Янги иш бошлаш остонасидаги қўрқув ва иккиланишларни енгиб ўтишнинг ўзи биринчи муваффақият дегани.
Қўшнимизнинг ўғли олий таълим муассасасини тамомлаб, анча вақтгача иш излади. Кўнглидагидек жой топилавермагач, тадбиркорликка қўл урди. Аммо ота-онаси унинг банкдан кредит олиш истагини эшитиб, роса қаршилик қилишди. Шунча катта миқдордаги қарзни қандай узасан деб, аввалига йўл беришмади. Аммо излаган имкон топар деганларидек, у ўз қатъияти ва шижоати билан яқинларига мақсадининг нечоғли катта ва пухта эканини тушунтира олди. Кечаю кундуз ҳаракат қилиб, ёшлар учун ажратилаётган имтиёзли кредит асосида чорвачиликни аста-секин йўлга қўйди. Аввалига уч-тўртта қўй сотиб олди, кейин катта ферманинг эгасига айланди. Бугун дастурхонида сут, қатиқ беминнат, қолаверса, оиланинг асосий моддий таъминотчиси ҳам у.
Тўғри, кўпчиликка бу эртакдек туюлиши мумкин. Бу иш унчалик осон эмас дейдиганлар ҳам топилади. Аммо кўп нарса кишининг нияти ва ҳаракатларига боғлиқ эканини ҳеч ким инкор эта олмайди. Мақсад сари катта қадамлар билан одимлаётган бундай ёшларимиз сафи эса кундан-кунга кенгайиб бормоқда.
Юрагида ўти бор, уддабурон ёшларнинг кўплиги жамият ҳаётида ҳам катта бурилишлар ясаши тайин. Аммо уларга янада кенгроқ имкониятлар эшигининг очиб берилиши нур устига аъло нур демакдир. Шу мақсадда қабул қилинган «Ёшлар келажагимиз» Давлат дастури ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга янги имкониятлар эшигини очиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Бугун республикамизнинг барча ҳудудларида бу борадаги ишлар айни авж палласида. Жойларда тузилган ишчи гуруҳ аъзолари маҳаллаларда бўлиб, иш ўрнига эга бўлмаган, тадбиркорлик қилиш истагидаги ёшлар ўртасида ушбу давлат дастурининг мақсадини чуқур тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Қилинаётган ишлар эса ўзининг ижобий натижасини кўрсата бошлади. Биргина Наманган вилояти миқёсида бугунги кунга қадар имтиёзли кредит асосида қирқ нафардан ортиқ ёш ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди, фаолиятини янада кенгайтирди.
— «Ёшлар келажагимиз» Давлат дастуридан кўзланган асосий мақсад ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, кам таъминланганларга қорамол боқиш, паррандачилик, қуёнчилик билан шуғулланишига имконият яратиб бериш, — дейди «Ёшлар келажагимиз» жамғармаси Наманган шаҳар бўлими раҳбари Исломбек ҚУТФИДДИНОВ. — Ҳозирга қадар Наманган вилоятига ажратилган 64 миллиард кредитнинг 10 миллиардга яқини қирқдан ортиқ лойиҳалар учун ажратиб берилди.
Мурожаат қилаётганлар ўз ҳудудининг шароитидан келиб чиқиб турли йўналишларни танлашмоқда. Масалан, шаҳарда тикувчилик, хизмат кўрсатиш, мебель ишлаб чиқариш йўналишларига қизиқиш катта. Туман ҳудудларида эса чорвачилик, замонавий иссиқхона ташкил этиш, паррандачилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш истагидагилар кўпчиликни ташкил этади. Кредитлар имтиёзли, етти фоизли бўлиб, беш йил муддатга берилади. Шундан бир йили имтиёзли давр ҳисобланади. Янги фаолият бошлаш ниятидаги ёшларга кўмак бериш мақсадида бизнес режалар тузишга ёрдам берилмоқда. Имтиёзли кредитга эга бўлиш истагидаги 30 ёшгача бўлган шахслар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши зарур. Ишга оладиган ходимларининг 70 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этиши керак. Албатта, гаров таъминотига эга бўлиши ҳам талаб этилади. Шунингдек, кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафиллик берилади.
Мамлакатимизда бугунги кунда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 17 миллиондан зиёд. 14-30 ёшгача бўлганлар эса 10 миллиондан ортиқни ташкил этади. Бу кўрсаткич мамлакат аҳолисининг 61 фоиздан кўпроғи демакдир. Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, юртимизда ёшларнинг салмоғи анча катта. Шундай экан, уларнинг янгидан-янги ғоялар устида ишлаши, ишлаб чиқаришга муносиб ҳисса қўшиши жуда катта кучга айлана олади. Орамизда яратиб берилган қулай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўяётган ёшларни кўрганда эса кўнгил ёришади. Уларга қараб ҳавасингиз келади.
— Бир ҳафта аввал 150 миллион сўм имтиёзли кредит олдим, — дейди «AMIRXON TEXTIL TRADE» хусусий корхонаси раҳбари Амирхон АКРОМОВ. — Ўзим 2013 йилда Наманган муҳандислик педагогика институтини тамомлаганман. 2016 йил ноябрь ойида илк тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Биз, асосан, эркаклар устки кийимлари тикамиз. Ҳеч бир иш қийинчиликсиз бўлмаганидек, анча синовларни енгиб ўтишга тўғри келди. Мени ҳаётнинг ўзи тадбиркор бўлишга ундади. Мана, ҳозир ишларимиз анча юришиб қолди. Ўн бир нафар ходимни иш билан таъминлаган бўлсак, уларнинг 9 нафарини ёшлар ташкил этади. Бизга берилган имтиёзли кредит асосида яна 10-15 нафар ишчи ўрни яратмоқчиман. Шунга яраша ишлаб чиқариш кўлами ҳам анча кенгаяди. Аслида ҳар бир инсон тадбиркор. Фақатгина бу қобилятни намоён этиш учун яхши ният ва тинимсиз ҳаракат қилиш талаб этилади холос.
Ёшликда шижоат ҳам ўзгача бўлади. Олдинда турган тўсиқлар, қийинчиликларни енгиб ўтиш жуда осондек туюлади. Балки шунинг учунми, бу даврда муваффақият қозониш, янгидан-янги ютуқларни қўлга киритиш имконияти каттадир. Бу изланиш ва машаққатли меҳнат эса бутун жамият ҳаётининг фаровонлигида муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,
«Оила даврасида» мухбири
Экопартия депутати – таълим ҳомийси
🕔14:56, 09.10.2025
✔34
Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида
🕔09:15, 26.09.2025
✔77
Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.
Батафсил
Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови
🕔16:10, 18.09.2025
✔96
Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.
Батафсил