзгартиришга тўғри келади. Бу эса жуда катта йўқотишга олиб келади. Шунинг учун бизнинг университетимизда икки ярим йилдан бери янги алифбо бўйича изланишлар олиб бориляпти. Тайёрланган лойиҳалар бир неча марта муҳокама қилинди, жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилди. Бугун эса алифбонинг охирги лойиҳаси муҳокамадан ўтди. Энди бу лойиҳа парламентга олиб чиқилади.

Мен истардимки, янги алифбо ва имло бўйича кимда қандай фикр бўлса, бемалол бизда ишлаётган ишчи гуруҳга мурожаат қилиши мумкин. Алифбомиз, имломиз учун ҳаммамиз биргаликда жонбозлик кўрсатсак, менимча, жуда тўғри бўлади.             

Халақит берадиган ҳарфлар энди йўқ

Нодир ЖОНУЗОҚ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари:

— Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини қабул қилиш тарафдорларини шартли равишда уч гуруҳга ажратиш мумкин. Улардан бир гуруҳи ҳозирда ёзилиши ва ўқилиши қийинчилик туғдираётган уч-тўрт ҳарфни ислоҳ қилиш орқали тезлик билан бу масалани бартараф этишни хоҳлашади. Бошқа бир гуруҳ эса, бу масалада мўътадил йўл тутиб, алифбога нисбатан кўпроқ ўзгартириш зарур деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, алифбони буткул қайта ишлаб чиқиш керак, дейдиган учинчи гуруҳ вакиллари ҳам йўқ эмас. Аммо бу йигирма беш йилга яқин муддат ичида шу алифбода ўқиб савод чиқарган бутун бошли бир авлодни чаласавод қилиб қўймайдими?

Шунинг учун ушбу масалага масъул комиссия барча фикр-мулоҳазаларни инобатга олиб, оммага қийинчилик туғдирмайдиган компьютер тили учун ҳам қулай лойиҳани тавсия қилмоқда. Масалан, битта товушни ифодалайдиган ҳарф бирикмалари ўрнига муқобил битта ҳарф, ёзувда ноқулайлик туғдираётган o‘ ва g‘ ҳарфлари учун улардан кўра қулайроқ белгилар тавсия этиляпти.

Муҳокама асносида ком­пьютер дастурларида ноқулайлик туғдирмаслиги учун янги алифбода -нг товуши алоҳида ҳарф бирикмаси сифатида олинмай, бир товушни ифодалаши, зарур ўринларда имло қоидалари билан тартибга солиниши назарда тутилган. Шунингдек, тутуқ белгисини янги алифбога киритиш масаласи юзасидан ҳам баҳсли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хуллас, янги алифбо юзасидан муҳокамалар матбуотда ҳамда ижтимоий тармоқларда яна давом этади...

 

Ғуломжон БОБОЖОНОВ,

«Оила даврасида» мухбири 




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔16

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔56

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔126

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар