Бу воқеа мени ҳайратга солди. Куни белгиланган тўй тўхтатилибди. Тўғри, бунинг ҳеч бир ҳайратланарли жойи йўқ.
Аммо тўйни тўхтатиш учун анча жиддий сабаб керак бўлади-да. Бизнинг қаҳрамонларимизда эса...
Мен билан бир олийгоҳда таҳсил олувчи йигит ва қиз оила қуришга қарор қилишганидан хабарим бор эди. Уларнинг оилалари ҳам бир-бирига мос келиб, тўй кунини белгилаб қўйишибди. Икки ёшнинг висол оқшомига саноқли кунлар қолганда қиз ўзининг кутилмаган бир шартини айтиб қолибди. Нима эмиш, тўйда бўлажак келиннинг ёқтирган гуруҳи қўшиқ айтиши керак экан. Мумтоз куйларни тинглаб ўрганган йигитга, табиийки, бу фикр маъқул бўлмаган. Қарашлар хилма-хиллигидан келиб чиққан кичик тортишув катта баҳсга ва ундан кейин яхшигина жанжалга айланган. Вазият шу даражага бориб етганки, бўлғуси келин-куёвнинг оила аъзолари ҳам бу низонинг олдини ололмаган. Хуллас, тўй тўхтатилган, йигит ва қиз эса совуқ муносабат ҳамда салбий фикрлар билан ажрашишган...
Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Муқаддас ва азиз бўлган оилани тўрт-беш дақиқалик қўшиққа алмаштириш — бу фожианинг ўзгинаси эмасми? Оила — бир умрлик, бебаҳо бойлик! Бир йилга ҳам қолмай унутилиб, яна янгиси урф бўладиган ўша айрим қўшиқлар бирор кимга оиладан ҳам кўпроқ фойда келтириши мумкинми?
Воқеани эшитгандан сўнг диққат билан тинглаб кўрсам, ўша қизнинг ёқтирган гуруҳи ижросидаги қўшиқлар савиясининг ўзи алоҳида бир мавзу экан. Маъноли шеър ва ёқимли мусиқа биргаликда жозибадор таронани ҳосил қилса, бу қўшиқлар ҳар иккисидан ҳам бутунлай узоқ эди. Қўшиқнинг шеъридан (агар шеър, деб аташ мумкин бўлса) бирор маъно-мазмун мақсад тополмадим, кўча гаплари жамланмаси, холос. Мусиқаси эса бошга оғриқ беради.
Афсуски, қўшиқнинг савияси қай даражада бўлса, тингловчилариники ҳам шундай, дейишга мажбурмиз. Акс ҳолда, севимли гуруҳи келмагани учун кўнглига ўз тўйи ҳам сиғмаган қизни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди.
Сир эмас, шундай гуруҳларнинг қўшиқларини муккасидан кетиб тинглайдиган нафақат қизлар, йигитлар ҳам талайгина. Ташқаридан қараганда вазият бир юқумли касалликнинг тарқалишига ўхшайди. Одатда касаллик чақирувчи микроблар сувда, ҳавода, ён-атрофимизда бўлади. Улар касаликка қарши курашувчанлиги сустлашган танага кириб олиб, ривожланади ва бошқаларга ҳам юқади. Бутун бошли тўйини тўхтатган «қаҳрамон» қиз ҳам ўз мустақил фикри, дидининг йўқлиги, маънавий билими етарли бўлмагани учун ўша «хаста»ликни юқтириб олганга ўхшайди. Эртага ундан кўриб яна бошқаси: «Агар фалончи артист келмаса, тўй бўлмайди», — деб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Балки тарбиядаги сусткашлик ёки енгил ҳаёт сабабми юз берган, соғлом фикрли одамга хос бўлмаган бундай ҳаракатлар барчани сергаклантиради.
Шаҳноза РАЖАБОВА,
«Оила даврасида» мухбири
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔217
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔254
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔430
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил