Куни кеча мамлакатимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлди: Президентимизнинг 13 майдаги фармони асосида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига асос солинди.
Аслида ҳам ҳар қайси халқ ўз ҳаёт-тафаккур тарзи, миллий ғояси билан дунё айвонига йўл олар экан, аввало, она тилига, ўз адабиётига суянади, шундан куч олади. Зотан, Абдулла Авлоний айтганидек, «миллий тилни йўқотмак — миллатнинг руҳини йўқотмакдур».
Сўз — муқаддас. Дунёнинг ибтидоси-ю интиҳосини сўз, дейишади. Алишер Навоий бежиз «Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин, билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин», демаган. Шу боис ҳам босқинчи ва истилочи кучлар эл-юртимизни ўзига қарам қилмоқчи бўлса, аввало, халқимизни ўз тилидан — миллий руҳи ва ғуруридан айиришга уринган. Халоскор Қаҳрамон майдонга чиқиб, эл-юртимизни озод қилганда эса унинг ривожига кенг йўл очилган. Бунга Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврининг етук намояндаси Алишер Навоий фаолияти яққол мисол. Орадан беш аср ўтиб, Президентимиз Ислом Каримов тарих майдонига чиқди: ҳали тоталитар тузум ўз қиличини қайраб турган мураккаб бир шароитда — 1989 йил 21 октябрда қарийб бир ярим асрлик қарамликдан сўнг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бундай катта маънавий жасорат халқимиз ҳаётидаги янги даврга кенг йўл очди.
Давлатимиз раҳбарининг фармони асосида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилиши эса кейинги йилларда бот-бот таъкидланган ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги аҳамиятини ошириш, соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, аввало, она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантиришга оид ўта долзарб масалаларнинг ҳаётий ечими бўлди.
Янги университет Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда ЎзФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида ташкил этилади. Соҳадаги ушбу таянч олий таълим муассасаси таркибида ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари очилади, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти қамраб олинади. Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи янги университетга берилиб, унинг негизида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил топади.
— Бу фармон ўзбек зиёлиларининг кўп йиллик орзулари рўёби бўлди, — дейди Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти директори ўринбосари Абдуваҳоб МАДВАЛИЕВ. — Фармонда белгиланганидек, ўзбек тилининг асл табиати ва хусусиятларини тўла акс эттирадиган мукаммал академик ва ўқув грамматикаларини яратиш, унинг товушлар тизими ва уларнинг ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш, турли мавзу ва йўналишлар бўйича луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар яратиш бунда муҳим аҳамиятга эга. Айни кунда катта ҳажмда ўзбекча-русча луғат яратиш ишлари бошланди, ўзбек тилининг изоҳли ва имло луғатлари бойитилиб, нашр қилинади. Яна бир муҳим жиҳат: она тилимизнинг интернет орқали халқаро ўрни ва нуфузини ошириш ишлари ҳам кенгаяди. Шу пайтгача давлат адабиёт музейида ўзбек тили ривожини акс эттирувчи экспонатлар йўқ эди, янги музейда бу масалалар ҳам ўз ечимини топади.
— Шу пайтгача тарқоқ бўлган ўзбек тили ва адабиёти вакилларининг яхлит тизимга бирлаштирилиши — миллат қуввати жамланишидан дарак, бу улуғ ишга йўл очган фармон эса шу жиҳати билан тарихий ҳужжатдир, — дейди Тил ва адабиёт институти етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори Шомирза ТУРДИМОВ. — «Мафкуравий бало» келса, аввало, она тили ва адабиёт қалқон бўлади. Энди бу маънавий қалқонни янада мустаҳкамлаш имкони пайдо бўлди. Бунинг асоси эса фундаментал илмдир. Назаримда, бу борада халқаро стандартларга уйғун ўзимизга хос тизимни ишлаб чиқиш пайти келди. Мана, фольклорни олайлик: энг мумтоз, жонли, соф эпослар муаллифи — халқимиз. Чунки ғарб эпослари аллақачон жонли ҳаётдан узилиб бўлган, бизда эса бу жараён бардавом. Демак, эпос назариясининг асоси ўзимизда ва буни четдан олишга эҳтиёж йўқ. Бу борада қисқа, лўнда қомусий луғатлар яратилиши ҳам долзарб масалалардан.
Янги университет — янги адабий муҳит уйи ҳам демак. Мана, яхлит тизим барпо бўляпти, энди амалий курслар сифатида катта ижодкорлар, адабиётшунослар, тилшунослар ва таржимонларнинг маҳорат мактаблари ташкил этилса, ажаб эмас. Янги университет халқимизга соф адабиёт нималиги, инсон ҳаётида унинг ўрнини англатиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Фармонга кўра, 2017 йилнинг 1 августига қадар университетнинг янги бош биноси қурилиб, фойдаланишга топширилади, унинг олдида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади. Университетга хориждан олиб келинадиган компьютер техникаси, махсус асбоб-ускуна ва инвентарлар учун имтиёзлар берилади.
Бу йил янги университетга талабалар қабул қилинади.
Умид ҒАФУРОВ
Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади
🕔11:43, 20.08.2026
✔78
Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди
🕔14:36, 14.08.2026
✔188
Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит софлиги учун масъулият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.
Батафсил
Мустақиллик қиёфаси
🕔14:35, 14.08.2026
✔177
Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!
Батафсил