Жамила хола ёлғиз яшайди. Ёши анчага бориб қолган. Қон босими тез-тез ошиб туради. Бу тун негадир кечаси яхши ухлаёлмади.
Ўрнидан туриб, қон босимини ўлчади. Танометр эскириб, ишлаши ҳам секинлашиб қолган эди. Эҳ, мана, у бутунлай ишламаяпти... Жамила хола қанча уринмасин, унинг кўрсатгичлари қимирламади.
Қўшни Сабоҳат хола Жамила холанинг аҳволидан хабар олгани уйига чиқди. Улар ҳасратлашишди. Жамила хола бугунги воқеани айтиб, бироз ўксинди. Тўғри-да, узоқ йилдан бери ишлатиб, кўзига қадрли кўриниб қолган танометри бузилиб қолганига анча хафа бўлди-да.
Сабоҳат хола унинг кўнглини кўтарди. «Эрта-индин нафақа берилса, янгисини оласиз энди», деди. Жамила хола Сабоҳат холани кузатаётиб, танометрни неварасига «ўйнайди» деб бериб юборди.
Невара дегани Сабоҳат холанинг бешинчи синфда ўқийдиган невараси — Баҳодир! У мактабда ўртача ўқиса ҳам, ўзи қизиқадиган нарсалар билан доим банд. Уйда ҳайвонлар боқади, гуллар ўстиради. Энг севиб қиладиган иши устабузармонлик. Темир-терсак йиғади, теради, тузатади. Баъзан бирнималар ихтиро қилиб ҳам қўяди.
Бувиси олиб келган танометр уни шунчалик қувонтирдики, дарров ичини очиб, узилган симларини улади. Бир пайт қараса, ишлаяпти! Қишлоқ врачлик пунктида ҳамшира бўлиб ишлайдиган опаси тушликка келиши билан танометрни қўлига тутқазди: «Шуни бир текшириб беринг, опажон». Опаси аввал бувисининг, сўнг ойиси, дадасининг ҳам қон босимини ўлчади. Ускуна ҳақиқатдан ҳам ишлаётган эди. Баҳолир Жамила холанинг ёнига ошиқди.
Танометрдан буткул умидини узиб, янгисини олишни режалаб турган Жамила хола хурсандлигидан кўзига ёш олди. Баҳодирга, «йўқ» дейишига қарамай, қўл ҳақи дея шоколад берди. Ёшлигидан эсдалик бўлиб қолган фотоаппаратни ҳам совға қилиб юборди.
Йўқотганини топган Жамила хола ҳозиргача ёш боланинг қилган ишини бутун маҳалла-кўйга тинмай мақтаб, гапириб юради. Маҳалладагилар ҳам дазмолми, соябонми, нимаси бузилса, жажжи уста – Баҳодирга олиб чиқадиган бўлган.
Мен шуни ўйлаганимда, бир гап доим хаёлимдан ўтади: бирор кишига яхшилик қилиб, дуосини олиш учун дунёни оёғининг остига олиб келиб ташлаш шарт эмас! Жуда қимматбаҳо матоҳ совға қилиши ёки Маккага елкада кўтариб боришнинг ҳам зарурати йўқ.
Бунинг учун оддийгина йўлни тутсак, дейлик, қўлимиздан келадиган ишни қилсак, озгина эътиборимиз билан руҳан мадад берсак ҳам бўлаверади. Хушхулқимиз, ширин сўзимиз билан ҳам унча-мунча инсонни бахтиёр этиш мумкин. Энг муҳими, кишининг кўнглига йўл топиш! Бундан улуғ савоб йўқ дунёда!
Бўлмаса, Жамила холага битта эски танометр ўрнига янгисини сотиб олиш нима деган гап? Пенсиясининг кичик бир бўлагига беради-ку. Майли, кимдир ҳиммат кўрсатиб, янги танометр олиб келганда ҳам хола бунчалик хурсанд бўлолмаслиги мумкиндир, эҳтимол. Оддийгина, миттигина болакайнинг қадрдон матоҳни тузатиб, холанинг чексиз меҳрига сазовор бўлгани кишини ҳайратлантиради.
Менга қолса, бу ҳолнинг номини «Инсон кўнглига йўл» деб атаган бўлардим.
Назаримда, инсонлар бир-бирининг кўнглига йўл қидириб, уни топиб яшаса, ҳаёт ниҳоятда гўзал, одам эса бахтиёр бўлади. Ўзаро тушунмовчилик, ғийбат, душманлик, низо, уруш-жанжал, араз-гиналарга буткул чек қўйиларди. Инсоннинг умри янада узайиб, кўпроқ яшарди, балки...
«Буни қандай уддалайман?» дейишга шошилмайлик. Атрофга теранроқ разм солайлик: ҳар инсоннинг қалбига йўл, албатта, бор ва у топилиши муқаррар.
Раҳима АБДУЛЛАЕВА
Фракция Суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда
🕔09:24, 23.10.2025
✔10
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Хусусан, «Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Батафсил
«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»
🕔09:20, 23.10.2025
✔7
Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.
Батафсил
Қонунчилик палатасида: Хусусий мулк кафолатидан дори воситалари назоратигача
🕔15:35, 16.10.2025
✔29
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Батафсил