Ўзбекистон – жаҳон чемпионатида!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди
БатафсилТўрт йилликнинг энг нуфузли спорт тадбирига эркаклар бўйича ўн вазн тоифасида 11 боксчимиз лицензияни қўлга киритди.
Янада қувонарлиси, яқинда Хитойда ўтказилган Осиё-Океания Олимпия саралаш мусобақасида ҳамюртимиз Ёдгорой Мирзаева (-51 кг) иккинчи ўринни эгаллаб, Бразилияда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган биринчи боксчи қиз бўлди.
Юртимиз бокси ушбу улкан натижага ўз-ўзидан эришгани йўқ, албатта. Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шерзод ТОШМАТОВ билан суҳбатлашиш асносида, мазкур тарихий воқеа замирида қандай машаққат ва меҳнат мужассамлигини теран ҳис этдик. Пировардида, боксчиларимизнинг Риога тайёргарлик жараёни, ўзбек бокс мактабининг кўпчиликка қизиқ жиҳатлари хусусида билиб олдик.
— Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, айниқса, сўнгги ўн беш йилликда ўзбек бокси янги босқичга кўтарилди, — дейди Шерзод Тошматов. — Дастлаб 2000 йили Муҳаммадқодир Абдуллаев Сиднейдаги Олимпия ўйинларида олтин, Сергей Михайлов эса бронза медалга сазовор бўлганди. Шундан кейин Ўткирбек Ҳайдаров, Баҳодиржон Султонов ҳам олимпия ўйинлари совриндори, Аббос Атоев эса икки карра жаҳон чемпиони бўлди. Элшод Расулов Осиё ўйинлари ғолибига айланди.
Лекин 2015-2016 йилда айнан ўзбек бокси тарихида катта ўзгариш юз берди, десак муболаға бўлмайди. Боиси, ўтган йили Ўзбекистон бокс федерацияси қошида аёллар бўлими ташкил этилди. Натижада, бир ярим мингга яқин қиз уч вазн тоифасида бокс билан мунтазам шуғуллана бошлади. Қизларга олтмишдан ортиқ мутахассис бириктирилиб, Раҳматжон Рўзиохунов аёллар терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди.
Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида аёллар бўлими фаол ишламоқда. Бу ердаги кучли бокс мактаблари қайта тикланди. Ҳозир вилоятларда аёллар ва болалар спортига эътибор янада кучаймоқда. Селекция ишлари жадал суръатларда олиб бориляпти.
— Аёллар бокси бизда илгари ҳам бўлган эмасми?
— Тўғри, қизлар спортига илгаридан эътибор йўқ эмас, аммо мураббий етишмаслиги ёки бокс билан шуғулланиш истагидаги қизларни ушбу спортга етарлича жалб қилинмаганидан бирор юқорироқ натижа бўлмаган. Шунинг учун федерация охирги икки-уч йилда биринчи навбатда, аёлларнинг боксда фаол иштирокини таъминлашга катта эътибор қаратди. Бунинг учун Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Бокс федерацияси барча шароитни яратиб берди. Аёл спортчиларни танлаб олишда уларнинг тайёргарлик машғулотларини Таиландда олиб бордик. Бу қисқа фурсатда ўз мевасини берди. Юртимиз қизлари орасида Ёдгора Мирзаева биринчи бўлиб Олимпия ўйинларида иштирок этадиган бўлди.
Дарвоқе, қолган икки боксчи қизимизда ҳам ҳали Риога бориш имконияти бор. Шу ойда Қозоғистондаги жаҳон чемпионатида Олимпия ўйинларига лицензия берилади. Қизларимиз анча-мунча тажриба орттиргани, бир нечта мусобақалар ҳавосини олгани боиси кўзланган натижани қўлга киритсак, ажабмас.
— Йигитларимизнинг қўлга киритган йўлланмалар сонидан ташқари, бундан олдинги Олимпия ўйинларида иштирок этган боксчилардан яна қандай фарқли жиҳатлари бор?
— Аввало таркиб жуда ёш. Спортчиларимизнинг деярли барчаси 21-22 ёшли чарм қўлқоп усталаридир. Бу ҳам энг катта ютуқларимиздан. Истеъдодларимизнинг тобора ёшариб бораётгани эса мамлакатимизда болалар спортига юксак эътибор самарасидир. Мана, биргина Бектемир Мелиқўзиев 19 ёшида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган. Бу Осиё тарихидаги янги натижа.
— Боксчиларимизнинг Олимпиада олдидан жисмоний тайёргарлиги қандай кечмоқда?
— Жуда яхши. Марат Қурбонов раҳбарлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда катта мураббий Рустам Саидов иштирокида Янгиобод спорт базасида улар билан керакли барча мутахассис иш олиб боради. Ҳордиқ учун етарлича вақт берилади. Бундан ташқари, тайёргарлик машғулотларида бир янгиликка қўл урилди. Боксчиларимиз Кубага борди. Биласиз, Куба — ҳаваскор бокс энг ривожланган давлат. Боксчиларимиз бу ерда тайёргарлик машқлари давомида кубалик чарм қўлқоп усталари билан синов жанглари ўтказди, тажриба алмашди. Бу боксчиларимизга Олимпия ўйинлари олдидан катта маҳорат мактаби бўлди.
Лекин Федерация маъмурияти бу билангина чекланиб қолмайди. Олимпиадагача ҳали вақт бор. Яна хорижда машғулот ўтказиш режалаштирилган. Бунда иқлими Рио-де-Жанейрога мос давлат танланади. Айни пайтда пойтахтда ҳам тайёргарлик машғулотларини бошлаб юбордик.
— Айтинг-чи, ўзбек бокс мактабининг ўзига хос услуби қандай? Унинг бошқа, хусусан, Куба боксидан фарқи нимада?
— Ўзбек бокс мактабининг услуби икки жиҳатга асосланади. Булар — кучли зарба ва тезкорлик. Шу икки «қурол» бир хил ушлаб турилади. Бунинг натижасида боксчиларимиз баъзи жангларда рақибини муддатидан аввал нокаут ёки нокдаунга учратмоқда. Рингда ақл билан иш кўришни талаб этамиз. Дастлабки раундларда рақиб имкониятини ўрганиб, чамалаймиз.
Қолаверса, мураббийлар орасида Олимпиада кўрган боксчи Рустам Саидов бор. У бундай нуфузли мусобақаларнинг паст-баландини яхши билади. Боксчиларга асқотадиган маслаҳатни бера олади.
Кучли боксчиларни тарбиялаган Куба, Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея давлатларида тактика бошқача. Усули ҳар хил. Мисол учун, Куба ёки Филиппинда тезкорлик жуда кучли. Боксчилари жангни тезликка таянган ҳолда қуради. Ютиш учун кучли зарба беролмаслиги мумкин. Аммо тезкорлик ҳисобига керакли очкони ишлаб олади.
— Билишимизча, ҳозир айрим давлат боксчилари бизнинг спортчилар билан тўқнаш келишни истамаётган экан...
— Ҳа, рост. Биргина мисол: Хитойда Олимпия ўйинларининг йўлланмалари учун ўтказилган Осиё ва Океания қўшма лицензия чемпионатида айрим давлат спортчилари ўзбек боксчилари билан рўбарў келишни истамаганини очиқ-ойдин айтди. Буни ҳатто уларнинг мураббийлари ҳам тан олди. Чунки улар жангда иштирок этишга жисмонан тайёр, аммо руҳан ожизроқ эди. Спортчи ҳар қанча кучли бўлмасин, жангга руҳан тайёр турмаса, мағлубиятга учраши муқаррар. Бу жуда муҳим омил, албатта.
Яна бир гап. Биз боксчиларимизга қатъий маънавий талаблар қўямиз. Улар кўчада боксчи эканини унутади. Мушт фақат рингда тугилади. Ёш боксчиларимиз акаларини кўриб, уларга ҳавас қилса, марра бизники.
Айни пайтда спортчиларнинг маънавий ҳордиқ чиқариши учун федерацияда барча шароит яратилган. Меҳмонхонада бадиий китоб дейсизми ё бошқа тарбиявий аҳамиятга эга кўнгилочар воситаларми — ҳаммаси муҳайё. Фақат дам олиб, машқ қилиш керак, холос.
Шаҳобиддин РАСУЛОВ
суҳбатлашди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди
БатафсилСузиш инсонга нима беради? Савол жуда оддий, албатта. Жавобини ҳамма билади: мустаҳкам соғлиқ, спортдаги соврин номи билан айтсак, «олтин» саломатлик. Лекин бу машғулот билан шуғулланиш жараёнида айнан қанча вақтда қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?
БатафсилЎтган якшанба тонгида ўзбекистонлик бокс мухлислари учун океан ортидан ажойиб хушхабар келди.
Батафсил