Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Уйни бўлишдингиз, ота-онани-чи?

Кексайганда уларга аслида ким ғамхўрлик қилиши керак?

Одатда, ёши улуғ инсонлар ҳақида сўз кетганда кексалик гаштини суриб юрибди, деган гапни кўп ишлатамиз. Умр бўйи меҳнат қилиб, фарзандлар тарбиялаб вояга етказиб, қариганда улар ардоғида яшаётган юртдошларимиз кўп. Бундай инсонлар чин маънода кексалик гаштини тотаётган кишилардир.

Шу билан бирга, умр бўйи қилган меҳнатига яраша ўз фарзандларидан муносиб жавоб ололмай, кексайганда уларга ғамхўрлик кўрсатиш болалар орасида сансалорликда қолган муштипарлар ҳам йўқ эмас. Ёшлиги, куч-ғайрати борлигида ота-онасини ўзи учун энг азиз инсон деб билган баъзи фарзандлар охир-оқибат қариб, белидан мадори кетганида уларнинг умр бўйи қилган меҳрибонлигини эътиборсиз қолдиришига аслида нималар сабаб бўлмоқда?

Фақат кенжанинг вазифасими?

Абдуқаюм ИСМОИЛОВ, ўқитувчи:

— Бизда ота-онага, албатта, кенжа фарзанд қараши керак, деган қатъий тушунча бор. Чунки ота-онанинг уй-жойи кенжага қолади. Шунинг учун катта фарзандлар, айниқса, қизлар ота-онанинг иссиқ-совуғига қарашдан ўзларини мутлақо озод деб билишади. Лекин бу ерда бир тескари аксиома бор. Ота-она фарзанди неча ёшга кирган бўлишидан қатъи назар, ҳатто неварали, қуда-андали бўлиб кетса ҳам, унга ғамхўрлик қилишдан ўзини тийиб туролмайди. Ўрни келса, пенсиясини ҳам фарзандларига, невараларига улашади. Фарзанд эса ўзи оилали бўлиши билан гўё ота-онани эсдан чиқаради. Чет элларда болалар ўн олтига кирса, ота-онасидан тўла мустақил бўлади, деб гапирардик. Назаримда, бундай ўзбошимчаликларнинг нуқси бизга ҳам ураётганга ўхшайди.

Бундай «оқибат» жавобсиз қолмайди

Салима ХОЛБОЕВА, уй бекаси:

— Кексалик ёшига етган киши худди боладай бўлиб қолади. Буни ортиқча инжиқликка йўйиш керак эмас. Ўтган вақтнинг инсон ҳаётига таъсири шундай бўлса керак-да.   

Лекин тўғрисини айтиш керак, катталардаги бу ҳолат ёшларга маъқул келмайди. Кўча-кўйдаги вазият ҳам бир нави-ю, аммо уйда айрим фарзандларнинг ўз ота-онасига қилаётган муносабатини кўриб, ҳайрон қоласан киши. Қарияларнинг моддий таъминоти ўз йўлига. Улар олган пенсиялари ҳар ҳолда ўзларига етади. Ҳатто, ота-онасидан бир оғиз телефон орқали бўлса-да, ҳол сўрамайдиган фарзандларга нима дейсиз?.. Бечора ота-она «болам фалон жойда ишлайди», деб мақтаниб юради. Фарзанд эса ойда-йилда улардан лоақал телефон орқали бўлса-да, хабар олиб қўймайди.

Энди бир нарсани унутмаслик керак. Бу — қайтар дунё. Ота-онасига шундай «оқибат» кўрсатаётган болалар эртага ўзи ҳам фарзандидан, албатта, муносиб жавоб олади.

Қалтис вазият

Файзулла ЭШБОЕВ, маҳалла фаоли:

— Яқинда маҳаллада бир оиладаги можарони муҳокама қилдик. Ота-она ёлғиз ўғлини уйлантирган. Ўғил икки фарзандли бўлган. Энди эса келин эрини ота-онасидан кечиб, алоҳида яшашга ундаяпти. Ўғил хотинининг айтганини қилиб, ота-онасидан алоҳида яшайин, деса, уларга қарайдиган бошқа ҳеч ким йўқ. Келиннинг гапига қулоқ солмаса, оиласи бузилади... Жуда қалтис ҳолат.

Ёши улуғларга чиройли муомалада бўлиш, уларнинг хизматини қилиб, дуоларини олиш инсоннинг охиратда саодат топишига сабаб бўлади. Мана шу муқаддас тушунча бугун баъзи бир ёшларнинг онгидан узоқлашиб бораётгани ачинарли ҳолат.

Маҳалла фаоллари бояги келинга ҳартугул шуларни тушунтиришга эришди. Ҳозир улар бир оила бўлиб, ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиб яшаяпти.

Ҳамма фарзанд бирдай масъул

Нигора ЮСУПОВА, юрист, юридик фанлари номзоди, доцент:

— Ўзбекистон Республикаси оила қонунчилигида вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онаси тўғрисида ғамхўрлик қилиши шарт экани қатъий белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, фарзандлар ота-онасининг касаллигига ва бошқа узрли сабабларга кўра қилинадиган қўшимча харажатларда ҳам иштирок этишлари шарт.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар томонидан қўшимча харажатлар ихтиёрий равишда қопланмаса, бундай ҳолатлар суд тартибида кўрилиши мумкинлиги ҳам қонунчиликда назарда тутилган.

Оила кодексининг 110-моддасига биноан Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланиши қайд этилган. Бундай вазиятлар юзага келганда суд оиладаги вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олади.

Бу мақолани ёзишга ўзим гувоҳи бўлган бир онахоннинг ҳаётий кечинмалари сабаб бўлди. Бозорда харид қилиб юрган етмиш тўрт ёшли онахон бошдан ўтказаётган аламли кунларини сўзлаб берди. Кенжа ўғли келини билан хорижга ишлагани кетганидан сўнг, алоҳида яшаётган катта фарзандлар унинг иссиқ-совуғидан хабар олмай қўйишибди. Онахоннинг эри ҳаётлигида уй-жойни барча фарзандларига тенг тақсимламасдан, фақат кенжа ўғлига бергани фарзандлар орасида низо чиқишига сабаб бўлган экан. Ўртада бечора онахон жабрдийдага айланган...

Мол-мулк, бойлик учун ҳаётдаги энг азиз инсондан воз кечиш, уни меҳр-оқибатсиз қолдириш тўғрими?

Бу ҳақда сиз нима дейсиз, азиз газетхон?..    

 

Луиза МИРЗАЕВА




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔14

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар